Сардобалик Камолага докторлик дипломи топширилди

20 май 202073Сардоба сув омбори ўпирилиши натижасида юзага келган талафотда барча Сардобаликлар қатори Камола Аброрхонованинг оиласи ҳам катта талофат кўрди. Сардоба сув омбори талафотларини бартараф этиш учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев тўрт марта Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

2020-йил 15-май куни Мирзаобод туманида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жабрланган аҳоли билан бўлган суҳбатида Камола ҳам иштирок этиб, ўз фикр мулоҳазалари билан қатнашди. Бу ҳақда “Юз.уз” сайти хабар берди.

3-босқич докторанти Камола “Бошланғич синф ўқувчиларини инновацион ёндашув асосида миллий руҳда тарбиялашнинг педагогик асосларини такомиллаштириш” мавзусидаги илмий тадқиқотини якунлаганлигини айтиб ўтди.

Президентимиз Камоланинг илмий изларишларини инобатга олиб истисно тариқасида унга докторлик унвонини берилишини таъкидлади.

Гулистон давлат университети кичик мажлислар залида Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Навбаҳор” қишлоғида туғилган Камола Аброрхоновага докторлик дипломини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Гулистон давлат университети профессори Р.Маҳмудов кириш сўзи билан очди.

Камола Аброрхонова Гулистон шаҳридаги 2-педагогика коллежида ўқиган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети “Бошланғич таълим” йўналиши бўйича магистратурада ва докторантурада таълим олган.

У ижодий фаоллиги ва илмий изланишлари натижасида 2014 йил Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлган.

Тадбирда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш аъзолари масофадан туриб иштирок этди. Диссертант ўз тадқиқотлари натижасини Гулистон давлат университетидан туриб баён қилди.

Ҳимояга оид барча жараёнлар рақамли технологиялар асосида ташкил этилди.

Диплом топшириш маросимида профессор ва ўқитувчилар сўзга чиқиб, К.Аброрхонованинг докторлик ишини юқори баҳолади.

Ўзбекистон Репсубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси Аҳмедбек Юсупов докторант Камола Аброрхоновага тантанали равишда фан докторлиги дипломини топширди.

– Бу ёш олимамизнинг илмий иши умумий ўрта таълим стандартларига тўлиқ жорий этилади, деди Ўзбекистон Репсубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси Аҳмедбек Юсупов. – Яна бир муҳим жиҳати мамлакатимизда илк бор Президентимиз ташаббуси билан тарбия фанлари жорий этилди. Ҳозир амалиётган жорий қилинадиган 1-4 синфлар учун тарбия фанида бу олимамизнинг илмий ишлари тўлиқ тадбиқ этилади.

– Мирзаобод туманидаги мактабда таҳсил олган бу қизимиз докторлик диссертациясини онлайн шаклда ҳимоя қилгани илм-фан соҳасидаги яна бир муҳим янгилик бўлди, – деди Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов. – Бу Президентимиз томонидан яратилган шароит ва илм-фан соҳасига берилган эътииборнинг яна бир юксак намунасидир.

– Бу эътибоф қизимнинг қилган меҳнатларининг амалий натижасидир, – деди Камоланинг онаси Тамара Яҳёхонова. – Бошимизга келган табиий офатлар давлатимиз томонидан бартараф этилаётган айни кунларда қизимнинг эришган ютуқлари нафақат мени, балки, бутун илмий изланиш олиб бораётган оналарнинг ютуғи деб ҳисоблайман.

– Очиғини айтсам бугунги кун мен учун ҳақиқий байрам бўлди, – дейди Камола Аброрхонова. – Чунки бу кутилмаган воқеа ҳаётимда янги саҳифани очиб берди. Юртбошимизнинг олим сифатида олималарга яратаётган имкониятлари биз учун катта бахт. Бу мукофот мени келажакда янада чуқурроқ изланишга, илм-фанда янгиликлар қилишга ундайди.  

Камола илм фан ривожига, ёшларга катта ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга, илмий раҳбарига, пандемия шароитга қарамасдан тадбирга етиб келиб унда иштирок этган профессор-ўқитувчиларга, Мирзаобод туманидаги 17-сонли умумтаълим мактаби, Гулистон шаҳридаги 2-сонли педагогика коллежи жамоасига ўзининг самимий миннатдорлигини билдирди.

Йигирма саккиз ёшли янги фан докторига вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари ҳамда гул дасталар тақдим қилинди.

You may also like...

Fikr bildirish