ГУЛИСТОННИНГ ПОЙТАХТЛИК ШИФОКОРИ

Яқинда Гулистон туманидаги Улуғбек номли сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида жойлашган 9-оилавий поликлиникада 50 йилдан бери эл соғлиги йўлида хизмат қилаётган фидойи шифокор борлиги ҳақида эшитиб қолдик. Музраф Алимуҳамедовга қўнғироқ қилдик, лекин бир неча кундан бери мактабда ўтаётган тиббий кўрик билан банд эканлигини айтди. Ниҳоят шифокор билан учрашдик. У эндигина мактабдан қайтган экан.

— Тошкентдай шаҳри азимдан биз томонларга қандай қилиб келиб қолгансиз? Шунча йил бир жойда ишлаш осон эмас, қолаверса, нега пойтахтга қайтиб кетмагансиз? — деган саволлар билан юзландик суҳбатдошимизга.

— Ҳа, тўғри айтдингиз. Умримнинг энг жўшқин дамлари, навқирон ёшлигим, куч-қувватга тўлган йилларим шу ерда ўтди. Тошкентда туғилиб, ўсганман. Орзуим шифокор бўлиш эди. 1970 йили Тошкент тиббиёт институтининг стоматология факультетини тамомлаб, йўлланма билан Сирдарё вилоятига ишга келдим. Ниятим бу ерда бир муддат ишлаб, пойтахтга қайтиб кетиш эди. Оиламиздагилар ҳам шундай деб ўйлашганди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан мени Гулистон туманидаги Киров қишлоқ участка касалхонасига юборишди. Ўша пайтда Гулистон тумани соғлиқни сақлаш бўлими бош шифокори бўлиб ишлаётган Лазиз Носиров ва  ушбу касалхона бош ҳакими Мақбул Тожи-боев мени илиқ кутиб олишди.

Илк кунларданоқ ҳамкасблар ва қишлоқ аҳли билан қадрдонлашиб кетдик. Кунлар, ойлар ва йиллар ўтган сайин она шаҳримга қайтиш фикри хаёлимдан кўтарила бошлади. Кўп ўтмай тизимда анча ўзгаришлар рўй берди. Қишлоқ участка касалхоналари ёпилиб, туман марказий шифохонаси ташкил этилди. Мен аввалги Ленин номли хўжаликдаги қишлоқ амбулаториясида бош шифокор бўлиб ишимни давом эттирдим. Ўша даврда касалхонада ишлаган Мақбул Тожибоев, Маҳаматжон Зокиров, Эркин Бегалиев, Раимжон Ирисбоев, Муборак Рўзиева, Муниса Ниёзова, Насиба Исмоилова каби ҳамкасбларимдан жуда кўп нарса ўргандим, тажриба орттирдим. Сирдарёда бутун умр қолиб кетишимда ва гулистонликлар билан эл бўлиб кетишимда ҳам ана шу фидойи инсонлар сабабчи бўлишган, дея айта оламан.

 Музраф ака суҳбат давомида 70-80-йилларда қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишнинг аҳволи, сифати, ишдаги қийинчиликлар ҳа-қида гапираркан, кўз ўнгидан, хаёлидан ўша даврлар бир-бир ўтаётганлигини англаб олиш қийин эмасди. Шифокор ўшанда қишлоқ шифокорларига ишлаш осон кечмагани, шифокорлар етишмагани боис бир ўзи шу амбулаторияга бириктирилган 5 та ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатиши, беморларни қабул қилишдан таш-қари узоқ жойларга чақирувларга бориб, тонгга қадар қолиб кетишлари ҳақида сўзлади. Дарвоқе, юқорида М.Алимуҳамедов стоматолог-шифокор дегандик. Лекин ўтган йиллар давомида шифокор пойтахтда ва Самарқандда бир неча марта малакасини ошириб, терапевт (айни пайт-да ҚОПда умумий амалиёт шифокори) сифатида хизмат кўрсатди.

