ЗОТДОР КУРКАЛАР ХОНАДОНДА БОҚИЛАЁТИР

«Бу йил мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агрологистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга 3 триллион сўм маблағ йўналтирамиз. Чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳаларда наслчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ этилади».

                                 Шавкат Мирзиёевнинг

Олий Мажлисга Мурожаатномасидан.

Одатда куркалар оқ-қора рангда бўларди. Ховос шаҳарчасидаги Дилшод Собиров хонадонида боқилаётган паррандаларнинг ранги оппоқ.

— Куркаларимнинг зоти “Биг-6” деб номланади, — дейди Д.Собиров. — Бу зот асли Францияда яратилган. У юртимизда азалдан боқиб келинаётган куркаларга нисбатан жуда маҳсулдор. Ўзимиздаги жайдари куркалар боқилганида ҳар бири 6 килограммгача тош босса, француз зотининг вазни 15 килограммгача етади. Қолаверса, “Биг-6” зотларини боқиш муддати жуда қисқа, яъни улар 6 ойда гўштга тайёр бўлади.

Курка боқиш тадбиркорнинг чинакам “ҳобби”сига айланган. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида “Маҳалла” жамғармаси туман бўлими унга 20 миллион сўм кредит ажратилишида ёрдам кўрсатди. Натижада оилада паррандалар сонини кескин кўпайтириш имконияти яратилди. Айни чоғда оилавий тадбиркорнинг хонадонида 400 бош курка боқилмоқда.

Дилшод Собиров куркаларга бир кунда 500 минг сўмлик озуқа бериб, унинг ҳаммасини бозордан сотиб олади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, агар емишни тадбиркорнинг ўзи етиштирса, харажат камайиб, маҳсулот таннархи пасайган, мазкур фаолиятни янада кенгайтириш учун қўшимча маблағ тўплаш имконияти бўлган бўлар эди.   

Оилавий тадбиркорлар “Биг-6” оқ куркаларини уй шароитида кўпайтиришни ҳам муваффақиятли ўзлаштирмоқда. Ҳар йили кўкламда куркалардан олинган тухумлардан жўжа очтирилаяпти Шу билан бирга улар Тошкентдан ҳам ёш паррандалар келтиришмоқда. Оилавий паррандачилик хўжалигида турли касалликларга қарши йилда бир марта дорилаш, эмлаш муваффақиятли амалга оширилаётир.

Хонадондаги паррандахонани кичик фермага қиёсласа бўлади. Икки қаватли сўкичакларни ҳам тадбиркорнинг ўзи ясаган.

— Агар алоҳида кенг жой, ем етиштириш учун маълум ер ажратилса, ушбу тадбиркорлик субъектини замонавий технологиялар асосида янада ривожлантирган бўлар эдим, — дейди тадбиркор Д.Собиров.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг 13 ноябрь куни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида гўшт ва чорва маҳсулотлари етиштирадиган тадбиркорларга барча имкониятларни яратиб бериш лозимлигини таъкидладилар. Зеро, шундай экан, ноёб парранда зотларини кўпайтиришни мақсад қилган ховослик тадбиркорга ер ажратиш, янги технологияларни жорий этишда Ховос тумани ҳокимлигидаги масъуллар ёрдам қўлларини чўзишлари лозим.

Изланган имкон топади, дейдилар. Оилавий тадбикорлик туфайли Собировлар хонадонининг барча аъзолари доимий иш билан таъминланди. Энг муҳими, ҳалол меҳнат ортидан рўзғорга қут-барака кираяпти. Яна ҳам қувонарлиси, шу касб эъзози боис “Нексия” автомашинаси сотиб олишди. Бошқа орзу-ниятлари ҳам ушалмоқда.

Туманда оилавий тадбиркорлар сони тобора кўпайиб бораётир. Буларнинг натижасида янги-янги чорвачилик, қуёнчилик ва паррандачилик хўжаликлари ташкил этилмоқда.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ

You may also like...

Fikr bildirish