ИБРАТЛИ УМР КЕЧИРИБ……

Автотранспорт соҳаси фидойиларидан бири Абдуғани ака Сиддиқов 1950 йил 25 март куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида таваллуд топди. Мирзачўлни ўзлаштириш даврида ота-онаси Сирдарё вилояти Сирдарё туманида ҳозирги И.Каримов номли хўжаликка кўчиб келгач у ўша ердаги мактабда таҳсил олди. Ўқишни тугатгач, пойтахтга йўл олганида қалбида эл корига ярашдек мақсад туғён урарди.

Дастлаб кино ва радиотехника техникумида сабоқ олган А.Сиддиқов кейин Тошкент политехника институтининг механика факультетига ўқишга кирди. Астойдил ўқиш, устозларидан ўрганиш натижасида муҳандис-механик бўлиб етишган А.Сиддиқов республика вилоятлараро автомобил трестига қарашли автокорхонада техник, кейин ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлади. Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигининг Автотранспорт бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлади.

У серғайратлик ва шижоаткорлик билан бор тажрибасини ишга солиб, қисқа муддатда арзигулик ютуқларга эришди. Жумладан, “Янги техника ва технологик жиҳозлар” яратиш, ишлаб чиқаришда қўллаш мақсадида “Автотранспортни диагностик таъмирлаш” мавзусида 8 та рационализаторлик лойиҳасини яратди. Бу янгилик “Ўзбекистон халқ хўжалиги” ютуқлари кўргазмасининг олтин медали билан тақдирланди.

Бугун “Сирдарё автобус саройи” МЧЖ корхонаси раҳбари ва “Сирдарё транс сервис” қўшма корхонанинг таъсисчиси 70 ёшда. У раҳбарлик қилаётган корхонада 37 та “Исузу” русумли автобус, 10 та “Нексия” русумли такси, 10 та “Дамас” русумли автомобиллар бор. Корхонада 100 га яқин иш ўринлари яратилган.  А.Сиддиқов ҳаётдан завқ олиб яшаётган инсонлардан бири. Софдил ва ҳалол, маънавий етук, ишнинг кўзини биладиган, ажойиб фазилатларни мужассам этган раҳбар эканлигини жамоанинг ҳар бир ходими таъкидлайди.

Абдуғани ака раҳбарлик қилаётган корхона республикада кўзга кўринган корхоналардан бири, фидойи меҳнатларини мамлакатимиз раҳбарияти инобатга олиб, уни “Ўзбекистон Республикаси Фахрий автомобилчиси”, вилоят ва туман ҳокимликлари Фахрий ёрлиқлар ҳамда бир қанча бошқа мукофотлар билан тақдирлаган.

А.Сиддиқов мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, бозор иқтисодиёти шароитида корхона барқарорлигини сақлаш учун янгидан-янги меҳнат ғалабалари сари интилмоқда. Шу сабаб Чиноз-Тошкент ва Сирдарё-Гулистон йўналишларида тендер ғолиби бўлиб, эл узоғини яқин, оғирини енгил қилиб, савобли ишга бош-қош бўлмоқда.

Айни вақтда Сирдарё шаҳрида Абдуғани ака садоқатли умр йўлдоши Мавлуда ая билан бирга бахтли ҳаёт кечириб, 5 фарзанд, 21 нафар неваралари билан умргузаронлик қилиб келмоқдалар. Ўғиллари Фурқат, Камол ва Умид ўзи билан елкама-елка “от ўрнини той босар”, деганларидек, биргаликда фаолият олиб боришмоқда.

А.Сиддиқов шу ёшида ҳам фаол ишлаш, автосаройни янги автобуслар билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратиш ишқида яшаётир. У кишини қутлуғ 70 ёшга тўлгани муносабати билан табриклаб, узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз. Қўшма корхона жамоаси ва дўсту биродарлари номидан:

“Сирдарё автобус саройи” ва “Сирдарё транс сервис” қўшма корхона касаба уюшмаси.

You may also like...

Fikr bildirish