СЎНГГИ ЯПРОҚ

«Сирдарё ҳақиқати» кутубхонаси

Картинки по запросу "О'ГЕНРИ"
О.Генри

Асл номи Уильям Сидни Портер бўлган америкалик ёзувчи. Доришунос, сотувчи, китоб безакчиси, ношир ва бошқа касбларда ишлаган. 1896 йилгача ҳикоя ва фельетонлар ёзишни машқ қилган, қамоқдалигида (1897-1901) ёзган ҳикояларини O’Генри тахаллуси билан яширин чоп эттирган.

1904-1910 йилларда 9 та новеллалар тўплами (“Ёнаётган шам”, “Ғарб қалби”, “Ёқимтой ўғри” ва бошқалар), вафотидан кейин яна 7 та китоби чиққан. “Қироллар ва карам” (1904) романи саргузашт-юмористик новеллалардан ташкил топган.

O’Генри Америка ҳикоячилигининг ўзига хос типини яратди. Юморнинг кучлилиги, киноя, қиёс, пародия каби усулларнинг кўп ишлатилганлиги, энг муҳими, муаллифнинг оддий меҳнаткаш — “кичик инсон”га самимий муҳаббати, олижаноблик ва софдилликни мадҳ этиш адиб ҳикояларига оламшумул шуҳрат келтирди.  O’Генри ўзининг кичик ҳикояларида катта маъноларни қамраб олганлиги билан дунё адабиётида ном чиқарган. У кичик ҳикоя устаси сифатида маълум ва машҳурдир.

Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Ғафур Ғулом (“Менинг ўғригина болам”), Абдулла Қаҳҳор (“Анор”, “Минг бир жон”) ва бошқа адиблар ўзбек ҳикоячилигини  O’Генри ижодининг илғор анъаналари билан бойитдилар.

Суе ва Жонси — дугоналар. Улар Нью-Йоркда, катта уйда яшашади. Суе Мэйн штатидан, Жонси Калифорния штатидан келишган. Суе Жонсига қараганда қорувли. Жонсининг жуссаси кичкина, қарашлари ўйчан, кўзлари катта, сочлари узун, қорачадан келган қиз. Улар санъат ва мусиқанинг, шеъриятнинг шайдоси, орзу қилишни, хаёл суришни ёқтиришади. Бири расм чизишга, бири эса машҳур артист бўлишга қарор қилишган. Пуллари кўп бўлмаса-да, лекин ўзлари ёш ва орзулари бисёр.

Куз кунларининг бирида Жонси касал бўлиб қолди. Уни гоҳ иситма заптига олар, гоҳ совуқдан “қалт-қалт” титрарди. У тез орада чўпдай озиб кетди. Бир ҳафта ўрнидан турмади.

Бир куни доктор Суега: “Мен сен билан гаплашмоқчиман. Даҳлизга чиқиб тур”, деди. Суе даҳлизга чиққач, доктор унга деди: “Суе, дугонангнинг аҳволи ёмон. Бу дори-дармонлар ёрдам бермаяпти. У тушкунликка тушиб қолган. Сенинг ёрдаминг керак”.

Шундай деб доктор кетди.

Суе хонага кирди. Жонси деразадан ташқарига, кулранг деворли уйга қараб ётарди. Уни ҳеч нарса қизиқтирмас, “чурқ” этиб оғиз очмас, кун сайин кўзларидаги умид сўниб бораётганди.

— Доктор кўпроқ шўрва, илиқ сут ичишинг, мевалардан ейишинг кераклигини айтди, — деди Суе.

Лекин Жонси уни эшитмади. У санарди: “Ўн икки”. Бироздан сўнг “Ўн бир”, деди. Кейин: “Ўн, тўққиз…”.

Суе Жонси ниманидир санаётганини англади. У деразадан ташқарига қаради, лекин ташқарида саналадиган ҳеч нарсани кўрмади. Ташқарида боғ ва тош девор бор, холос. Дарахтларда эса сариқ ва жигарранг барг-лар дийдираб турибди.

— Саккиз, — деди Жонси. — Уч кун илгари юзтача эди, мен уларни санай олмасдим. Аммо ҳозир мен уларни кўраяпман. Саккизта қолди.

