МАҲСУЛОТ СИФАТИ КОРХОНА САЛОҲИЯТИДА НАМОЁН

*Ислоҳот одимлари

Авваллари 1960 йилда қурилган Ховос туманидаги “Ховосдонмаҳсулотлари” корхонасида ишлаб чиқарилган ун сифати жиҳатидан бозор талабларига жавоб бермасди. Қайси дўконга кирманг бу корхонада ишлаб чиқарилган унлар тиқилиб ётар, маҳсулотга талабгорлар жуда озчиликни ташкил этарди. 2011 йилда корхонада модернизациялаш ишлари амалга оширилди. Туркия давлатидан қиймати 517 минг АҚШ долларилик технология келтириб, ўрнатилиши натижасида корхона қуввати аввалгидан икки баробар ошди ва бу ерда кунига 70-80 тонна биринчи навли ун, 15 тонна бойитилган омихта ем ишлаб чиқарила бошланди. Юқори сифатли уннинг эса табиийки, талабгорлари кўп бўлади. Ишлаб чиқаришда сифат ўзгаришлари таъминлангач, нафақат Сирдарёда, балки Жиззах, Самарқанд вилоятларидан ҳам бу ерда ишлаб чиқарилган унга катта буюртмалар туша бошлади. Ҳозир ҳам корхона маҳсулотлари бозорда жуда харидоргир.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу ерда буғдойни тош —тупроқ, хас-хашак ва ҳар хил бегона ўтлар уруғларидан тозалаш, элаш ва ювиш ишлари тўлиқ автоматлаштирилган. Тайёр унни қоплаш, тикиш, уларга ёрлиқ ёпиштириш ишлари ҳам бир жараённинг ўзида адо этилади. Цехларда иситиш, совитиш қурилмаларининг ўрнатилганлиги қиш ойларида ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш суръати пасаймаслигини таъминлаяпти. Энг асосийси, 1 тонна ун ишлаб чиқаришга 60-65 кВ электр энергияси сарфланаяпти.

Биргина ўтган йилнинг ўзида корхонада 23 минг тоннадан кўпроқ ун ишлаб чиқарилди. Корхона раҳбарининг  ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Баҳром Нуритдинов, смена усталари Фурқат Мадаминов, Хайрулла Дўстмуҳаммедов, тегирмон бошлиғи Бахтиёр Нуритдинов, оператор Авазбек Шомуродов, Шуҳрат Соибназаров, Сардор Ҳожимаматов, қадоқловчи Абдулла Нарзуллаев, лаборант Абдужалил Муродов, Гулнора Ғафуроваларнинг ҳамжиҳатликда самарали меҳнат қилаётганлиги боис корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш суръати ошиб, унинг иқтисодий қудрати тобора юксалиб бораяпти.

— Маҳсулотнинг сифатли чиқиши буғдойнинг донадорлиги, шаффофлигига кўп жиҳатдан боғлиқ, — дейди корхона раҳбарининг ишлаб чиқариш масалалари бўйича ўринбосари Баҳром Нуритдинов. — 2019 йилда баҳор салқин келганлиги сабабли бошоқлар яхши ривожланиб, донга роса тўлди. Пишиш даврида ҳароратнинг кескин кўтарилганлиги буғдойнинг жуда сифатли етилишини таъминлади. Шу сабабли яқин  йилларда ўтган йилдагидек дон мўл ва баракали бўлмаганди. Корхонамиз билан дон етиштириш бўйича шартнома тузган Боёвут, Сардоба ва Ховос туманлари фермерларидан 2019 йилда оз эмас, 81 минг 800 тонна сара дон қабул қилиб олдик. Ҳосил мўл, барча ҳудудларда бордондек етилгани, шаффофлиги эса жуда юқори бўлганлиги сабабли корхонамизда тайёрланаётган уннинг сифати Қозоғистонникидан сира қолишмайди.

Корхонада олинаётган фойда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги қувватларни ишга тушириш, ишчилар шарт-шароитларини яхшилашга йўналтирилмоқда. Чунончи, Гулистон шаҳрининг иккинчи мавзесида фаолият кўрсатаётган акциядорлик жамияти тасарруфидаги нон цехи Россия давлатидан келтирилган “Восход” технологияси билан жиҳозланган.

Цехда тайёрланаётган нон ва нон маҳсулотлари сифатли ва харидоргирлиги боис бу ерда доимо харидорлар гавжум. Ховос туманининг янги “Чаманзор” массивидаги ишлаб чиқариш цехининг нон ва 5 турдаги макарон маҳсулотларига қўшни вилоятлардан ҳам кўплаб буюртмалар тушаётир.

Булардан ташқари, корхонада 25 минг тонна дон, 50 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлайдиган омбор бор. Яна бир ибратли жиҳати, корхона ўрим-йиғим мавсумида фермерларга хизмат кўрсатадиган 18 та замонавий комбайн билан фермерлар мушкулларини енгиллаштириб келаяпти.

— Бугун изланмаган, янгиликка интилмаган жамоа эртага инқирозга учраши мумкин, — дейди Б.Нуритдинов. — Шу боис жорий йилнинг ўзида корхонада модернизациялаш ишларини давом эттириб, Туркия давлатидан келтирилган, бир кунда 120 тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган энг замонавий технологияни ўрнатиш чораларини кўраяпмиз. Реконструкциялаш ишлари тугаллангач, маҳсулот ишлаб чиқариш суръати ҳозиргидан икки баробарга ўсади.

Дарҳақиқат, мустақиллик шарофати билан ўз донимиз, ўз нонимизга эга бўлдик. Айниқса, маҳсулот ишлаб чиқариш суръатларини ошириш, корхоналарни техник ва технологик янгилаш Президентимиз томонидан улуғвор вазифа этиб қўйилганлиги “Ховосдонмаҳсулотлари” жамоасини ҳам таркибий ўзгаришларни жадал давом эттиришга даъват этаётир.

   Бозорбой БЕКМУРОДОВ.

Суратда: корхона раҳбари ўринбосари Баҳром Нуритдинов смена устаси Хайрулла Дўстмуҳаммедов билан автомат пульт бошқарувини текшириб кўр-моқда.

Муаллиф олган сурат.

You may also like...

Fikr bildirish