Ҳушёрлик ва сабрлиликка даъват этиб…

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси аломатлари аниқлангандан бери вилоятимизда ҳам ҳушёрлик, огоҳлик янада оширилмоқда. Айниқса, шахсан муҳтарам Президентимизнинг кўрсатмалари ва вилоят ҳокимининг аниқ топшириқлари асосида санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сунъий равишда оширилишининг олдини олиш, аҳоли ўртасида турли миш-мишлар туфайли ваҳима кўтарилмаслиги юзасидан мутасаддилар назоратни кучайтиришга жами эътиборни қаратмоқдалар.

Муҳим жиҳати, назорат ва тарғибот ишларида кенг жамоатчилик вакиллари, барча депутатлар ҳам бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик билан фаол иштирок этишмоқда. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев шахсий намуна кўрсатиб, бугун ҳам эрталабдан марказий деҳқон бозорида ҳамда савдо дўконларида бўлиб, мавжуд ҳолатни текширувдан ўтказди. Нарх-наво меъёрини сақлаш ва озодаликка риоя қилишни кўздан кечириб, таҳликага тушмаслик, бағрикенг, сабрли халқимиз ҳар доимгидек жипслик ва бирдамлик билан гигиена ҳамда тартиб-интизомга риоя қилиши кераклигини  алоҳида уқтирди.

Вилоят ҳокими Сирдарё ва Ховос туманларидаги чегара постларига бориб, у ердаги шарт-шароит, амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ўз навбатида масъул дахлдор мутахассисларга аниқ кўрсатмалар ва топшириқлар берди.

Шунингдек, Ғ.Мирзаев четдан кириб келаётган сирдарёликларни карантинга олишга ажратилган Янгиер шаҳридаги санаторийга ҳам ташриф буюриб, у ердаги ҳолат, шифокорлар ва даволанувчиларнинг кайфияти билан қизиқди. Мулоқот жараёнида ҳеч қачон ваҳимага тушмаслик кераклигини, буюк аждодимиз, табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино таъбирича, “Ваҳиманинг ўзи ярим касаллик. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир”, дея таъкидлади.

Айни кунларда ҳар бир секторнинг раҳбарлари ҳам ҳушёрлик ва шижоатни қўлдан бермай ўзларига бириктирилган ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориб, бозорларда нарх-навонинг сунъий равишда кўтарилмаслигига ишонтириб, коронавирус инфекцияси туфайли ҳеч қандай ваҳимага ва саросимага тушмаслик кераклигини айтиб, тарғибот ва назорат ишларини талаб даражасида олиб бормоқдалар.

Б.МАВЛОНОВ.

You may also like...

Fikr bildirish