Коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил орган. Хориж тажрибаси

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Коррупция жамият ва иқтисодиёт ривожи, тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан биридир. Маълумотларга кўра, бу иллат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,6 триллион доллар зарар келтиради.

Мамлакатимиз ҳам мазкур муаммодан халос бўлмаган. Дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International халқаро ташкилоти индексида Ўзбекистон охирги уч йилда 12 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали бу иллат барҳам топмаган. 

Таҳлилларга кўра, биргина соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳаражатларнинг 25-30 фоизи самарасиз сарфланмоқда. Кўплаб соҳаларда давлат харидларини амалга ошириш тизими очиқ-ошкора эмас.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган ҳамда парламент ва Президентга ҳисоб берадиган алоҳида орган тузишни таклиф қилган эди.

Шунингдек, ушбу мустақил органни ташкил этиш юзасидан 2020 йил 1 майга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қадар ишлаб чиқилиши ҳақида “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”да ҳам белгиланди.

         Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йилнинг 11 май куни бўлиб ўтган  тўртинчи ялпи мажлисида Республика бош прокурори Н.Йўлдошев берган маълумотга кўра, ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасига асосан, мамлакатимизда ташкил этиладиган Коррупцияга қарши кураш агентлиги мустақил ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи мақомида бўлади. У парламент аъзолари, президент админстрацияси, ҳукумат аъзолари ва бошқа мансабдор шахслар ишини ҳам ўрганади. Маиший коррупциядан элитар коррупцияни ўрганиш даражасига чиқилади.

Янги тузилмага мамлакатда коррупцияга қарши курашни мувофиқлаштириш топширилади.

Агентлик олдидаги асосий вазифалардан бири – коррупцион қонунбузарликларга олиб борувчи шароитларни доимий таҳлил қилиш ва коррупцион хатарларни мониторинг қилишдан иборат бўлади. Адлия вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси бўйича ваколатларининг янги агентликка берилиши кутилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тизимини жорий этиш ишлари агентлик зиммасига юклатилганлиги маълум қилинди.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил органлар ташкил этилганлигини дунё тажрибасида ҳам кўришимиз мумкин.

Хусусан, Сингапур, Корея Республикаси, Ҳиндистон каби давлатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият кўрсатувчи алоҳида ихтисослаштирилган органлар ташкил этишда катта тажрибага эгалар.

Сингапурда доимий фаолият кўрсатувчи ихтисослаштирилган орган – сиёсий ва функционал мустақилликка эга бўлган Коррупция ҳолатларини қидириш бюроси (ингл. Corrupt Practices Investigation Bureau) 1952 йилда ташкил этилган бўлиб, коррупцияга қарши курашишда муҳим бўғин ҳисобланади. Ушбу мустақил орган Сингапур иқтисодиётининг давлат ва хусусий секторларида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўради, бунда мансабдор шахсларга берилган ҳар қандай шаклдаги “мукофот ёки совға” коррупция сифатида қаралади.

Бюро мансабдор шахслар орасида суиистеъмолчилик ҳолатларини текширади ҳамда улар ҳақида тегишли органларга жавобгарлик чораларини кўриб чиқиш учун хабар беради.

Бюро бошқарув тизимидаги эҳтимолий камчиликларни аниқлаш мақсадида коррупция ҳолатларига йўл қўйиши мумкин бўлган давлат органларининг иш усулларини ўрганиб, таҳлил қилиб боради.

Ушбу давлат органлари фаолиятида аниқланган камчиликлар коррупция ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилинган тақдирда, Бюро мазкур идоралар раҳбарларига тегишли чораларни кўриш ҳақида тавсиялар беради.

Корея Республикасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил комиссия (ингл. Anti-Corruption and Civil Rights Comission) фақат Президент олдида ҳисобдор ҳисобланади, ушбу комиссия мамлакатда антикоррупцион сиёсатни мувофиқлаштиради, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш билан шуғулланади, коррупциявий хавф-хатарлардан хабардор этиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади, антикоррупцион дастурларнинг амалга оширилиши ююзасидан даврий ҳисоботлар тақдим этади ҳамда бошқа бир қатор вазифаларни бажаради.

Ҳиндистонда 1964 йилдан буён Огоҳлик марказий қўмитаси (ингл. Central Vigilance Comission, CVC) сиёсий коррупцияга қарши курашиш билан шуғулланиб келади. Мазкур орган ҳукумат муассасалари томонидан коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органлари Европа давлатларида ҳам мавжуд. Масалан, Финландияда коррупцияга қарши курашиш билан президент томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда бошқа давлат органларидан мустақил бўлган Адлия омбудсмани (фин. Justice-Ombudsman) шуғулланади.

Шу каби, Францияда Коррупциянинг олдини олиш марказий хизмати (фр. Service central de prevention de la corruption, SCPC), Руминияда Миллий антикоррупцион директорат (ингл. National Anti-Corruption Directorate), хизмати, Латвияда Коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бюроси, Литвада Махсус тергов хизмати, Украинада Миллий антикоррупцион бюро коррупцияга қарши фаол кураш олиб боришади.

Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши қатъий курашадиган мустақил органнинг ташкил этилиши коррупция иллатининг турли кўринишларига барҳам беришда муҳим аҳамият касб этади ҳамда бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янада самарали бўлишига хизмат қилади.

Зеро, Президентимиз Ш. Мирзиёев таъбири билан айтганда, биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.

Элдор Маҳкамов,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосари

You may also like...

Fikr bildirish