ТУПРОҚ ҲИДИ

Машраб Бобоев 1941 йил Самарқанд вилоятининг Челак туманида туғилган. Тошкент санъат институтининг актёрлик факультетида таҳсил олган (1965). “Онамга хат” (1971), “Баҳор кайфияти” (1974), “Гурунг” (1975), “Кечки троллейбус” (1977), “Бағишлов” (1978), “Олисдаги чироқ” (1980), “Сўз” (1982), “Мен билган сир” (1990), “Қани менинг юлдузим?” (1991), “Номсиз юлдузлар” (1991) каби шеърий китоблари нашр этилган. Бир қатор саҳна асарлари ҳам ёзган (“Ўттиз ёшлилар”, “Ер томири”, “Суянч тоғлари” ва бошқалар). Кўп қисмли видеофильм-лар (“Ирода”, “Севги нидоси” (“Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони асосида миллий балет), “Кўнгил кўчалари”) муаллифи. В. Катаевнинг “Хаёл чечаклари” романи, Муин Бсисунинг “Ташриф қоғози”, О. Чиладзенинг “Рангин дунё” каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2003 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Аҳмадбек кўчасига бурилиб, ўн-ўн беш қадам юрди-ю, муюлишда ўтирган одамларни кўриб, тўхтаб қолди. Қовжираб қолган майса устида кийим-боши ва юзларидан қишлоқдан келгани билиниб турган икки аёл болаларини эмизганча бир-бирларига нималарнидир тушунтириб, уларнинг ўртасида эса, ёз бўлишига қарамай китель кийиб олган бир эркак бошини эгиб, қўлидаги чўп билан ерни тирнаб ўтирарди. Аҳмадбекнинг юраги одатдагидек шиғ этиб кетди, кўнгли нимагадир орзиқди.

У ҳар доим муюлишда ўтирган одамларни кўрганда шу ҳолга тушар, югуриб бориб, ўша одамларни қучгиси, чангга беланган кийим-бошларини юз-кўзига суртгиси келарди. Тўйиб-тўйиб ҳидлагиси келарди уларни. Ҳа, ҳидлагиси келарди. Чунки Аҳмадбек белана-белана улғайган тупроқ ҳиди келарди улардан. Аҳмадбек кўпдан бери шаҳарда яшар, қишлоғига жуда кам борар, борганда ҳам меҳмондорчиликдан бўшамас, шунинг учун ҳам бу ҳиддан бенасиб эди. У мана шу зиёфатлардан қочиб, ялангоёқ бўлиб, тупроқли кўчаларни чангитиб юргиси, ёш болалар билан чиллак ўйнагиси, қамишзор канал бўйидаги майсада ағанаб ётгиси келарди. Каттакон, бунинг устига шаҳарлик, яна бунинг устига олим одамнинг бунақа юришини ҳамқишлоқлар айб билишарди. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек, шу қишлоқдан бошқа жойда, айниқса, шаҳарда узоқ яшаб кўрмаган одамларга туғилган ерни соғиниш ҳисси бегона эди. Аҳмадбек шундай зиёфатларда сиқилиб ўтирган кезларида талабалик йилларини катта бир армон, оғриқ билан қўмсарди. У пайт-лар бутун ёзни ўзи истаганча ўтказар, у нима қилиб юрса ҳам, одамлар: “Ҳа, студент-да!”, деб қараб, ҳеч нарса дейишмасди. Хуллас, ўз эрки ўзида эди. Энди эса…

Аҳмадбек институтни тугатар йили курсдоши Дилфузага уйланди. Ўзини орли-номусли деб ўйлаганидан, дан-ғиллама ҳовлига ичкуёв бўлиб киришни истамади. Бир рус кампирнинг ҳовлисидан ижарага бир хона олиб, кўчиб келди. Дилфуза ўзига тўқ оиланинг қизи бўлса ҳам, шаҳарда ўсган эмасми, пулнинг қадрини биларди. Ўзига нисбатан содда ва қўли очиқ Аҳмадбекни ҳам пулни мисқоллаб топиш ва мисқоллаб сарф-лашга ўргатди. Ниҳоят, Аҳмадбек диссертациясини ҳимоя қилганидан бир йил кейин, кетворган бўлмаса ҳам, ўзларига яраша бир ҳовли сотиб олишди.

