ПАРВОЗ ЗАВҚИ

Халқаро тоифадаги спорт устаси, ёшлар ўртасида Осиё чемпиони, қишки Осиё ўйинлари совриндори юртдошимиз Сафина Садуллаева “Спорт” телеканалининг “Автограф судьбы” кўрсатувига интервью берди. Қуйида ушбу гурунгни ўзбек тилига ўгириб, муштарийлар ҳукмига ҳавола этаяпмиз.

— Спортчилар оиласидан етишиб чиққанмисиз?

— Оиламизда барча ҳаваскорлик спорти билан шуғулланган. Отам баскетбол ўйнаган. Онам енгил атлетиканинг кўпкураш турига ихтисослашган. Акаларим катта тенниснинг ишқибозлари бўлишган.

— Сиз дастлаб спортга алоқаси бўлмаган машғулот билан шуғулланган экансиз?

— Беш ёшимда онам рақс тўгарагига олиб бордилар. Орадан бир йил ўтгач, мусиқа мактабида скрипка чалишни ўргана бошладим. Фортепьяно тугмачаларини босиб, оҳанг чиқаришга қўлим келишиб қолди. Саккиз йил мусиқага ошно бўлдим. Сўнгра параллел равишда енгил атлетика секциясига қатнай бошладим, акаларим билан теннис кортида шуғулландим. Мусиқа мактабини тугатгач, спорт соҳасига ўзимни урдим. Бир сўз билан айтганда, спорт ғолиб чиқди ва яқин дугонамга айланди. Ота-онам мени мусиқа йўналишида кетади, деб ўйлаганлари амалга ошмади.

— Енгил атлетиканинг баландликка сакраш йўналишини ўзингиз танлаганмисиз ёки тренерингиз?

— Енгил атлетика секциясига келганимда тренерим барча йўналишларда ўзимни синаб кўришга изн берди. Роза Шавкатовна Зянгурова назоратида югуриш, узунликка сакраш, тўсиқлар оша югуришда ўз имкониятларимни кўрикдан ўтказдим. Энг яхши натижани баландликка сакраш машқларида қайд этдим. Хипча ва бўйчанлигим шу спорт йўналишига тўғри келишини тренерим тавсия этди.

— Ҳақиқатан баландликка сакраш сиз учун қўл келди. Мусобақаларда ғолибликни қўлга кирита бошладингиз. Халқаро турнирларда ҳам кўзга ташлана бошладингиз. Илк стартларингизни эслай оласизми?

— Албатта, эслайман. Биринчи беллашувларим Қозоғистон ва Қир-ғизистон Республикаларида кечган. Илк катта ютуғимни эса ёшлар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида қўлга киритганман. Кўҳна қитъа чемпионлигини қўлга киритганимда роса қувонганман. Ушбу ғалаба менинг келгуси спорт ҳаётимда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Парвоз қилишга қизиқиш ва истак пайдо бўлди. Ўз олдимга мақсад қўйишга ундади.

— Ушбу спорт тури билан шуғулланиш учун қандай хислатларга эга бўлиш керак?

— Қатъият, сабот ва бироз қайсарлик. Мен анча кўнгилчанман, бироқ мусобақаларда ўзимни доимо олға интилишга чоғлайман.

— Сизга разм солганимизда қўлида скрипка ушлаган ёхуд фортепьяно олдида машқ қилаётган нозиккина мусиқачи тимсоли жонланади. Беихтиёр юмшоқ табиатли спортчида жанговар руҳ қаердан пайдо бўлиши мумкин, деган фикр келади. Ғалабалар эса бош-қа нарсадан мужда беради. Ҳартугур сизда жанговар руҳ бор.

— Мен фақат ҳаётда юмшоқ кўнгиллиман. Мусобақаларда эса ўзимни қўлга оламан. Ўз-ўзидан жанговар руҳ пайдо бўлади.

