Гулистонлик фирибгар машинафурушнинг найранглари фош этилди

  1988 йилда Гулистон шаҳрида туғилган Беркин Отаев (исм-шарифи ўзгартирилган) 30 ёшга кирмасдан туриб, ЖИБ Гулистон шаҳар судининг 2017 йил 16 августдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 70-моддаси қўлланилиб, жазодан озод қилинган эди. Жазодан озод қилинган куннинг эртасига Б.Отаев синфдошлари З.Мансуров ва Ш.Ҳалимовлар билан учрашиб автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланиш юзасидан ўзаро шерикчиликка асосланган келишувга эришди.
Отаев илгаритдан автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланганлиги, бозордаги автомашиналарнинг аҳволи, нархини яхши билганлиги боис, у бозордан автомашина сотиб олиб, кейин қимматроқ нархда сотадиган, ўзида пул маблағи йўқлиги сабабли синфдошлари З.Мансуров ва Ш.Ҳалимовлар сотиб олинажак машиналарга пул бериб турадиган, фойдаси ўртада тенг тақсимланадиган шартга келишдилар. Бир йил давомида бир нечта автомашиналар сотиб олишиб, уларни қимматроқ нархларда сотиб юрдилар ҳам.
Б.Отаев топаётган пулидан қониқмадими, бир йил олдин фирибгарлик жиноятини содир этиб, жазодан озод этилгани ҳам эсидан чиқиб, кўнглида яна аблаҳлик туйғуси “уйғонди”. Синфдошларининг ишончига кирган Б.Отаев уларга жуда катта фойда келтирадиган иш топганлигини, газ қуйиш шохобчасини сотиб олиш юзасидан режалари борлигини, бунинг учун Халқ банкидан катта миқдорда кредит расмийлаштиришини, ушбу автомобилларга газ қуйиш шохобчаси учун катта миқдорда пул кераклигини таъкидлаб, синфдошларидан 183 миллион сўм пул маблағини қўлга киритиб, ўз кўнглидаги ғаразли “иш”ларини бошлаб юборди.
Туллак машинафуруш Гулистон, Жиззах, Тошкент шаҳарларида автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланиб юрувчи бир неча ўнлаб, аввалдан ўзига таниш бўлган фуқароларни чув туширди. Қандай қилиб дейсизми? Мана бундай!
Ҳурматли муштарийларимизни қимматли вақтини олмаслик учун 50 бетлик суд ҳукмидаги барча жабрланган фуқаролар ҳақида сўз юритиб ўтирмай, гапнинг индаллосини қисқароқ кўринишда келтирдик.
Хуллас, Б.Отаев ўзига илгаритдан таниш бўлган автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланувчи одамга қўнғироқ қилиб, “сотиладиган қанақа машинангиз бор ва нархи неча пул” деб сўрайди. Машина эгаси “ласетти бор, нархи 11.000 АҚШ доллари” дейди. Б.Отаев “мен сизга 5.000 АҚШ доллари бераман, қолган 6.000 АҚШ долларини икки ёки уч ойда бўлиб-бўлиб бераман” деб, машинани қўлга киритади ва уни бозорда тезроқ сотилиши учун 8.000 ёки 9.000 АҚШ долларига сотиб юбориб, сотиб олганга “ҳужжатини икки-уч ойда расмийлаштириб бераман” деб айтади.
Бозордан 2.000-3.000 АҚШ долларига арзон машина олган харидор икки-уч ой ҳам ўтадику дея унинг шартига рози бўлади. Шундай қилиб, Б.Отаев бир йил ичида ўнлаб одамларга шу тариқа машина сотиб, пулларни ўз жиғилдонига уради. Каптива, ласетти, кобальт, нексия-1, нексия-2, матиз, тико русумли автомашиналар, сотиб олган эгасига қачон расмийлаштиришини кутиб, ҳужжатсиз тайинли бирор жойга юролмай, ҳовлиларда “ТУРСУНБОЙ” бўлди. Кутавериб тоқатлари тоқ бўлган машина сотганлар ҳам, олганлар ҳам Беркинбойни “ҳа” деганда “думини” тутолмагач, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилдилар. ЖИБ Гулистон шаҳар суди ҳайъати 1-1201-1903/70-сонли жиноят ишини синчиклаб кўриб чиқиб, судланувчи Б.Отаевни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этилганликда айбли деб топди. Суд Б.Отаев иши бўйича барча жабрланувчилар ва фуқаровий даъвогарлар фойдасига 340.639.200 (уч юз қирқ миллион олти юз ўттиз тўққиз минг икки юз) сўм миқдорида етказилган зарарларни ундирилишига ҳукм чиқариб, Б.Отаевни жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир қилганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаб, қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чораси аслича қолдирилиб, унга 9 (тўққиз) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.


Иброҳим ҚОРАБОЕВ,
ЖИБ Гулистон шаҳар судининг судьяси,
Шуҳрат СУЯРОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири.

Сирдарё 24

You may also like...

Fikr bildirish