Уларнинг маҳалласида машҳур врач Салим Акбарович яшар, уникига бутун республикадан шифоталаб одамлар келиб туришарди. Салим ака анча кўнгли бўш одам бўлиб, ишдан ҳориб-чарчаб қайтса ҳам, уйига умид билан келиб ўтирган одамларни ҳайдаб юборолмас эди. Аҳмадбек деярли ҳар куни ишдан қайтаётганида Салим Акбаровичнинг тор кўчаси муюлишида ўтирган ёки унинг уйини қидириб юрган одамларни учратарди. У бундай учрашувларнинг биринчисидаёқ аллақандай нотаниш бир ҳисни кечирган, лекин бунинг қандай ҳис эканлигини билмаган, унинг исмини тополмаган эди.

…Аҳмадбек ишдан қайтаётган эди. Болали уч аёл, икки эркак кўчада кимнингдир уйини қидириб юрганини кўрди. Улар Аҳмадбекдан сўрамоқчи бўлишди-ю, унинг савлатидан ийманибми, индашмади. Шунда аллақандай бўлиб кетган Аҳмадбекнинг ўзи гап очди:

— Кимникини қидириб юрибсизлар?

— Ассалому алайкум, — деди ёз бўлса ҳам телпак кийиб олган, чўққисоқол, ёши элликлар атрофига бориб қолган чайир бир киши. — Бизга ҳалиги дўхтирнинг уйи керак эди, муллака.

Аҳмадбек Салим Акбаровичнинг уйини кўрсатиб қўйди. Уларнинг орқасидан бирпас қараб турди, кейин чақириб сўради:

— Қаерда жойлашдинглар?

Хотинларни бошлаб кетаётган эркаклар тўхташди. Бир-бири билан нималарнидир гаплашиб олишди.

— Поезддан эрталаб тушувдик, ҳозир топиб келдик бу ерни, — деди ҳалиги одам бу орада олдиларига етиб келган Аҳмадбекка. — Бирон жой топилар…

Аҳмадбек бироз ўйланиб қолди.

— Аввал меҳмонхона топиб, жойлашиш керак эди, — деди кейин.

— Э, бизга меҳмонхона йўл бўлсин, муллака, — деди эркакларнинг ёшроғи, тердан доғ бўлиб кетган шляпа кийиб олган йигит, аввал ўзининг у ёқ-бу ёғига, кейин ҳамроҳларига қараб, гуноҳкорона жил-  майиш билан. — Тил билмасак…

— Бўлмаса, бизникида меҳмон бўласизлар, — деди Аҳмадбек. — Ҳў, анави муюлишдан чапга буриласизлар. Саккизинчи уй.

— Энди… қуллуқ, муллака, — деди шляпалик киши. — Овора бўлманг, бир иложини қилармиз… — у яна ҳамроҳларига қараб қўйди.

— Ие! Бир иложини қилармизмиш! — Аҳмадбекнинг жаҳли чиқди. — Бу болалар билан қаерга борасизлар?! — у бирпас турди-да, жаҳлини ютиб, жилмайди. — Тағин… хавотир олмаяпсизларми, тунайди деб?

— Йўғ-е, нима деяпсиз, муллака? — деб юборди телпакли киши.

— Бўлмаса, гап шу! Дўхтирникидан чиқиб, тўғри бораверасизлар! Кутиб ўтираман!

