МАРДИ МАЙДОН

*Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан

Маҳмади ота Хўжабеков кўклам кириб келиши билан ўзгариб қолади. Чунки ғалаба баҳорини қаршилаш унга ўзгача завқ-шавқ, кайфият бағишлайди-да. Қолаверса, отахон 10 май куни, ғалабадан бир кун кейин таваллуд топган. Кечагидек эсида: уруш тугаб аскарлар ортга қайтаётганида рус, украин, белорус аёллари уларнинг ҳузурига пешвоз чиқиб қучоқлаб, қувончдан йиғлаганлари…

Тасвирда: Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийси Маҳмади ота  Хўжабеков.

1944 йилнинг қиши аёзли келди. Пучуғой қирларини ҳам оппоқ қор қоплади. Маҳмадининг икки акаси фронтга кетган эди. Катта оғаси Мустафоқул Самарқандда қишлоқ хўжалик институтида ўқирди. Олийгоҳдан ҳарбийга чақиришди. Брест қалъасини ҳимоя қилиш учун бўлган жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Айтишларича, у тириклайин олов ичида қолиб кетган. Иккинчи акаси Нормамат 1-Белоруссия фронтида немис-фашист босқинчиларига қарши кураш олиб борарди. 1944 йилнинг 3 февраль куни энди 19 ёшни қаршилаган Маҳмадига ҳарбий комиссариатдан чақирув қоғози келди. Ховос темир йўл станциясидан мурти энди сабза урган ўзбек ўғлонлари Ғарбга томон йўл олишди. Қўллари милтиқ ушламаган бўз йигитлар 64-захира ўқчи полкида пулемёт отиш сирларини ўрганишди.

Ниҳоят, ёш аскарларни қирғинбарот уруш кетаётган жанг майдонларига ташлашди. Уруш — ўлдириш, дегани. Бани Одам фарзандларининг бир-бирларини асфаласофилинга жўнатишларига эсли-ҳушли банданинг ақли бовар қилмайди. Бироқ урушнинг ўз темир қонунлари бор: сен ўлдирмасанг, душман сени нобуд қилади. Маҳмади Брянск ва Орёл шаҳарларини озод қилиш учун бўлган беаёв жангларда қанчадан-қанча дўстларини йўқотди. Бундай кезларда душман кўзингга тўнғиз боласидан ҳам хунук кўринаркан. Ротадоши Голованов билан пулемётида душман аскарларини тутдай тўкди. “Маҳмади стрелок” (мерган) деган ном олди. Икки бор жангларда жароҳат олди. Бир гал лабига осколка тегиб, из қолдирди. Иккинчи гал оёғини дайди ўқ ялаб ўтди. Бир дегани бор экан — соғ-омон қолди. Урушдан кейин ҳам уч йил Ички ишлар вазирлигининг 400-ўқчи полкида хизмат қилди. Вайронага айланган мамлакатни тиклаш ишларида қатнашди. 1948 йилнинг сентябрь ойида оддий солдат Маҳмади Хўжабеков кўксига “Германия устидан қозонилган ғалаба учун” медалини тақиб, қадрдон уйига қайтди. Бахтсизликни қаранг-ки, урушдан соғ-омон қайтган иккинчи акаси Нормамат ҳам хасталаниб, боқий дунёга равона бўлган экан.

Фронтда тобланган йигитчани Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент вилояти (ўша пайтлар Сирдарё вилояти ҳудуди Тошкент вилояти тасарруфида эди) бошқармаси КПЗ (камера предварительного заключения, яъни вақтинчалик сақлов камераси) бўлимига бошлиқ этиб ишга олишди. Маҳмади Хўжабеков мазкур лавозимда 1964 йилгача фаолият олиб борди. Сирдарё вилояти ташкил топгач, у Янгиер шаҳар ички ишлар бўлимида катта инс-труктор лавозимида самарали хизмат қилди. Маҳмади Хўжабеков ички ишлар тизимидаги фаолиятини 1997 йил катта инспектор вазифасида якунлади. 48 йил муттасил қонун устуворлиги учун кураш олиб борди.

1953 йил Сафаргул Яхшибоева билан бир ёстиққа бош қўйди. Аҳил оилада 5 ўғил ва 3 қиз дунёга келди.