— Саккизта нима, азизим? Айт, менга!

— Барглар печакгулники. Қачон сўнгги барг узилса, менинг жоним ҳам узилади.

— Лекин сен тезда тузалиб кетасан. Жонси, кел, илтимос, шу барглар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қил. Мен расмингни чизиб, тугатдим. Агар сота олсам, сенга яхши мевалар олиб келаман.

— Йўқ, мева сотиб олма, мен уларни ейишни хоҳламайман, — деди Жонси. — Ўйлашни ҳам, кутишни ҳам хоҳламайман, фақат ўлишни истайман.

— Жонси, илтимос, ундай дема.

— Ҳа, Суе, биламан. Мен қачон сўнгги барг узилса, жоним ҳам узилишини биламан.

Суе ҳеч нарса демади. У нима деб жавоб беришини билмасди.

У унсиз йиғларди. Кейин даҳлизга чиқди ва овозини баралла қўйиб, йиғлаб юборди. Унинг йиғлаганини қари Берман кўриб қолди.

Қиз Берманга Жонси ҳақида сўзлай кетди. Берман ҳам камбағал эди. У машҳур рассом бўлиш орзусида юрар, аммо қирқ йил ўтибдики, орзуси ушалмади. Ҳозир ёши олтмишда. Баъзида расмларини сотиб, кун кўради, ҳеч бири икки бўлмаган. У Суе ва Жонсини яхши кўрарди. Уларга ёрдам бергиси келди.

“Мен унга шоҳ асаримни туҳфа этаман”, деди ичида Берман ва кичкина хонага, Жонсининг олдига кириб кетди…

— У бетоб, — деди Суе. — Ҳали ўзига келгани йўқ, аҳволи оғир. У тугаб бораётган печакгул баргларини санаяпти. Қачон сўнгги барг узилса, менинг ҳам жоним узилади, деб ўйлаяпти.

Суе ва Берман хонага кирганларида Жонси ухлаб ётарди. Берман печакгулга тикилиб қолди ва ҳеч нарса демай чиқиб кетди.

Тун бўйи ёмғир ёғди, кучли шамол турди. Суе ухлаётган Жонсига яқинроқ ўтирди, у тонгга қадар ухламади. Жонси уй-ғониб, ташқарига қаради. У ҳам деразадан ташқарига боқди. Биттагина печакгул барги қолганини кўрди.

— Бу энг сўнггиси, — деди Жонси. — Мен кечаси қаттиқ шамол бўлганини сездим, лекин нимага узилиб кетмаганига ҳайронман. Буни ҳозир тушундим, менинг умрим тугашига озроқ вақт бор ҳали.

— Оҳ, Жонси, — деди Суе. — Мен сенсиз нима қиламан?

Аммо Жонси ҳеч нарса демади.

Кун секин ўтарди. Ҳар дақиқа бир соатдек. Кун ботгач, яна шамол турди, совуқ куз ёмғири ёға бошлади. Тун бўйи ёмғир ёғди, эрталаб иккала қиз деразадан таш-қарига қарашди. Барг бор эди!

Жонси узоқ тикилди.

— Мен туни билан шамол бўлганини сездим, аммо бу миттигина жасур барг шамол билан курашди. Суе, мени кечир. Бу сўнгги барг менинг ҳаётим учун курашганга ўхшайди, — деди Жонси.

Пешиндан сўнг доктор келди: “Жонси, агар қаттиқ курашсанг, албатта, дардни енгасан. Мен ҳозир бир рассомнинг олдидан келаяпман. Унинг исми Берман, у кексайиб қолган, лекин тетик экан”, деди доктор.

Бир неча кундан кейин Суе Жонсининг ётоғига кирди ва ёнига бориб ўтирди.

— Мен сенга ҳозир бир нарса айтаман, азизим, — деди у. — Жаноб Берман бугун касалхонада вафот этибди. Хонасида унинг сариқ ва яшил рангда чизган расмларини кўрдим. Ўша қоронғи тунда Берман деворнинг орқасига печак гул расмини чизган экан. Бу сўнгги барг — унинг шоҳ асари!

Инглиз тилидан Зуҳра Асқарова таржимаси.

You may also like...

Fikr bildirish