Тадбиркорнинг ҳаражати қопланмоқда

Ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида 400 дан зиёд хўжалик юритувчи субъектлар онлайн назорат касса машиналари хизматидан фойдаланмоқда.

Эътиборлиси, онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектларида сотувчиларнинг иши анча осонлашган.

– Биз корхонамизда жорий йилдан бошлаб онлайн назорат касса машиналари хизматидан фойдаланаяпмиз дейди, – Бахт шаҳридаги “ROMASHKA PLYUS” МЧЖ бош ҳисобчиси Ўринбой Умеров. – Ушбу қурилма ишимизни анча енгиллаштирди. Бундан ташқари, онлайн назорат касса машиналари ўрнатилиши билан боғлиқ харажатларнинг барчаси солиқлар ҳисобидан чегиришилиши бу қурилманинг бизга бепул ўрнатилаётганини билдиради. Биз ҳам имкониятдан фойдаланиб айланмадан олинадиган солиқдан 2 миллион сўмдан зиёд маблағни чегириб қолдик.

Кези келганда айтиш жоизки, ушбу тартиб давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоб тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий қилинган эди.

Фармонга мувофиқ, виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми тадбиркорлик субъектларига Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлардан ҳимоя қилиш мақсадида, 2021 йил 1 январгача ҳар бир касса учун онлайн назорат-касса машиналарини жорий этиш билан боғлиқ харажатлари уларнинг кейинги солиқ тўлови ҳисобидан, бироқ базавий ҳисоблаш 10 барваридан ошмаган миқдорда камайтирилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2022 йилдан тадбиркорлик субъектлари аҳолидан нақд пул олишда тўлиқ онлайн назорат-касса аппаратлари ва виртуал кассалардан фойдаланишга ўтади.

Аҳамиятли томони солиқ тизимида амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар энг аввало тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилгандир.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

матбуот хизмати

You may also like...

Fikr bildirish