Ўзбекистон давлат филармонияси Сирдарё вилояти бўлими санъаткорлари Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятининг “Зафаробод” шаҳрида концерт берди

Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари Президентларининг олиб борган  оқилона сиёсати туфайли  икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Халқларимиз орасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбек ва тожик халқлари маданияти ўзаро муштарак. Ҳар иккала халқ бир-бирларининг маданияти ва санъатини ҳамиша қадрлаб, эъзозлаб келган ва келмоқда.

Айниқса айни шу баҳор байрамлари кунларида ўзбек ва тожик халқларининг ўзаро дўстлиги ва биродарлиги турли маданий тадбирларда яққол кўзга ташланмоқда. Жорий  йил 7 март куни икки қўшни давлатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва маданий алоқаларни мустахкамлаш мақсадида Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти “Зафаробот” тумани ҳокимлигининг таклифига кўра Ўзбекистон Давлат филармонияси Сирдарё вилоят бўлими ушбу туманга ташриф буюрди.

Ўзбекистондан борган санъаткорларни тожикистонлик биродарларимиз карнай-сурнай садолари остида кутиб олдилар. Тожикча мусиқаларга ҳамоҳанг янграган “Хуш омадет” деган  илиқ сўзлар меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Шу куни “Қасри Фахранг” маданият саройида сирдарёлик санъаткорлар ижросида катта концерт дастури намойиш этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатилло Холиқов, хонандалар Хуршид Зиядов. Достон Жобборовлар ижро этган шўх қўшиқлар остида моҳир балетмейстер Барно Холиқова раҳбарлигидаги “Сирдарё наволари” ансамблининг раққосалари хиром этдилар. Айниқса, Анна Марченко,  Хуршида Акбарова, Одина Айибқулова, Нафиса Умарқулова, Муштарий Ғойипов, Дилшода Эшниёзоваларнинг  чиқишлари  барчага манзур бўлди.  Шунингдек, “Мумтоз наволар”  созандалар ансамбли  жамоаси (чолғучилар: Қувондиқ Худойберганов, Собир Муллаев.Улуғбек Эгамбердиев, Йўлдош Норбўтаев, Нодирбек Нишоновлар) ижро этган мумтоз ва шўх куйлар юракларни забт этди. Шўх оҳанглар томошабинларни ҳам даврага  чорлади.  Бошловчилар Обит Икромов ва Дилрабо Бегматова томошабинларга дил сўзларини баён этишса,  Баҳодир Умаров ва  Мухиддин Қамбаралиевлар  ушбу байрам тантанасини бир умрга суратларга ва тасвирларга муҳрлаб қўйишди.

Ўзбекистон санъаткорлари томонидан ижро этилган ўзбекча ва тожикча куй-қўшиқлар, рақсларда  икки халқнинг дўстлиги яна биркарра  намоён бўлди.

Х.ПАРДАБОЕВА

You may also like...

Fikr bildirish