Мотуридий ҳикматларининг ёшлар маънавиятини ўстиришдаги маърифий аҳамияти


Мотуридий мақбараси

Улуғ мутафаккир Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида Шайх Абу-Мансур Мотуридий ҳазратларига  “Ўз замонининг аълами уламосидин эрмиш. Ул вақт уламоси аларни Султон ал-муиззин дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улуми бирла ороста”, дея  ҳаққоний баҳо берганлар.

Бундай юксак баҳо олган Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий (870-944) — буюк имом, фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси, “Имом ал-худо”, “Имом ал-мутакаллимон” (“Ҳидоят йўли имоми”, “Калом олимларининг бошловчиси”) номлари билан улуғланган мутафаккирнинг бир неча асарлари бутун ислом дунёсида  машҳур бўлган.

Инсоният тарихидаги ноёб ҳодиса бўлган мусулмон Ренессанси ана шу буюк аждодларимизнинг диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда”, деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Дарҳақиқат, Марказий Осиёдан етишиб чиққан табиий, аниқ, фалсафий, исломий, фанларга оид юзлаб асарлар ёзган олимларимиз, мутафаккирларимиз илмий мерослари фақатгина мустақиллик йилларида тўлиқ ўқиб, ўрганила бошланди. Буюк алломаларимизнинг ўлмас мерослари бугунги ёшларимизнинг ақл-заковатини ўстиришда, интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришда, илм-фан билан чуқурроқ шуғулланишларида катта ёрдам бермоқда.

Яқинда Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотурудия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтгани ҳам бежиз эмас. Буюк аждодимиз Мотуридийнинг 1150 йиллиги муносабати билан ташкил этилган катта анжуманда Иордания, Германия, Малайзия, Покистон, Россия ва Туркия каби мамлакатлардан 70 га яқин исломшунос уламолар иштирок этишди.

Мотуридийшунос олим Абдуқодир Зоҳидий алломанинг “Китоб таъвилот-ул-Қуръон” ёки “Таъвилоти Аҳли сунна”, “Китоб мааҳаз аш-Шариъа”, “Китоб ул-Жадал”, “Китоб ул-Усул”, “Китоб ул-мақолат фи-усул ад-дин”, “Китоб баян ул-мўътазила” каби китоблари, айниқса, ислом оламида жуда машҳур эканлигини таъкидлаб кўрсатган.

Тасаввуфшунос олим Ҳамидхон Исломий имом Мотуридий таълимоти ҳақида шундай ёзадилар: “… инсон ақли ва фикри бовар қилмайдиган Оллоҳ тўғрисидаги Сиррул-асрорни Қуръони Карим асосида илмий тадқиқот олиб бориб ва татбиқ этиб, қоидалиқ ҳолда фан даражасига кўтариб берганидадир”. Марказий Осиёда яшаб ўтган барча мутафаккирлар ижодида инсон унинг одоби, ахлоқи, фазилати масаласи асосий ўрин эгаллаган. Бу мутафаккирларга баҳо берилганда, албатта, зоҳирий ва ботиний илмлар соҳасига қўшган ҳиссаларига қараб баҳо берилган. Мотуридийнинг барча асарларида ҳам у қайси илмлар ҳақида ёзилган бўлмасин, бугунги кун ёшларини, маънавиятини, маърифатини ўстиришга хизмат қиладиган ҳикматлари кўплаб учрайди.

“Қуролингни илмдан яса”, “Мартаба-ю иззатни илмдан изла”, “Тўғри йўлни очқуси илмдир” каби ҳикматлари бугунги ёшлар учун ҳаётининг мазмуни бўлиши керак. Илм-фан жамият тараққиётининг калитидир. Илм-маърифатга тарғиб этиш IX асрда ҳам долзарб вазифалардан бири бўлган. Ҳазрат имом Мотуридий инсонларни билим эгаллашга, ҳаёт мазмун-моҳияти тушуниш билимга боғлиқлигини кўрсатиб берган.

Билим — тараққиёт мезони, халқ фаровонлиги омили. Билим — инсонларга бахт-саодат, тинчлик арғумон этувчи асосий восита. Билим — инсонлар масъулиятини оширувчи, ақлий меҳнатни ривожлантирувчи белгидир. Бундан ташқари, имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ўз даврининг улуғ донишманди, авлиёси, ахлоқшунос олими бўлган. “Сендан қўрққандан сен ҳам қўрқ”, “Ҳар бир ишда ҳамкор иста”, “Жонни омонат, умрни иноят бил”, “Ажални ҳеч қачон эсдан чиқарма”, “Яхшилар билан дўстлаш”, “Ўрган ва ўзгаларга ўргат”, “Ҳар кимнинг нонини ема, аммо ҳаммага нон бер”, “Сабрли бўл, муродга етасан”, “Ҳамиша сир сақловчи бўл” каби битиклари ҳақиқатан ҳам мукаммал, комил инсоннинг фазилати билимдонлигида, меҳнаткашлигида, сабр-тоқатлилигида сезилади. “Халққа қилган яхшилигингни айтиб юрувчи бўлма”, “Бировнинг миннатини кўтар-у, миннат қилувчи бўлма”, “Кам гапир, оз егину кам ухла” каби қуйма, фалсафий фикрлар жамланган икки юзга яқин ҳикматли гаплари борки, буларнинг барчаси бугун ёшларнинг маърифатини, маънавиятини, одоб-ахлоқини, маданиятини ўстиришда катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.

Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг барча асарларида илгари сурилган инсонпарварлик, ватанпарварлик, бунёдкорлик ғоялари ўлмас, эскирмасдир. Юқорида келтирилган ҳикматлардан ҳар бирининг мағзини чақиб, авлиё мутафаккир нима демоқчилигини таҳлил қилиш керак ва ҳар ким ўзига керакли хулоса чиқариши зарур. Мутафаккирнинг ўлмас мероси бугун ёш авлод дунёқарашини ўстиришда қўлланма вазифасини бажаради.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Мансур Мотуридий мероси мустақиллик фарзандларини тарбиялашда, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойили асосида таълим-тарбия ишларининг олиб борилишида улуғ алломанинг барча асарлари ва ҳикматли гапларининг, фикларининг тарбиявий аҳамияти беқиёсдир.

 Равшанбек МАҲМУДОВ,

ГулДУ профессори.

You may also like...

Fikr bildirish