Афғон ноласи

*Бугун 15 февраль собиқ совет аскарларининг афғон ҳудудидан олиб чиқиб кетилганига 31 йил бўлди.

10 йиллик Афғон уруши (1979-1989)

1989 йил 15 февраль. Совет қўшинлари Амударёнинг икки қирғоқларини бирлаштириб турган Ҳайратон кўпригидан олиб чиқилган. Собиқ Иттифоқ бу урушда 15 минг ҳарбийсини йўқотган.
Бу ҳақда эшитган ҳозирги авлоднинг эти жимирламаслиги, шунчаки информация сифатида қабул қилиши мумкин. Аслида бу кунга чуқур эҳтиром билан эътибор қаратишимиз лозим. Маълумотларга кўра, ҳарбий ҳаракатларда Ўзбекистондан 65 минг ҳарбий иштирок этган, улардан 1512 нафари ҳалок бўлиб, 2,5 мингга яқин аскарлар ва зобитлар ватанга ногирон бўлиб қайтган. Улар бизнинг аждодларимиз. Шунинг учун уларнинг сиймосини азиз, хотирасини муқаддас билишимиз керак, – деб ўйлайман.

Ҳусан ИСОҚУЛОВ, сайт администратори

Тарих олдида 31 йил сония ҳам ҳисобланмайди. Инсоният яралибдики, икки ярим асргина тинчликда яшаган экан. Бу дунёда барчаси ўткинчи.  Афғон уруши. Ким учун, нима учун жанг қилинди? Биз буни муҳокама қилишдан йироқмиз.

Бироқ, тарихнинг ҳар бир варағида инсон тақдири, хотираси муқаддасдир.

Юртдошларимиздан бири, ички ишлар соҳасида узоқ йиллар ишлаган Қаюмжон Каримов менга кўзида ёш билан бир воқеани айтиб берганди…

” …Афғонистондаман. Киноларда кўрган урушимиз  бошқаю, ҳаётдаги ўзинг иштирок этганинг бошқа экан…Навбатдаги жангларнинг бирида ўқларнинг, бомбаларнинг овозидан сўнг жангоҳга бир муддат жимжитлик чўккандек бўлди. Ёнимдаги йигит инграрди. Ҳаммаёғи қонга бўялган, хушсурат йигит жон талвасасида эди. “Ўзбекмисан”. Бошим билан тасдиқ ишорасини бердим. “Хайрият.  Исмим Жамшид. 20 га (ёшга) ҳам тўлмадим. Илтимос омон қайтгин. Ўғлингга мени исмимни қўйгин…Мен тирикдай…” У охирги сўзларини айта олмади. Дунёга тўлмаган кўзлари очиқ қолди. Ўшанда мен ҳам эндигина 18 ёшдан ошгандим.

Умр оқар сув деганлари рост экан. Жамшидни уйлантирдик. Яқинда неварали ҳам бўлдим…”.

Афғончилар, улар кимларнингдир мақсадсиз урушлари қурбони, эндигина мўйлаблари сабза урган, бир қиз қўлин тутмаган, олам-олам орзулари ўзи билан мангуга айланган кимнингдир жигарпораси, иниси, юртдоши…Омонларининг ҳам юзи кулсада, қалбидаги жароҳат баъзан ўзини эслатиб туришини унутмайлик.

Шоҳиста АВАНГАРД

You may also like...

Fikr bildirish