Тадбиркорларга берилаётган катта имкониятлар

маҳсулотлар ишлаб чиқариш суръатларини ошириб, экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришни таъмин этаётир

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида икки кун давомида ташкил этилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд вилоятидан келган, вилоятда самарали фаолият кўрсатаётган 185 ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари, йирик тадбиркорлик субъект-лари иштирок этдилар. Кўр-газмада 450 турдан ортиқ маҳсулотлар намойиш этилди. Айниқса, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан тайёрланаётган турли хил мебеллар, иссиқхона конструкциялари, газоблок ва феноблоклар, композит арматуралар, ҳар хил турдаги бўёқлар, кир ювиш кукуни (содаси), ихчам ва бежирим пойабзаллар, қишлоқ хўжалик техникалари учун эҳтиёт қисмлар, Самарқандда ишлаб чиқарилаётган “Исузу” автобусидан тортиб “Камаз”ларгача кўргазмадан кенг ўрин олган. Ишлаб чиқарилаётган энг замонавий маҳсулотлар сифат жиҳатидан пишиқлиги, харидоргирлиги, энг асосийси, экспортбоплиги бўйича ҳам қатнашчиларга жуда манзур бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тасарруфидаги ўсимлик моддалари кимёси институти ва шу академия қошидаги геномика ва биоинформатика маркази тадқиқотчилари кўргазмага тавсия этаётган қишлоқ хўжалик экинларини ривожлантириш ва ҳосилдорлигини оширишга хизмат қиладиган 30 дан ортиқ биопрепаратлар Мирзачўл шароитида яхши самара бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Шу боис мазкур институт ва марказ олим- тадқиқотчилари яратган препаратларга қатнашчилар катта қизиқиш билдиришди.

Президентимизнинг Олий Мажлисдаги Мурожаатномасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, янги лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ йўлларини белгилаб бердилар, — дейди Боёвут туманидаги “Боёвут-Бунёдкор” масъулияти чекланган жамиятининг раиси Жониқул Мусурмонов. — Жамиятимизда арзон ғишт ишлаб чиқариш, наслли чорва молларини кўпайтиришга алоҳида эътибор бериш билан бирга Мурожаатномага жавобан Янгиер-Гулистон йўналишидаги йўл бўйида замонавий меҳмонхона, хусусий шифохона қурилишини ҳам жадаллик билан бошлаб юбордик. Янги лойиҳаларимиз ишга тушиши ҳисобига яна 50 дан ортиқ ёшларга янги иш ўринлари яратилади.  

Тадбирнинг биринчи кунида иштирок этган вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳар бир ишлаб чиқариш корхонаси, ҳар бир тадбиркорнинг кўргазмада намойиш этаётган маҳсулотларини кўздан кечирди, улар билан суҳбатлашиб, талаб ва таклифлари, муаммоларини ўрганиб чиқди. Тадбиркорлар томонидан билдирилган, айтилган 28 та муаммонинг 20 таси шу куннинг ўзида ҳоким томонидан жойида ҳал этилди. Қолган ер муаммоси бўйича тушган таклифлар ҳам ўрганиб чиқилмоқда.

Эътиборли жиҳати, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик фаолиятини кенг йўлга қўяётган ишбилармонлар шартномалар тузиб, тайёрланаётган маҳсулотларини сотиш борасида ўзларига янги ҳамкорлар топдилар.

Бир ярим кун давомида йирик корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларини сотиш бўйича 50 миллиард сўмлик шартномаларни имзоладилар. Айни вақтда бошқа вилоятлар ва қўшни давлатлардаги тадбиркорлар ҳам Сирдарёда ишлаб чиқарилаётган саноат, қурилиш, пойабзал маҳсулотлари, бўёқлар, тикувчилик буюмлари, тиббиёт жиҳозларини харид қилиш борасида йирик миқдордаги шартномалар тузиб, ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

— Корхонамизда спорт ва тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйганмиз, — дейди Самарқанддаги “Стеклопласт” корхонасининг менеджери Давлатбек Шакаров. — Ҳар ойда 7-8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқараяпмиз. Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида ҳам вилоятдаги тадбиркорлар билан жиҳозлар етказиб бериш бўйича 1 миллиард сўмлик шартнома туздик. Ишлаб чиқараётган жиҳозларимизни Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларига ҳам кенг миқёсда экспорт қилаяпмиз.

Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси кўргазмаси якунида вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Аброр Тошматов энг кўп маҳсулот ишлаб чиқариш ва кўп ишчи ўринлари яратишни таъминлаган, хорижга тайёрлаган маҳсулотларини кенг экспорт қилаётган ишлаб чиқариш корхоналари жамоаларини, ёш тадбиркорларнинг номларини алоҳида мамнуният билан тилга олди. Бир гуруҳ тадбиркорлар ва ишлаб чиқариш жамоаларига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

  Бозорбой БЕКМУРОДОВ.

You may also like...

Fikr bildirish