Жавлон “Йил талабаси” республика танлови ғолиби бўлди

  • Иқтидорли ёшлар

Қобилиятли ёшлар ҳар бир соҳада ҳеч вақт эътибордан четда қолган эмас. Ютуқнинг катта-кичиги бўлмайди. Сабаби, ҳар қандай натижанинг замирида, албатта, меҳнат ётади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан иқтидорли талабаларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида “Йил талабаси” республика танлови анъанавий тарзда ўтказилишининг йўлга қўйиши ҳам бежиз эмас.
23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Йил талабаси — 2019” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда 7 та йўналиш бўйича кучли учталикни эгаллаган талабалар иштирок этишди. Қувонарлиси, тақдирланган ҳамда эътироф этилган талабалар орасида сирдарёлик ёшлар вакили Жавлонбек Ҳамдамов ҳам бор. У “Йилнинг энг фаол спортчи талабаси” йўналиши бўйича фахрли 2-ўринга лойиқ деб топилди.

Ж.Ҳамдамов айни дамда Тошкент педиатрия тиббиёт институтинининг 4-босқичида таҳсил олмоқда. 2018 йилда илк бор таъсис этилган “Мард ўғлон” Давлат мукофотига биринчилардан сазовор бўлган. У тиббиёт соҳасида таҳсил олишига қарамай спортнинг таэкван-до ИТФ тури билан мунтазам шуғулланади.
— “Йил талабаси” танловининг тақдирлаш маросими асносида дунёга машҳур И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи билан яқиндан танишдик. Орол денгизини кўришга мушарраф бўлдик. Танлов ҳақида сўз юритадиган бўлсам, дастлаб институт босқичида иштирок этиш учун ҳужжатларимни топширгандим. Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритдим. Якуний босқичда савол-жавоблар жараёнида иштирок этдим. Танловда иштирок этишимга 16 карра Ўзбекистон чемпиони, 4 карра Осиё, 3 карра Жаҳон чемпиони бўлганим ҳамда совриндорликбўйича қўлга киритган ютуқларим асос бўлди. Шунингдек, тиббиёт соҳасида эришган ютуқларим, халқаро журналларда чоп этилган илмий мақолаларим ва тезисларимни ҳам илова қилдим. Ҳакамлар ютуқларим ҳамда суҳбатдаги жавобларимни инобатга олиб, ғолиблар сафига киритишди.
Тақдирлаш маросимида ғолибликни қўлга киритган барча иштирокчиларга “Йил талабаси — 2019” статуэткаси, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

You may also like...

Fikr bildirish