Абитуриентлар учун қулайликлар яратилмоқда

Документы в вузы будут принимать через сайт ГЦТ – Газета.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳузурида 2020 йил 30 апрель куни “Карантин шароитида таълим жараёнларини ташкил этиш ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб масалалар”га бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган эди.

Мазкур йиғилишда, Давлатимиз раҳбари томонидан Давлат тест марказига, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда бу йилги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларини соддалаштирилган ҳолда ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Давлат тест маркази томонидан 2020-2021 ўқув йили учун ўтказиладиган тест синовларида тест топшириқларини соддалаштириш, абитуриентларга енгиллик ва қулайликлар яратиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2020-2021-ўқув йилида абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн режимда амалга оширилади. Бунда, абитуриентларга уйидан чиқмаган ҳолда мобиль телефон (компьютер)лари ёрдамида рўйхатдан ўтиши имконияти яратилади.

Шунингдек, 2020-2021-ўқув йили учун ўтказиладиган олий таълим муассасаларининг бакалавриатига кириш тест синовларида тест топшириқлари бўйича қуйидаги ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

          Тест топшириқларини соддалаштириш бўйича:

Тест топшириқлари соддалаштирилади деганда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул имтиҳонларида фақат содда тестлардан фойдаланилади, деб тушунмаслик керак.

Умумтаълим фанларидан тест топшириқлари 3 та қийинлик даражасида шакллантирилади. Бунда биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлар ишланиши, бажарилиши осон бўлган тест топшириқлари ҳисобланади. Aввалги йилларда ўтказилган тест синовларида фанлардан                6 тагача биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари берилар еди. Жорий йилда эса ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони ўртача 10 тагача етказилмоқда.

Абитуриентлар тест топшириқларини мантиқий фикрлаб, тезда тушунишлари учун жорий йилда тарих, география фанлари каби чет тили (инглиз, немис, француз) фанларидан ҳам расмли тест топшириқлари шакллантирилмоқда.

Шунингдек, биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилмоқда.

Она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ) ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпайтирилиб, абитуриентларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш мақсадида матнли тестлар, яъни матн устида ишлаш билан боғлиқ бўлган тест топшириқлари тузилмоқда.

Матнли тест топшириқларида матн таркибидаги сўзларнинг тўғри қўлланганлигини ва гапларнинг тўғри шакллантирилганлигини аниқлаш, матндаги сўзларнинг маъноларини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушуниш талаб етилади.

Кимё фанидан назарий тест топшириқлар сони оширилади ва лаборатория ишларига оид тест топшириқлари тузилмоқда.

Физика фанидан ҳам назарий тест топшириқлар сони оширилган ҳолда биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони 6 тадан 10 тагача кўпайтирилмоқда.

Шунингдек, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида “Доимий физик катталиклар жадвали” ишлаб чиқилди ва у “Кимёвий элементлар даврий системаси” каби тест синови топшириш жараёнида абитуриентларга тақдим этилади.

Шу билан биргаликда, абитуриентларни қийнаб қўймаслик мақсадида фақат 2020-2021-ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу 2 та мутахассислик фанлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 19 декабрдаги 11-сон баёни билан тасдиқланиб, кенг жамоатчиликка эълон қилинган эди.

Мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 650-700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда бир марталик тиббий ниқоб ва резина қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади.

Ҳар бир абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфексия қилинади. Буларнинг барчаси тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.

Юқоридагиларнинг барчаси пандемия даврида Давлат тест маркази томонидан абитуриентлар учун қулайлик ва енгиллик яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Умид Абдуллаев,
ДТМ Сирдарё вилояти бўлими
етакчи мутахассиси


You may also like...

Fikr bildirish