Ўзбек халқи азалдан болажон халқ. Чақалоқни кўрдикми, бас, суямиз, эркалаймиз, бошимизга кўтарамиз. Ахир болалик – пошшолик, деб шунга айтишади-да. Оналаримиз кўчада қайсидир болакАйнинг йиғлаётганини кўришса, жим ўтиб кета олмайдилар. Оталаримиз набираларини елкаларида кўтариб, ётган жойларида ҳам “Дорбози фалак” (бу ўйин икки киши: ёш бола ва ота ёки бобо ўртасида амалга оширилади. Одатда катта ёшли киши ётган ҳолатда боланинг қорин қисмини ўз оёғига мослайди ва қўлидан маҳкам ушлаб, авайлаб тепага кўтаради. Бола тепага кўтарилаётган пайтда ота томонидан “Дорбози фалак, ўппала” дейилади. Бу сўзлардан кейин бола ҳам беихтиёр қиқирлаб, кулиб юборади) ўйнаб ўтиради.
Ҳа, бу каби одатларимиз бор бўлсин. Бу одатлар, шубҳасиз, халқимизнинг болажон халқ, мехрибон халқ сифатида дунё ҳамжамиятида обрў қозонишида муҳим аҳамият касб этган. Аммо бугун...
Одатда болажонлар гапиришга ҳаракат қилаётган пайтда унга “ота”, “она”, “дада”, “бобо”, “буви”, “ена” сўзлари ўргатилади. Боланинг тили дунёдаги энг гўзал сўзлар билан чиқади. Яъни фарзанд учун ота-онани дунёдаги энг азиз инсон сифатида билсак, ушбу муқаррам сўзлар ҳам сўзларнинг каймоги ҳисобланади. Бироқ баъзи ҳолларда ёш болаларга сўктириш ҳолатларининг гувоҳи бўламиз.
Сўкинишни ўргатаётган “ақллилар” эса ўзимиз. Йўқа ушлайсизки, оила катталариing ўзлари боласига “Ҳа, полвон, бир сўкиб қўйинг”, “Полвоним сўкинишни билади-да, тўғаси”, дейди. Бу ҳаракатлар онг-у шуури эндигина шаклланаётган, дунёнинг рангларини танийотган ва барча нарсани яхши деб ўйлайдиган гўдакнинг маънавий оламини захарлаш эмасми? “Шуми бизнинг болажонлигимиз? Шуми ёшларга ибратимиз? Шуми маънавиятга муносабатимиз? Шуми асрлар давомида шаклланган ахлоқий тарбиямиз? Бу каби гаплар ҳазил ўрнида айтилади-ку”, деб ўзимизни оқлаймиз. Аммо тарбия масаласида ҳазил қилишга хеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Сабаби, эртамизнинг қандайлиги, биз сўкинишни ўргатаётган болаларимизга бугун берилаётган тарбияга, дастлабки қадамга боғлиқдир.
Халқимизда фарзанд дунёга келса, “боланинг қадоми қутлуг‘ келсин”, деб, ўғил уйлантирилса, “келиннинг қадоми қутлуг‘ келсин”, деб бир қатор урф-одатлар амалга оширилади. Нега энди фарзанд туғилганда қутлуг‘ ниятлар билан қилинган урф-одатлар унинг тили чиқаётган пайтда ёки энди-энди гапираётган пайтда биз юқорида келтирган салбий одатларга айланиб қолади? Ахир хайрли ишлар бардавом бўлиши керак эмасми? Албатта, бардавом бўлиши керак. Аммо бу ишни биз қилишимиз керак-да, қадрдон. Бу масалага шунчаки эътиборсизлик билан ёндашиб бўлмайди. Ахир гап фарзандлар тарбияси, болалар камолоти ҳақида кетмоқда. Қани энди айтиб-чи, тили эзгу ва гўзал сўзлар билан эмас, сўзларнинг энг хунуғи, инсонни энг пастки тоифада кўрсатувчилар билан чиққан болакай келгусида ким бўлиб етишади? Хўш, у ана шундай муҳитда катта бўлди дейлик, сўнгра ўзи муҳит яратадиган ёшга етди, дейлик. Кейин нима бўлади?
Болалигидан “ўзидан катталарни сўкиш мумкин экан, мен сўксам, атрофдагилар хурсанд бўлар экан, уларга бу сўзлар ёқар экан”, деб ўсган бола эртага ёнидагилардан ҳам шуни талаб қилади. Энг ёмони – у атрофдагилар бу сўзларимни эшитишга ва бундан хурсанд бўлишга мажбур, деган қолипни ўзи учун шакллантириб олади.
Мана шу зайлда жамиятга яна бир носоғлом, атрофдагиларнинг фикри билан ҳисоблашмайдиган, ёнидагиларнинг туйғуларини топтадиган аъзо кириб келади. Хўш, бундай аъзодан кимга не наф? Наф йўқ бўлса, нега болаларни болалигидан сўкишга ўргатяпмиз? Нега ота-боболаримиз асрлар давомида шакллантирган қадриятларни оёқости қиляпмиз? Нега ўзимизни кўрсатиш учун болалардан, уларнинг эндигина шаклланаётган тилларидан қўрол сифатида фойдаланяпмиз?
Нега болалардан болалигини ўғирлаяпмиз?
Тўғри, бу масала ҳаммага тегишли эмас, бизнинг оилада бошқача, дейишингиз мумкин. Аммо бу масала ҳаммамизга, менга ҳам, сизга ҳам, унга ҳам тегишлидир. Сабаби, боланинг бегонаси йўқ. Дунёда ўзбекка-ўзбек умуман барча миллат бир-бирига бегона эмасдир.
Сиз нима дейсиз, замондош?
“БИТТА СЎКИБ ҚЎЙ…”
Chop etilgan
17 July, 2026
14
Тегlar::