— Сиз танлаган спорт турида иккита ёрқин спортчи бор — Светлана Развил ва Надия Дусанова. Улардан устун келиш учун тинимсиз машқ қилиш керак. Чунки бу қизларни бутун жаҳон билади. Улар қаторида ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

— Жуда хотиржамман. Шундай номдор спортчилар билан бирга шуғулланаётганимдан хурсанд бўламан. Улар менга намуна, мотивация беради. Ич-этимни емайман. Муваффақиятларим ҳали олдинда. Ўйлашимча, ҳаммаси жойида бўлади.

— Улардан қайбири руҳингизга яқинроқ?

— Мен кўпроқ Надия билан мулоқотда бўламан. Биз бир-биримизни анчадан буён биламиз. У ҳар доим менга ёрдам беради ва қўллаб-қувватлайди. Света ҳам қўлидан келганча ўгитларини аямайди.

— Қайбирининг техникаси кўпроқ ёқади?

— Ҳар бир спортчининг ўз техникаси бор. Фалончининг техникаси менга яқин, деб айтолмайман. Мен улардан бутунлай бошқача усулда сакрайман. Света ва Надиянинг техникаси ҳам бир-биридан фарқ қилади, яъни ўзгача. Мен учун ушбу спортчиларнинг ўзига хос техникаси мактаб вазифасини ўтайди.

— Сиз кўпроқ очиқ чемпионатларда иштирок этасиз. Қозоғистонда ўтган сўнгги мусобақада олтин медални қўлга киритдингиз.

— Адоқлаган йилнинг январь ойида Уст-Каменагрскда Олимпиада чемпиони Ольга Рипакова соврини учун ўтган мусобақада қатнашдим. 1.92 метрлик тўсиқни ошиб ўтиб, Халқаро спорт устаси талабини бажардим. Мусобақага боришдан олдин шундай натижа кўрсатишга ўзимни чоғладим. Ўзимга ишонч менга ёрдам берди.

— 1.92 метрлик натижа сизнинг шахсий рекордингиз. Келажакда яна қандай баландликни забт этишни орзу қиласиз?

— Бундан-да баландликка сакраш истагим бор. Қишки мавсумни ўтказиб юбормоқчиман. Баҳорги мавсум  келаверсин-чи, кўрамиз.

— Туркманистон пойтахти Ашхободда ўтган V қишки Осиё ўйинларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан икки атлетимиз — Надия Дусанова ва сиз ўрин олдингиз. Шу лаҳзаларни тез-тез эслайсизми?

— Ортда қолган ютуқлар ҳақида ўйлашни ёқтирмайман. Чунки олға интилганингда, янги марраларни кўзлаганингда эски ғалабалар бироз халақит беради.

— Осиё ўйинларини эслаганингизда қалбингизда қандай туйғулар жўш уради?  Сектордан узоқлашиб, совриндор бўлганингизда   нималарни ҳис қилдингиз?  

— Ушбу мусобақалар бошланишига икки ой қолганида турмушга чиққан эдим. Бу турмуш қурган спортчи сифатидаги биринчи стартим эди. Мазкур мусобақага қаттиқ тайёрландим. Гапнинг очиғини айтганда, сов-риндорлар қаторидан жой оламан, деб ўйламагандим. Бироқ хоҳишим кучли эди. Секторда мени Надия Дусанова қўллаб-қувватлаб турди. Бахтимга ҳаммаси омадли келди. Иккини ўринни эгалладим. Бу менинг тиришқоқлигим учун катта мукофот  бўлди.

— Ушбу муваффақият ҳаётингизда қандайдир аҳамият касб этдими?

— Бу катталар ўртасида кечган беллашувлардаги биринчи медалим эди. Илк стартим ана шундай ютуқ билан интиҳо топди.  

— Айтишларича, бундай катта ютуқдан кейин  кўпгина спортчиларнинг характерида ўзгаришлар бўлармиш. Шу ростми?

— Мен бундай ўйламайман. Балки ташқи қиёфада қандайдир ўзгаришлар бўлар. Ҳаётда энг асосийси, инсон бўлиб қолишдир.

— Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз?

— Биз анчадан буён дўст эдик. Рафиқим ҳам енгил атлетика билан шуғулланади. Боз устига, волейбол ўйнашни хуш кўради. Мазкур спорт тури бўйича спорт устаси. Спорт бизни бир-биримизга яқинлаштирди. Турмуш қурдик.

