БОЗОР БЕДАРВОЗА ЭМАС

Жаҳон миқёсида янги ижтимоий муаммо — короновирус офати барчани ташвишга солиб қўйгани сир эмас. Ҳар куни балонинг олдини олишга доир турли маълумотлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Орамизда эл бошига ташвиш тушганда улар нонини туя қилишга уринаётган бадкирдорлар ҳам онда-сонда бўлса-да, учраб турибди. Айниқса, бу ҳолат шаҳарлардаги бозорларда яққол намоён бўлмоқда. Нарх-навонинг сунъий равишда кўтарилиб кетиши фуқаролар орасида ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганлиги сир эмас. 

17 март куни ҳаракатимиз вилоят бўлинмаси ташаббуси билан вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида Бахт шаҳридаги  деҳқон бозорида жамоатчилик назорати тадбири ўтказилди. Ўрганиш давомида айрим полиз маҳсулотлари нархлари кўтарилганлиги аниқланди.

Вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида харидор ва сотувчиларга мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда муаммолар йўқлиги, ваҳимага тушишга ҳожат қолмаганлиги, нарх-навони оширмаслик юзасидан керакли тушунчалар берилди, кўтарилган нархлар пасайтирилди. Жумладан, 4000-4500 сўмгача сотилаётган картошканинг нархи 3500  сўмга туширилди, шунигдек, пиёз, сабзи, гуруч ҳамда сут маҳсулотлари нархлари ўрганилиб, бир меъёрда сақлаб турилиши уқтирилди.

Бозорда сотувчиларнинг тўлиқ ниқобларда бўлишлари, тозаликка эътибор қаратишлари, расталардан ташқари йўлакларга тахланган савдо маҳсулотларини олиб ташланишлари шу жойнинг ўзида ҳал қилинди. Бозорда радиоузел ишламаётгани, маҳсулотларнинг нархлар тахтаси йўқлигига эътироз билдирилиб, маъмуриятга тез кун ичида бу камчиликларни бартараф этиш вазифаси топширилди.

Назоратчилар бозордан чиқиб кетгандан сўнг нархлар яна оширилиб, аввалги шаклда давом этиш ҳоллари учраб турибди. Бугунги кунда бозорларда нархларнинг сунъий ошиб кетмаслиги учун доимий назорат қилиш шартми? Бозор маъмуряти нега бу ҳолатга бефарқ? Бу каби саволларга ҳозирча жўяли  жавоб топилганича йўқ. Бас, шундай экан, аввало, ўз иймонимизни, инсонийлигимизни унутмаган ҳолда иш тутишимиз жоиздир. Ўйлаймизки, бугунги куннинг муаммоларини барчамиз биргаликда муваффақиятли ҳал этамиз. Бу оғир кунлар тез орада ортда қолади.

Баҳром УММАТОВ,

“Юксалиш” умуммилий ҳаракати

вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.

You may also like...

Fikr bildirish