ГУЛИСТОНДА ЯНГИ САВДО МАРКАЗИ

Жорий йилнинг 14 февраль куни Гулистон шаҳрида янги — “Ҳумо” савдо маркази фаолиятини бошлади. Шу муносабат билан ташкиллаштирилган тадбирни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев очиб, ишбилармон, ёш мулкдор Дантес Устаджалиловнинг қатъий саъй-ҳаракати билан янги деҳқон бозори ёнида энг замонавий, муҳташам савдо маркази қурилиб, ишга туширилганлигини алоҳида таъкидлади. Ёш тадбиркор эндиликда вилоятда 14 қаватли, Европа мамлакатларидагидан қолишмайдиган меҳмонхона қурилишига бел боғлаганлигини ҳам ҳоким мамнуният билан эътироф этди.

Замонавий савдо маж-муасида харидорлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Дўконлар харидорлар дидига мос тарзда жиҳозланган. Эътиборли жиҳати шундаки, бу ерда жами бўлиб 230 та савдо шохобчаси хизмат кўрсатмоқда. Мажмуада “Савдогарбанк”нинг вилоят марказий филиали ҳам мижозларга хизмат кўрсатишни бошлади. Бу эса шу ернинг ўзида янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш имкониятларини янада кенгайтиради. Шунингдек, марказда 3 та банкомат ва инфокиоск ўрнатилган. Ҳамкорлардан бири — “Ренесанс” микрокредит ташкилоти фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Яна бир аҳамиятли томони, савдо марказининг ўзида конференц зал ҳам мавжуд. Савдо алоқаларига доир масалалар эркин мобил алоқалар орқали ҳал этилади.

Шаҳар ҳуснига ҳусн қўшган 72002 метрлик майдонни эгаллаган янги бино барпо этилиши учун 35 миллиард сўм миқдорда маблағ сарфланди. Савдо мажмуаси 1 йилу 8 ой давомида бунёд этилиб,  сирдарёликлар учун 500 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, мажмуанинг очилиш тантанаси улуғ шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун шодиёнасига уланиб кетди. Гулистон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари тадбирда Бобур қаламига мансуб ғазаллардан намуналар ўқидилар. Хайрия концерти ҳам намойиш қилинди. Хушовоз хонанда Баҳодир Худоёровнинг янги “Гулистонликлар” номли қўшиғини мухлислар қизғин олқишлар билан кутиб олдилар. Шу куни мажмуа тасарруфидаги тадбиркорлар ўртасида ютуқли лоторея ўйини ўтказилди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва 1 та “Спарк” русумли енгил автомашина билан тақдирландилар.

— Омадим чопиб, лоторея ўйинида “Спарк” енгил автомашинаси менга насиб этганидан беҳад мамнунман, — дейди савдо марказида фаолиятини бошлаган тадбиркор Умринисо ҳожи она Бозорбоева. — Биз — тадбиркорларга қулай шароитлар яратиб бераётган Юртбошимиздан миннатдормиз.

Тадбирда Озарбайжон миллий маданий маркази раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби, шоир Али Насирли, рус миллий маданий маркази раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, “Дўстлик” ордени соҳибаси Фаина Голубцовалар сўзга чиқиб, шундай хайрли ишга қўл урган тадбиркорни қутлаб, келгусидаги эзгу ишларида ривож тиладилар.

— Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг хорижда фаолият кўрсатаётган Ўзбекистонлик тадбиркорларни Ватанимизга келиб, ишлашга даъват этганлиги, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаганлиги бизни чексиз қувонтирди, — дейди “Дантес Констракшн” фирмаси раҳбари Дантес Устаджалилов. — Амакиларим — Рустам, Шавкат, отам Фарҳод  Устаджалиловлар Гулистон шаҳрида туғилиб, вояга етишган ва 11-мактабда таҳсил олишган. Тақдир тақозоси билан улар Россия Федерациясида тадбиркорлик билан шуғулланишган. Сирдарёда катта ва улуғвор ишлар амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиш ниятида Гулистон шаҳрида биринчи бўлиб йирик савдо комплексини ишга туширдик. Келгусида бундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестиция киритишни режалаштирганмиз.

 Бозорбой БЕКМУРОДОВ.

Суратларда: Янги савдо марказида бўлиб ўтган тадбирдан лавҳалар.

Фурқат ТАШМАТОВ олган суратлар.

You may also like...

Fikr bildirish