— Машғулот ўтаётган пайтингизда турмуш ўртоғингиз қатнашганлигига гувоҳ бўлдик. У тез-тез машғулотларингизда иштирок этиб турадими?

— Ҳа, тез-тез келиб туради. Ўзи ҳам спорт формасини сақлашга ҳаракат қилади. Мен машғулот ўтказаётганда маслаҳатлар беради. Айниқса, техник машғулотларда менга маънавий мадад беришга ҳаракат қилади.

— Спортчиларда ҳаяжон катта роль ўйнайди. Ҳаяжон билан ғалаба қозониш ҳам мумкин, енгилиш ҳам. Қайси мусобақада ҳаяжон сизга панд берди?

— Адоқлаган йили Эронда ўтган Осиё чемпионатида иштирок этдим. Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли рейсимиз кечикди. Биз тушган учоқ мусобақа бошланадиган куни манзилга етиб келди. Учоқ зинасидан тушган заҳотимиз беллашувга киришдик. Жисмоний жиҳатдан тайёр бўлсам-да, ҳаяжон босиб тўртинчи ўринни эгалладим. Одамга алам қиладиган вазият эди. Медалга бир қадам қолганда қоқилгандим. Бу каминага қийин вазиятларда ўзимни қўлга олиш учун аччиқ тажриба бўлди. Энди мен бундай вазиятларда ўзимни қандай тутишни биламан. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлишини ўшанда англаганман.

— Танқидга муносабатингиз қандай?

— Танқид мени яхши томонга юзланишимга ундайди. Ўзимнинг нимага қодирлигимни кўрсатиш учун ҳаракат қиламан.

— Сиз бир марта Надия Дусанова устидан ғолиб чиққансиз. Бунга у қандай муносабат билдирган?

— Оддийгина. Бу спорт. Ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. Секторда биз рақиблармиз, ҳаётда эса дугоналар.

— Ҳозир спортчилар ижтимоий тармоқларда жуда фаол.

— Мен ҳам ижтимоий тармоқларни кузатиб бораман. Бироқ унга машғулотлар ва мусобақалар пайтида олинган суратларимни юкламайман.

— Нега?

— Бу одат менга ёқмайди. Мен кўпроқ ижтимоий тармоқларга оилавий альбомимдаги суратларни жойлайман.

— Сизнинг баландликка сакраш сектори ва шоҳсупада тушган ажойиб суратларингиз бор. Менимча, улар билан оммани таништириш даркор.

— Оммага ўзимни кўз-кўзлашни истамайман.

— Спортдан бошқа яна нималарга қизиқасиз?

— Спорт — менинг ҳаётим. Ҳамиша ўқув йиғинлари ва мусобақалардан бўшамайман. Уйда кам бўламан. Шундай имконият туғилганда оилам даврасида вақт ўтказаман. Инглиз тилини ўрганишга киришдим. Хорижда бўлганимда, чет тилини яхши билмаслигим панд беради.

— Ўзбекистон терма жамоаси тез-тез чет элларда йиғинлар ўтказиб туради. Қайси давлатлар сизга ёқади?

— Сўнгги йилларда кўпроқ Туркия ва Польшада узоқ муддатли йиғинлар ўтказдик. Турли мамлакатларда бўлиш менга ёқади. Бу жуда қизиқ ва мароқли. Спорт билан бирга саёҳат ҳам қиламиз. Ҳамма жойни кўришни истайсиз. Аниқ бир мамлакатни ажратиб кўрсатолмайман. Бироқ ўзимнинг она диёрим — Ўзбекистонни кўпроқ яхши кўраман. Хорижда узоқроқ қолиб кетсам, соғинаман.

— Катта спортга қачон қайтасиз? Режалар қандай?

— Режалар катта. Бу йилнинг ўзида аввалги даражамга чиқишни истайман.

Тасвирда: вилоятимизнинг номдор спортчиси Сафина Садуллаева.

You may also like...

Fikr bildirish