Аҳмадбек яна улар эътироз билдиришмасин, деб гапига жавоб ҳам кутмай бурилди-да, тез-тез юриб кетди. Уйига келиб, Дилфузага меҳмонларбоп овқат буюрди. Унинг “ким?”, деб берган саволига “ҳали кўрасан”, деди-да, Рустамжон билан гулзорга кириб кетди.

Дилфуза меҳмонларни ижирғаниб бўлса-да, яхши кутиб олди. Уларнинг гаплари, юриш-туришлари, кийим-боши унинг ғашини келтирар, лекин у бор дардини ичига ютиб, жилмайиб муомала қилар, ҳар замон-ҳар замонда бутун нафратини нигоҳига жойлаб, Аҳмадбекка қараб қўярди.

— Қаердан топиб келдингиз буларингизни? — деди у эрталаб меҳмонлар кетгандан кейин Аҳмадбекка сўроқдан ҳам кўра “иккинчи бунақа номаъқулчиликни қилманг!” деган буйруқ оҳангида.

— Мунча одамохун бўлмасанг, — деди Аҳмадбек пичинг билан. — Булар ҳам одам. Сенга, менга ўхшаган.

— Ҳе, одам бўлмай… — Дилфуза гапнинг давомини ичига ютди. — Мундай… кийинишни билмаса! Меҳмонхонага борсин!

— Меҳмонхонада ҳам сенга ўхшаган маданиятлилар жой беришмайди буларга!

— Менинг уйим меҳмонхона эмас! Булар бир кеча ётди. Энди бутун кўрпа — тўшакни ювишим керак.

— Мунча ҳазар қиласан?! — Аҳмадбекнинг энди жаҳли чиқиб кетди. — Ахир, одам-ку булар ҳам! Қўшнининг кучугини ҳам қандай эркалатасан ялагудай бўлиб! Булар менинг авлодим. Мен ҳам шулардақа одамман! Менга нега хотин бўлиб ўтирибсан бўлмаса?!

— Бўпти! — Дилфуза жаҳлданми, ё тилига келиб қолган бирор ёмон гапни ўтказиб юбориш учунми, бирпас гапирмай туриб қолди. — Бўпти! Лекин бундан кейин такрорланмасин мунақа меҳмондорчилик! Ким кўп, Салим Акбаровичникига келадиган кўп! Ҳаммасини бошлаб келаверсангиз…

Дилфуза Рустамжонни олиб чиқиб кетди. Аҳмадбек унинг орқасидан қаттиқ бир ўкинч билан қараб қолди.

Аҳмадбек юрагини ҳовучлаганча яна икки марта шунақа меҳмон бошлаб келди. Дилфуза биринчи гал ҳам бир бало қилиб чидади, лекин иккинчи марта меҳмонларни уйга киргизмади. Жанжал бўлди. Жанжалга Дилфузанинг ота-онаси ҳам аралашди. Аҳмадбек ғазабга миниб, ора очди қилмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин ишини, боласини ўйлаб, бемаъни фикридан қайтди.

Ана шундан бери гоҳ муюлишда ўтирган, гоҳ кўчада Салим Акбаровичнинг уйини қидириб юрган одамларни кўрди дегунча бир дам тўхтаб қолади. Юрагида туғён қилаётган туйғулар гирдобида бир дам чархпалак бўлади. Югуриб бориб ўша одамларни қучгиси, чангга беланган кийим-бошларини юзига, кўзига суртгиси, тўйиб-тўйиб ҳидлагиси келади. Лекин ўзини тутади. Негаки, уларнинг олдига борса, албатта, уйига таклиф қилиши керак. Уйига таклиф қилмай ўтиб кетолмайди уларнинг ёнидан.

…Аҳмадбек юрагида туғён қилаётган туйғулар гирдобидан чиқолмаса ҳам ўзини тутиб олди-да, гўё ҳеч кимни, ҳеч нарсани кўрмагандай қаддини ғоз тутиб, йўлида давом этди.

You may also like...

Fikr bildirish