— Чиндан ҳам у пайтда ишлаш  қийин эди, — дейди Музраф ака суҳбатни давом эттириб. — Кўпинча “тез ёрдам” машинаси етишмагани учун чақирувларга пиёда борардик. Қишлоқларнинг ораси узоқ, йўллар носоз, кўчалар қоронғу эди. Фонар билан юришга тўғри келарди. Ярим тунда деразамни тақиллатиб, “доктор, фалон участкада бемор бор”, деб чақириб кетишарди. Боз устига дори-дармонлар ва тиббий воситалар тақчил эди. Қишлоқ амбулаторияларида иш қийинлиги туфайли кўпчилик шифокорлар шаҳарга кетиб қолишарди. Мен эса аксинча, шу ерда  қўним топдим, йил сайин касбимга, қишлоқнинг самимий одамларига меҳрим ортиб борарди. Улар ҳам ҳурматимни жойига қўйишади. Агар ёшлик даврим қайтиб келса, умримни яна шу ерда  ўтказган бўлардим.

Музраф ака 1974 йили ушбу тиббиёт маскани (собиқ амбулатория)нинг замонавий биноси қурилишида шахсан ўзи бош-қош  бўлди. Шифокордан 79 ёшни  қоралаётган бўлса-да, ҳамон тетик ва бардам кўриниши сабабини сўраганимизда, “бунинг ҳаммаси бир умр соғлом турмуш тарзига амал  қилганим,  доим ҳаракатда бўлганим, жисмоний тарбия билан шуғулланганим ва  тўғри овқатланишга эътибор берганим”, дея жавоб берди. Шунингдек, шифокор бугунги кунда Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан тиббиётга берилаётган катта эътибор, эл саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида қабул қилинаётган қатор ҳужжатларнинг самараси, вилоятимиз, қолаверса, тумандаги янги қурилган тиббиёт муассасаларидаги шарт-шароитлар,  шогирдлари ҳақида тўлиб-тошиб  сўзлади.

Дарвоқе, Музраф акадан шунча  йилдан бери қишлоқда қандай шароитда яшаётгани, уй-жойи борлиги ҳақида сўрадик.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, аввал бир муддат давлат томонидан тегишли қонунга кўра расмийлаштириб берилган кичик уйда истиқомат қилар экан. Бир неча йил олдин янги қурилган намунавий уйлардан бирига кўчиб ўтибди, ҳовлисида боғ яратибди. Энди пойтахтдан меҳмонга келадиган оиласи, фарзандлари ва яқинлари отахон ҳазиллашиб айтганидек, мевазори бор “дала ҳовли”да дам олиб кетишар экан.

Музраф Алимуҳамедов касби ҳамшира бўлган умр йўлдоши Саодат ая билан уч нафар ўғилнинг ота-онаси, 15 нафар невара ва бир нафар чеваранинг бахтиёр бобо ва бувиси бўлди. Ҳамма фарзандлари олий маълумотли. Шифокор бундан бир неча йил аввал меҳнат таътилини Америка Қўшма штатларида яшайдиган ўғлиникида ўтказиб, юртимизга қайтаркан, Ўзбекистон, айниқса, Сирдарёни, унинг содда ва самимий одамларини, дилкаш суҳбатларини жуда соғингани, уларсиз ҳаёт жуда зерикарли эканлигини чин юракдан ҳис этди.

— Музраф ака, нафақат устозимиз, балки меҳрибон, ғамхўр, ҳамиша яхшиликларга ундовчи, ибратли ва хайрли юмушларда барчамизга ибрат бўлгувчи дуогўй отамиз ҳам, — деди қишлоқ оилавий  поликлиникасининг мудираси Раъно Ҳасанова. — Шу ёшга кирган бўлсалар-да, ғайрати ёшларникидан қолишмайди. Поликлиникада, маҳаллада, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотида ўтадиган тиббий кўриклар ва бошқа тадбирларда бош-қош бўлади.  У кишидан фидойиликни, масъулиятлиликни ўргансак арзийди.

Катта ҳамшира Муборак Алибоева ва бошқа тиббиёт ходимлари ҳам Гулистоннинг пойтахтлик шифокори ҳақида илиқ фикрлар айтишди.

Ярим асрдан бери Сирдарёда яшаб, эл соғлиги йўлида хизмат қилиб келаётган Музраф Алимуҳамедовга биз ҳам узоқ умр, тани сиҳатлик, бардамлик тиладик.

Холида ПАРДАБОЕВА.

You may also like...

Fikr bildirish