— Ҳеч эсимдан чиқмайди, — дея ҳикоя қилади Сафаргул момо. — Сталин ўлган йили турмуш қурган эдик. 67 йилдан буён тинч-тотув яшаяпмиз. Чолим мени ҳурматлаб “Ойимхон” деб чақирадилар. Бугун оиламиз азим чинорга айланди. 27 нафар набирамиз, 41 нафар чеварамиз атрофимизда гиргиттон.

Дарвоқе, Сафаргул момо ҳам фронторти меҳнат фахрийси саналади. Уруш йилларида норасида тенгдошлари қаторида Фарҳод каналини қазишда қатнашганини юраклари эзилиб гапириб берди. Чунки ўша пайтда меҳнат ниҳоятда оғир бўлган экан-да!

Маҳмади ота 2017 йил тўнғич ўғли Раҳмон кузатувида Кавказнинг энг яхши санаторийсида ҳордиқ чиқариб келди. 2018-2019 йиллар қаторасига мамлакатимиз пойтахти Тошкентда ўтган Ғалаба байрами тантаналарида иштирок этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг суҳбатларига мушарраф бўлди. Айниқса, фронт қўшиқлари, хусусан, “Катюша” ашуласи янг-раганда севинчи ичига сиғмай ўйнаб кетди.

 Ховос тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Жумабой Суюнов билан “Чаманзор” маҳалласи, Мард-лик кўчаси 20-хонадонга кириб борганимизда йўлакларга сув сепилиб, атроф-жониб чиннидек қилиб супуриб қўйилган эди. Уруш фахрийсининг ўғли Валижон бизни тавозе билан кутиб олди. Мўъжазгина томорқадаги шафтолилар пушти кўйлак кийибди. Бошқа дарахтлар ҳам кўклай бошлабди. Қўлимизни ювдик.

— Коронавирус деган бало юртимиздан етти минг газ йироққа кетсин. Яратган эгамнинг сақланганни сақлайман, деган ваъдалари бор. Тозаликка эътибор берсак, бало-қазо бутунлай  орт-да қолади, — деб қўшиб қўйди Валижон.

Отахон дам олаётган эканлар. Ўтган куни тадбиркор ўғли Раҳмон келиб, анча гапга солибди. “Катюша”ни қўйиб бериб, рақсга туширибди.

— Жанг қилган жойларимни барини эслай олмайман,  — дейди Маҳмади ота. — Фақат Орёл ва Брянск шаҳарларини озод қилишдаги қиёмат қўпган жангларгина эсимда қолган.

Отанинг ҳарбий билети ва меҳнат дафтарчаси мақоламизни тўлдиришга ёрдам берди. Ички ишлар тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилганлиги учун Маҳмади ота Хўжабеков 1994 йилда Биринчи Президентимизнинг Фармонларига биноан “Жасорат” медали билан тақдирланган экан. Боз устига, уруш ва меҳнат фахрийсининг кўксини Буюк Ғалабанинг 20, 25, 30, 40, 50, 60, 70 йилликларига бағишлаб чиқарилган юбилей медаллари безаб турибди.

Маҳмади ота Буюк Ғалабининг 75 йиллиги нишонланадиган кунларда 96 ёшга қадам қўяди. Бу кун фахрий учун қўшалоқ байрам (чунки у киши 10 майда таваллуд топганлар). Бутун оила жамулжам бўлганда ҳар гал отахон дуога қўл очадилар. Тилак ҳам оддий бўлади. “Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Давлатимиз равнақ топсин. Зурриётларимиз бундан-да ақллироқ, зуккороқ, билимдонроқ бўлиб вояга етсин ва биздан кўра бахтлироқ яшасин! Жаҳонда ўзбек эли ва миллатининг обрўси тобора ошиб бораверсин! Бирдамлик, тотувлик, аҳиллигимиз йўқолмасин!”

Ҳа, биродарлар, шундай. Ҳассос шоиримиз Эркин Воҳидов ёзганларидек, нуроний отахонларимиз ва онахонларимизнинг қўллари асода, тиллари эса дуодадир. Зеро, дуогўйлари кўп юрт гуллагай, яшнагай, иншооллоҳ!

 Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish