Адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлайлик

@huquqiytargibotMay 19, 2020

Боёвут туман адлия бўлими

        Ҳар бир инсон ҳаёт кечиришидан асосий мақсадлардан бири фарзандлар кўриш ҳамда ақлан ва маънан соғлом авлод қолдиришга ҳаракат қилиши ҳаммамизга маълум. Ушбу йўлда эса ҳар бир инсон ота-онасидан, устозларидан ва яқинларидан олган аҳлоқ ва тарбиясига асосан иш юритиши ва келажак авлодини тарбиялашга ҳаракат қилади.

      Ҳар бир ота-она фарзандининг комил инсон бўлиши учун барча имкониятларни сарфлашга ҳаракат қилади. Фарзандим ўқисин, бирор касб эгаси бўлиб, жамиятга фойдаси тегувчи мутахассис бўлсин, дея ният қилади.

Раҳматли отам Исмоилов Халил Душаевич 50 йилдан ортиқ ўқитувчилик касбида ишлаб, 3 нафар фарзандни вояга етказди. Жамиятимиздаги коррупцияга нисбатан муросасиз курашиш мақсадида барчамизни ҳуқуқшунослик олий даргоҳларида ўқитди.

Отам доимо “жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишликни, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этсагина, коррупцияга қарши курашиш мумкин. Ҳар бир фуқаро қаерда, қандай муаммога дуч келса ҳам, унинг ҳал этишда масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда пора бермасликни, аксинча индамай кетавермасдан бунга қарши курашиши керак” дер эдилар.

Шу ўринда акам айтиб берган бир воқеа эсга тушди. Акамнинг бир курсдоши юридик институтга киришдан олдин тиббиёт техникумини тамомлаган, табиийки укол қилишни ўрганган, ўрта тиббиёт мутахассиси (медбрат) экан, лекин доимо бир гапни такрор такрор айтаркан. Мен тиббиёт техникумини пул билан тамомлаганим сабабли ота-онам менга укол қилдиришга қўрқишади, ўзим ҳам инсонларни ўлдириб қуйишдан қўрқаман, олган дипломимни сандиққа солиб қуйганман, дер экан.

Кейинги вақтда оқ халат кийиб, инсонлар саломатлиги учун посбон бўлишдек касбига фидойи инсонлар орасида нопок нафсига қул бўлган “тиббиёт посбонлари”, ҳуқуқшунослар, давлат ташкилотлари раҳбарлари ҳам учраб турибди. Инсонни йўлдан урадиган унинг нафси. Халқимиз “Нафсим мани балодур, ёнар ўтга соладур” – дея бекорга айтмаган.

Президентимиз Ш.Мирзиёев таклифи билан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Жамоатчилик палатаси ташкил этилганлиги республикамизни ҳуқуқий демократик йулдан кетаётганлигининг яққол исботидир.

Жамоатчилик палатаси аҳоли фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориши, уларнинг ечимини топиш бўйича “Жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик мониторинги”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик ташаббуси” каби таъсирчан назорат шаклларини ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.

Эътироф этиш жоизки, адлия вазири Р.Давлетов бошчилигида адлия органлари тизимида коррупцияга қарши муросасиз уруш эълон қилинган. Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлими ташкил этилди, адлия бошқармалари, нотариал идоралар, давлат хизматлари марказлари, юридик таълим муассасаларидаги коррупция кўриниши ҳақидаги маълумотларни телеграмдаги @antikorbot боти орқали ёки вазирлик расмий веб-сайтидаги махсус платформа орқали юбориш имконияти яратилди.

Юборилган хабарлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда мурожаат қилувчининг шахси қатъий сир сақланиши кафолатланади.

Мен ҳам коррупцияга қарши курашаётган адлия ходими эканлигимдан фахрланаман.

 Абдуманнон Исмоилов,

 Боёвут туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

You may also like...

Fikr bildirish