КЛАСТЕР ДАЛАЛАРИДА ИШ ҚИЗҒИН

*Эртанги ҳаракат — ҳосилга барокат

Мирзаобод туманидаги “Мирзаобод универсал трейд кластер” МЧЖда суғориладиган майдонлар 18,7 минг гектарни ташкил қилади. Баҳорги экиш ишлари бошлангунча далаларда ички ер ариқ ва бетон ариқларни тозалаш, лоток ариқларни соз ҳолатга келтириш ишлари якунланди. Яъни 457 километр лоток тармоғида 2629 дона лотоклар ишчи ҳолатига келтирилиб, 644 дона лотоклар алмаштирилди. Хўжаликлараро зовурлар тармоғида ҳам таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, МТПларда жамланган 100 та чопиқ трактори, 101 дона культиватор, 46 та чигит экиш сеялкаси, 1215 дона тишли борона, 39 дона пуркагичлар таъмирланиб, мавсумга тайёр ҳолга келтирилди.

Шунингдек, 7 та ўрим комбайнини таъмирлаш ишлари давом эттирилаяпти. Марказий таъмирлаш устахонасининг темирчилик, токарлик ва пайвандлаш цехларида иш қизғин ташкил қилинган. Механизатор ва операторларга ҳар куни иссиқ овқат қилиб берилмоқда, улар махсус кийим-кечак билан таъминланган. Ишни тизимли ташкил қилиш, замонавий техникалардан самарали фойдаланиш ҳисобига 2018 йилда 3970 гектар, 2019 йилда 1799 гектар узоқ йиллардан буён сурункали равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экилмасдан келинган (фойдаланишдан чиқиб кетган ҳамда мелиоратив ҳолати ёмонлашган) ерларни қайта ўзлаштириш ҳисобига экин экиладиган майдонларга майдон қўшилди. Бундан ташқари, ер унумдорлигини оширишда мелиоратив тадбирларни сифатли ўтказиш, чуқур юмшатиш, лазерли текислаш каби инновациялардан ҳам самарали фойдаланилмоқда.

Кластер тизимида, аввало, ерга ва инсон омилига муносабат ўзгарди. Замонавий усулдаги кластерда 2 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланди. Бугунги кунда парваришланаётган 4500 гектар ғалла майсалари тўлиқ туплади.

Ғалланинг гектарига 200 килограммдан азотли ва фосфорли минерал ўғитлар солиниб, озиқлантирилди. 80 фоиз найчалаган майдондаги майсалар гектарига 200 килограммдан азотли ўғит билан иккинчи марта озиқлантирилиб, икки марта тўлиқ суғорилди.

Туман ҳудудидаги 35 гектарлик замонавий иссиқхоналарда 450 нафардан ортиқ йигит-қизлар меҳнат қилишаётир.

— Ойлик маошимизни тўлалигича оиламизга олиб бораяпмиз, — дейди иссиқхона ишчиси Наргиза Бойнозова. —Ишга келиб, кетишимизга транспорт воситаси ажратилган, тушлик овқат бепул ташкил этилган.

— Туманда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари Қозоғистон, Украина, Туркманистон, Россия каби 20 га яқин хорижий давлатларга экспорт қилиниб, унинг географияси кенгайиб боришида бизнинг “Мирзаобод универсал трейд кластер” МЧЖ фидойиларининг ҳиссалари ҳам салмоқли бўлмоқда. Иссиқхоналарда хозирда бақлажон, булғор қалампирлари етиштирилиб, хорижий давлатларга экспорт қилинаяпти. Етиштирилаётган қулупнай эса ҳозирча ички бозорга етказиб берилаётир. Лимон ва қулупнай етиштиришга ихтисослашган иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни келгусида Хитой ва МДҲ давлатларига экспорт қиламиз, — деди иссиқхона раҳбари Даврон Шертоев.

Мирзаобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

You may also like...

Fikr bildirish