Хонадон ҳовлисида паррандачилик фермаси

Излаган имкон, изланмаган баҳона топади, дейдилар.  Шахсий хўжалигида молхонаси, томорқаси бор тадбиркор кичкина имкониятларнинг ўзидан оқилона фойдаланиб, ҳам оиласини, ҳам бозорни чорвачилик ва деҳқончилик маҳсулотлари билан таъминлаши, рўзғорига қут-барака киритиши мумкин. Ҳайдовчилик, қурувчилик касбини эгаллаган Гулистон тумани “Шарқ ҳақиқати” маҳалласида яшовчи Шокиржон Ҳазратқулов Президентимиз томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлардан фойдаланиб, 2017 йилда инкубаторияда жўжа очириб, етиштиришни йўлга қўйди. Зарур жиҳозларни Тошкентдаги бозорлардан сотиб олиб келиб, уйида бир жараённинг ўзида 1500 та жўжа очадиган қўлаки инкубаторияни ясади. Жиҳозларни сотиб олиш, инкубатория-ни ясашга бор-йўғи 5 миллион сўм миқдорда маблағ сарфланди.

Шу тариқа тадбиркор аввал қишлоқдаги, кейинчалик тумандаги парранда боқувчиларни соғлом, тухум етиштириш учун боқиладиган жўжалар билан таъминлай бошлади. Тухумларни келтириб, инкубаторияга жойлаштиради, ҳароратнинг бир меъёрда сақланишини назорат қилиб туради. Электр токи ўчиб  қолган пайтларда бензин билан ишлайдиган генераторни ишга солади. Ҳаш-паш дегунча 21 кунда тухумдан жўжалар очирилади. Ёш жўжаларни беш кун боқувда сақлаб, кейин буюртмачи — талабгорларга етказиб беради. Кўриб турибсизки, ҳар бош жўжа 5 минг сўмдан сотилганда ҳам бир жараён — бир ойнинг ўзида оила инкубаториядан 7,5 миллион сўм даромад олаяпти. Бир йилда инкубаторияда тўрт марта жўжа очирилганида шунинг ўзидан тадбиркор 30 миллион сўм даромад қилади.

Паррандачилик кони фойда эканлигини яхши ангалаган Шокиржон Ҳазратқулов хонадонида бир жараёнда 150 тадан жўжа очадиган яна 2 та кичик инкубаторияни ташкил этди.

Халқимизда эпли келин, сепли келин, деган нақл бор. Оилага янги тушган келин Покиза Мирзаева қайнотаси Шокиржондан ҳам ишбилармон чиқди. Икки йил аввал тумандаги  саноат касб-ҳунар  коллежини тамомлаган Покизахон ўтган йили “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида “Агробанк”нинг Гулистон тумани филиалидан 30 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредит олиб, хонадонда туяқуш боқишни йўлга қўйди. Туманда биринчи бўлиб туяқушчилик билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг хонадонида ноёб паррандалар соғлом, дуркун  ўсаяпти. Ҳозир туяқушлар бир ёшдан ошди.

— Туяқуш ўт-ўланни танламай ейдиган хушхўр ҳайвон  саналади, — дейди Покиза Мирзаева. — Улар бир ярим ёшга етганида тухумга киради. Ҳар дона тухуми бозорда 100 долларга, бир  килограмм гўшти 100 минг сўмга сотилади. Унинг туёқлари ҳам ноёб. Бу антиқа жониворни кўпайтириб, келажакда тадбиркорларга етказиб беришни эзгу  ният  қилганмиз.

Туяқушларни парваришлашда Покизага турмуш йўлдоши  Аброр, қайнонаси Дилфуза Ҳаз-ратқуловалар яқиндан ёрдам беришаяпти.  Оиладаги кичик паррандачилик фермасида 100 та товуқ, 2 та товус, 9 та қирғовул, ҳар бири 5 килограмм-гача гўшт қиладиган хитойча “брама” зотли товуқлар ҳам боқилмоқда. Паррандаларнинг янги зотларини кўпайтириш, бу соҳага янги инновацияларни жорий этиш Шокиржон Ҳазратқулов хонадони аъзоларининг чинакам “хобби”сига айланган.

— Паррандачиликни жадал ривожлантириш, уларни йил давомида озуқа билан таъминлаш учун ем-хашак етиштирадиган ер керак, — дейди Ш.Ҳазратқулов. — Маълум майдонда озуқа экинлари ўзимизда етиштирилса, парранда ва маҳсулот  таннархи ҳам шунча арзон бўлади. 

Катта ва эзгу ишга қўл урган тадбиркорни, албатта, туман ҳокимлигидаги масъуллар қўллаб-қувватлашлари, ем етиштириш учун унга ер  ажратилишида амалий кўмак беришлари зарур.

  Бозорбой БЕКМУРОДОВ.

Суратларда: ёш  тадбиркор Покиза Мирзаева жўжа очириладиган инкубаторияда; ота-бола Аброр, Шокиржон ва Дилфуза Ҳазрат-қулова гўштга мўлжалланган “брама” зотли жўжани кўздан кечиришмоқда.

Фурқат ТОШМАТОв олган суратлар.

You may also like...

Fikr bildirish