Пора бериб дипломни олган ҳамшира муолажа қилишини истармидингиз?

Янгиер шаҳар адлия бўлими

 Инсоннинг ҳаёт кечириши, жамиятдаги ўрни, ҳатти-харакатлари албатта атрофдаги кишиларга ҳам боғлиқ. Бир хатони қилиб, сўнгра пушаймон бўлиш кўпчиликни ажаблантиради. “Сўнги пушаймон эса, ўзинга душман” – дейди доно халқимиз. Қилғилиқни қилиб, хатосини тан олмаганлар эса ўз виждони олдида жавоб беришга асло шубҳа йўқ. Лекин, жамият ва қонун олдида жавоб беришга ҳам мажбурдирлар.

         Хом сут эмган банда хатога йўл қўяди. Ундан хулоса чиқаришга келганда эса…

         Тўрт нафар фарзанднинг отаси, ёши улуғ педагогнинг қилган жиноятини эшитиб ёқа ушлайсиз.

         Ҳар бир ота-она фарзандининг комил инсон бўлиши учун барча имкониятларни сарфлашга ҳаракат қилади. Фарзандим ўқисин, бирор касб эгаси бўлиб, жамиятга фойдаси тегувчи мутахассис бўлсин дея ният қилади.

         Азизанинг ота-онаси ҳам фарзандининг ҳамшира бўлиб, оқ халат кийиб, инсонлар саломатлиги учун посбон бўлишини ният қилар эди. Аммо, инсон саломатлигини асраш жуда катта фидоийлик ва масъулиятни талаб қилишини ўйлаб ҳам кўришмади. Азизанинг ўқиб, илм олиб, машаққат эвазига ҳамширалик касбини эгаллашига ва интилишига тиббиёт коллежи ўқитувчиси Абдураҳим ака кабиларнинг ноинсофлиги халал беради. “150 АҚШ доллари эвазига дипломлик бўлишинг мумкин” дея унинг ишончига киришга ҳаракат қилди. Бундан Азиза бироз ажабланди. Абдураҳим ака бир неча бор “пулинг бўлса чангалда шўрва” – дея уни фикрини чалғита бошлади. Албатта, инсоннинг йўлдан урадиган унинг нафси. Бекорга халқимиз “Нафсим мани балодур, ёнар ўтга соладур” – дея айтмаган.

         Нафсининг қулига айланиб, 150 АҚШ доллари эвазига тиббиёт ҳамшираси дипломини олиб беришни ваъда қилган “устоз”нинг жиноят устида қўлга тушганлиги ачинарли ҳолатда.

         Суднинг қора курсисида ўтирган Абдураҳим акага ўхшаган “педагог” номига доғ тушурувчилар афсуски, оз бўлса ҳам орамизда учраб турибди.

         Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар судида Абдураҳим Қурбоновга (исм, шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноий иш кўриб чиқилди. Фирибгарлик йўли билан олинган 150 АҚШ доллари унинг хаётини шунчалик ўзгартириб юбордики, ўзининг қилган ишидан пушаймонлигини бир неча бор судга таъкидлади. Тўғри жиноятга жазо муқаррар.

         Шу ўринда, бир ҳолатга эътибор берсак, жамиятимиздаги жирканч иллат, пора олиш ва беришни ким содир этмоқда? Ўқимишли, тўрт нафар фарзанднинг отаси, жиноятни тушуниш учун ҳаётнинг тажрибаси етарли бўлган бу шахснинг ҳатти-харакатига атрофдагилар жимгина кузатувчи бўлиб турган бўлса. Наҳотки бирор киши “Тўхта! Ҳаромдан топган пулни фарзандларингнинг луқмасига айлантирасанми?” – демаса.

         Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади. Азиза ҳам ўз устида ишлаб, ўқиб, билмаганларини ўрганиб, машаққат чекиши эвазига ўқишга киришга ҳаракат қилмоғи лозим эди. Афсуски, осон йўл билан дипломли бўлмоқчи бўлди. Аммо, инсоннинг саломатлигига етказилган зарар ва хавф-хатар ҳақида жиддий ўйлаб кўрмади. Инсоннинг саломатлиги ва ҳаёти хамма нарсадан устунлигини тушуниб етиши учун албатта бирор фожеа содир бўлмасдан, ақлини йиғиб олмоғи зарур эди.

Тўғри ҳамшира дипломини ололмас, аммо бошқа касб эгаси бўлиб, тирикчилик қилса виждони олдида ҳам, жамият олдида ҳам юзи ёруғ бўлар эди.

        Хуллас, ҳаётнинг биз билмаган сирли жумбоқлари талайгина. Бир баҳонаи сабаб бўлиб, Абдураҳим аканинг дипломини олган Азизадан муолажа олишини бир тасаввур қилиб кўрингчи?

         Сотиб олинган диплом билан ҳамширалик қилган Азиза кабилар қўлида қанча инсонлар хаёти гаров тариқасида туриши барчамизга албатта дарс бўлмоғи лозим. Жиноят қилган жазосини олади, жиноятни содир этишда атрофдагиларнинг бепарволиги ҳам жиноят эканлигини вижонимиз олдида оқлай оламизми. Инсон ўзини англаши учун фикрлаш, мулохаза юритмоғи лозим. Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, уни атрофдаги муҳит етиштиради. Агар жиноятни олдини олишда Сиз ва биз, барчамиз ҳаракат қилмасак жамият олдидаги бурчимизни унутиб қўйган бўламиз. Зеро ҳалоллик инсон ҳаёти учун энг зарур омилдир.

 Ўтган йилнинг 27 май куни Президентимиз  Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилган бўлиб, унда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда  белгиланган бўлиб, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга оширилиши бошланди.

Жорий  йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Айтиш жоизки, адлия органлари тизимида коррупцияга қарши муросасиз уруш эълон қилинган.

Жорий йилнинг октябр ойидан тизимда коррупцияга қарши курашишнинг “комплеанс назорат” тизими жорий этилди. Дунёнинг етакчи KPMG компанияси билан ҳамкорликда махсус лойиҳа ишга туширилди. Сингапур, Франция, АҚШ, Германия, Қозоғистон, Белоруссия каби ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Бунда, Адлия вазирлиги тизимидаги шу жумладан, адлия бошқармалари, нотариал идоралар, давлат хизматлари марказлари, юридик таълим муассасаларидаги коррупция кўриниши ҳақидаги маълумотларни телеграмдаги @antikorbot боти орқали ёки вазирлик расмий веб-сайтидаги махсус платформа орқали юбориш мумкин.

Юборилган хабарлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда мурожаат қилувчининг шахси қатъий сир сақланиши кафолатланади.

Ихтиёр Қаюмов,

Янгиер шаҳар адлия бўлими бошлиғи

You may also like...

Fikr bildirish