СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ҒОФУРЖОН МИРЗАЕВНИНГ КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА ВИЛОЯТ АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ

Бугунги кунда бутун дунёни ларзага солиб турган коронавирус пандемиясининг тарқалиши бизнинг серқуёш ўлкамиз – Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Бундай тахликали пайтда ваҳимага тушмасдан ақл ва фаросат билан иш тутмоқ даркор. Халқнинг бирдамлиги, жипслиги шундай қийин дамларда билинади.

Доно халқимиз азал-азалдан ҳамжиҳатликни, аҳилликни қадрлаб келганлиги ҳам бежиз эмас. Шу ҳамжиҳатлик ва оқилона иш кўрган ўзбек халқи неча-неча хавф-хатардан, бало-қазодан омон қолгани ҳам тарихдан маълум. Ҳар биримиз коронавирус карантини қоидаларига тўлиқ амал қилсак, шу оғир синов даврида ҳам ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган сабр-тоқатлилик, ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат қадриятларимизни бутун дунё ҳамжамияти олдида яна бир бор намойиш этсак, албатта, коронавирус балосини тез орада енгамиз.

Муҳтарам Президентимиз ва Ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан коронавирус инфекциясига қарши курашишда, шунингдек, карантин даврида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича амалий ишлар белгиланиб, изчил бажарилмоқда.

Сирдарё вилоятининг барча ҳудудларида ҳам аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари йўлга қўйилиб, карантин эълон қилинди. Шунингдек, бозорлар, савдо шохобчалари, дорихоналарда нархларнинг асоссиз оширилишининг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, ҳар бир масала жиддий таҳлил ва назорат қилинмоқда.

 Азиз юртдошлар!

Доимо шахсий-гигиена қоидаларига амал қилишни унутманг. Бу борада  ОАВ орқали эълон қилинаётган тиббиёт мутахассисларининг тавсия ва кўрсатмаларига қатъий амал қилинг. Тозалик – саломатлик гарови эканлиги халқимизга азалдан маълум. Аслида, юз-қўлни доимо ювиб, пок юриш, оилада ва уйда саранжом ва саришталикка риоя қилиш миллий қадриятларимизнинг бир қисмидир.

Вилоятимизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун шахсан ўзим бошчилигимда барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, прокуратура органлари, бозорлар уюшмаси ҳамда тадбиркорлар иштирокида ушбу жараёнлар алоҳида назорат остида эканлиги бугун барчамизга маълум.

Шу билан биргаликда, бугун, вилоятимизда озиқ-овқат заҳиралари етарли даражада мавжуд ва ушбу масалада ҳеч ким ташвишга тушмасликларини алоҳида сўраб қоламиз.

Карантин талабларига амал қилиш барчага мажбурийдир. Бу тегишли қонунларда ва Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорида қатъий уқтирилган. Афсуски, “қирқ кун қирғин бўлса ҳам ажали етган қазо қилади”, деб бепарво юрган баъзи кимсалар ҳам бор. Улар нафақат ўзларига, балки энг яқин кишиларига, эл-юртга жиддий зарар етказишлари мумкинлигини англаб етмаяптилар. Бундай нохуш ҳолатга қарши курашишда ҳар биримиз, айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, маҳаллалар фаоллари, халқнинг ишончли вакиллари – депутатлар ибрат кўрсатишлари даркор.

Сирдарё вилояти аҳли бугунги синовли кунларда бир-бирига ҳамжиҳат, ҳамфикр, далда бўлиб, барча бало-қазоларни мардона даф этишларига ишонаман.

Сирдарё вилояти ҳокими.

You may also like...

Fikr bildirish