АЖНАБИЙ НОМЛАР ИННОВАЦИЯ ДЕГАНИ ЭМАС

Журналист Муҳаммад Али Аҳмаднинг “Ўзбекистондаги “Ўрусия” мақоласини  ўқиб…

Тил бу миллат руҳи, тил бу миллийликнинг олий белгисидир.  Тилнинг она сўзи билан ёнма-ён келиши ҳам бежиз эмас. Чунки тилимиз илк бор она алласи билан онгу шууримизга, қалбимизга кириб боради. Демак, она тилимиз ҳам онамиздек муқаддас. Лекин бугун тилимизнинг муқаддаслигига путур етаётгандек. Негаки, нут-қимизда ажнабий калималар шу қадар фаоллашиб кетаяптики, баъзида кимларнингдир ўзбеклигига ҳам шубҳаланиб қоламиз.

Ҳатто бундай қусурлар тилимизнинг кўзгуси бўлган айрим оммавий ахборот воситаларида ҳам учраяпти. Масалан, телеканалларда. Уларнинг баъзиларидан ўзбекча номдаги кўрсатувни топиш қийин. “Sketch shou”, “МТV shou”, “Stend up shou”, “Kоmediant shou” бундай “shou”лар қаторини жуда узоқ давом эттириш мумкин. Ишқилиб, яқин орада неча ўн йиллардан буён ўзбек мақолини ўзига ном қилиб келаётган “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи” кўрсатуви ҳам қандайдир шоуга айланмасайди.

Узоққа бормай ўзимизнинг шаҳарларни олсак, ҳозирги даврда “урф бўлган “I love you…” нисбасини Ўзбекистонимизнинг энг сўлим масканлари пештоқига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилганлигига  гувоҳ бўламиз. “I love you O’zbekiston”, “I love you Sirdaryo”, “I love you Guliston” ва ҳоказо. Ҳатто бундай изҳор талқини  мактабларга нисбатан ҳам қўлланилмоқда. Қаранг, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деган хитобини бор овозда, ўз тилимизда айтсак, қалбимизда қанчалар фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Ажнабий тилда-чи? Ишончим комилки, бундай ифодада ўша ғурурни ҳис этиб бўлмайди. Демоқчиманки, жонажон Ўзбекистонимиз, Ватанимизга бўлган севгимизни ўзбекчада изҳор қилиш тўғри эмасми!?

Ахир, Ватанга бўлган, халққа бўлган ҳурмат унинг тилига ҳам ҳурмат дегани эмасми? Бошқа тилда ном қўйишни қандайдир янгича ёндашув, яъни ҳозир кўп ишлатилаётган “инновация”деб тушунаётганлар ҳам бордек, назаримда. Аслида эса бундай “янгилик” тилимизга путур етказади. Ва пировардида, мутассади ташкилотлар ва жамоатчиликка ўткир қалам соҳиби Абдулла Қаҳҳорнинг “Нега йўл ҳаракати қоидасини кимдир бузса, ҳуштак чалишадию, агар тилни бузишса ҳеч ким ҳуштак чалмайди”, деган гапини эслатишни жоиз деб билдим.

Камола АБДУНАБИЕВА,

Боёвут тумани.

You may also like...

Fikr bildirish