Ҳаммаси яхши бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жаҳон аҳлини қалқитган короновирус борасида гапириб, мана шу офат сабаб нарх-навони сунъий ошириб олаётган чайқовчиларни танқид қиларкан,: «Бировнинг ташвиши эвазига топилган пул ҳеч кимга буюрмайди!»дея юракдаги гапни айтди. Дарвоқе, синов учун берилган бу ёруғ оламда инсон бошига нималар тушмайди. Бироқ мана шундай синовлар пайтида молу давлат ва бойлик илинжида имонини ютган, у дунёсини ўйламайдиган ноинсофлар учраши шубҳасиз. Бундай кимсаларнинг қилмишларини кузатиб, пул, давлат инсонга қачон дўст бўлган ва қандай зот бу омонат дунёда тўплаган зару гавҳарларидан қабрига олиб кетган деб сўрагинг келади?

Биз ўзбек халқи миллатпарвар, сабру қаноатли, қалби, қўли, дастурхони очиқ, меҳмондўст халқ сифатида эътироф этилганмиз. Тикланиш йилларида, Иккинчи жаҳон урушида халқимиз қандай оғир кунларни, машаққатларни бошидан кечирганини тарих саҳифалари орқали жуда яхши биламиз. Ана шу оғир кунларни, яъни очликни, муҳтожликни, керак бўлса саводсизликни халқимиз қандай енгиб ўтди? Албатта ҳамжиҳатлик билан, бир-бировини суяши ва инсоний меҳру муҳаббати, оқибати, саховатпешалиги билан енгди. Собиқ Иттифоқ тузумида “Пахта иши” билан қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошларимиз, пешона тери билан миллий ифтихоримиз бўлган пахтани булутларга тенглаб бунёд этган деҳқонларимиз неча йиллаб туҳмат гирдобида азоб чекишди. Бундай балоларнинг қанча-қанчасини собиқ иттифоқ давридан яхши биламиз. Аммо ҳаммаси ўткинчи дунёнинг синовлари экан. Мангли ёруғ халқимизни Яратганнинг ўзи ҳимоясига олди. Миллатнинг юзи ёруғ бўлди, мустақиллик сабаб ўзлигимизни топдик, нонимиз бутунлигича ўзимизга қайтди.

Бугун дунё коронвирус касаллигт боис безовта ланиб турибди. Бу Яратган томонидан одамлар орасидаги дину диёнатни, имонни саломатлигини синайдиган яна бир синовидир. Бундай маҳалда ортиқча ғийбатлар, турли бўҳтон ва ёлғон гаплар чиқармаслик, оддий халқ вакилларини ваҳимага туширмаслик керак. Аксинча онгли, маърифатли ва маънавиятли, шукроналикни биладиган инсон сифатида ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб жипслашмоғимиз, касаллик иллатларига қарши курашмоғимиз керак. Халқимизда ажойиб гаплар бор: Қари билганни пари билмас. Буюк аждодларимиз Ибн Сино табобатига юкинайлик, Ҳазрат имом ал-Бухорий, ат-Термизий сингари улуғларимиз руҳига суянайлик. Уларни чуқурроқ ўрганайлик…

Корновирус туфайли келиб чиқаётган баъзи муаммоларни ҳеч ким буйруқ бермаса-да имон-эътиқоди билан халққа мадад берадиганларни зангори экранларда, интернет орқали кўриб хурсанд бўлаяпмиз. Самарқандликлар, қашқадарёликлар, андижонликлар имкон даражасида халққа кўмак беришмоқда. 

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига республикада биринчи бўлиб аёл киши ҳоким этиб тайинланди. Ҳоким Дилфуза Ўролова бугун ўз лавозимида нафақат раҳбар, балки куйинчаа аёл, она сифатида коронивурсга қарши курашда халқ билан елкама-елка туриб, одамлар орасида юрибди. Боёвут туманида яшовчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Ўрол Ўзбек” фермер хўжалиги раҳбари Алиқул Хонимқулов ажойиб ташаббус билан чиқди. У кам таъминланган оилаларга икки миллион 700 минг пул тарқатиб чиқди. Туман ҳокимлигида тузилган коронивурусга қарши кураш штабига эса 1 миллион пул ва ўзининг янги ёзилган ўнлаб китобидан олиб келиб берди. Албатта у инсон бу қилган ишлари билан мақтанишдан жуда йироқ. Унинг тилаги шу бу пулдан кимдир ниқоб тиктирадими, сотиб оладими, хонадонига егулик қоладими, ихтиёри. Муҳими одамлар ваҳимага тушмасин, китоб ўқиб, таскин топсин, маърифатини оширсин. Ўзига тўқ, қўли узун инсонлар мана шундай пайтда саҳийлик билан элдан борини аямасин, кўмаклашсин, мурувват қўлини чўзсин. Мана шундай ҳожи оталаримиздан, оналаримиздан ибрат олишсин.

Сирдарёда бугун А. Хонимқуловга ўхшаган саҳийлар сони тобора ортиб бормоқда. Мана шундай Аллоҳни танийдиган, савобни қалбан англайдиган ҳамюртларимиз бор экан, короновирус деган балодан эсон-омон қутиламиз. 

Норинисо ҚОСИМОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

Fikr bildirish