ЁШ ДЕПУТАТНИНГ ИБРАТИ

O’zLiDeP Cирдарё туман Кенгаши депутати Дилафрўз Жўраева сардобаликларнинг  бирига сингил, бирига опа, яна бирига эса ўз қизларидек қадрдон бўлиб қолди…

“Сардоба” сув омборидан талофат кўрган 100 нафар аҳоли Сирдарё туманининг “Ишонч”, “Хазина”, “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларга жойлаштирилган. Дилафрўз ана шу cув тошқинидан жабр кўрган 100 нафар аҳолининг холидан хабар олди

Юртдошларимиз ҳузурида бўлган депутат  улар билан суҳбатлашди, уларнинг ташвишлари, муаммоларини ўрганди. Аҳолига  ўзи билан олиб келган кундалик уй-рўзгор учун зарур бўлган  буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.

– Оғир кунларда юртдошларимизга суянчиқ ва мададкор бўлиб, бир ёқадан бош чиқарсак ҳар қандай синовли кунларни енгиб ўтишга қодир буюк халқмиз, дейди Дилафрўз Жўраева. – Бугунги рўзаи рамазон кунлари, хайит арафаси кунларида муҳтожлар, бошига оғир кунлар тушган инсонлар холидан хабар олиш, уларга ёрдам кўрсатиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Д.Жўраева нафақат тумандаги, балки вилоятимиздаги энг ёш депутатлардан бири ҳисобланади. Лекин шунга қарамай у Сардоба сув тошқини юз берган дастлабки кунданоқ офатдан азият чеккан юртдошларимизга кўмак бериш, уларга барча зарур уй-рўзғор анжомлари, кўрпа-тўшаклар, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериб туриш, тинмай улар холидан хабар олишни, айрим муаммоларини ҳал қилиб беришда кўмаклашишни канда қилмаяпти.

Бир сўз билан айтганда Дилафрўз  сирдарёдаги сардобаликларнинг бирига сингил, бирига опа яна бирига эса ўз қизларидек қадрдон бўлиб қолди.

                                                                             Дилором Эсонова,

                                           O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

You may also like...

Fikr bildirish