МЕҲР ҲАЙКАЛИ

Бу йил бутун башарият фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонлайди. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳомийлигида ана шу муҳим санага бағишлаб “Зиё” нашриётида 27 босма табоқлик “Жасорат ўлмайди” деб номланган катта китобни нашрдан чиқарди.

Китобнинг кириш қисмида Президентимизнинг “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Фармони, “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ва бошқа расмий ҳужжатлар ўрин олган.

Китоб вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг “Хотира — аждодлар жасоратига қўйилган меҳр ҳайкали” деб номланган ўнг сўзи билан очилади. Мақолада Иккинчи жаҳон уруши жанг-гоҳларида жасорат намуналарини кўрсатган юзлаб сирдарёлик марду майдонлар шаънига юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилган.

Мақоладаги ушбу парча сирдарёликларнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасоратини янада аниқроқ ифодалайди. “Иккинчи жаҳон урушида 15352 нафар ҳамюртимиз қатнашган бўлса, шулардан 4503 киши ҳалок бўлган, 4321 киши бедарак йўқолган. 6428 нафар ҳамюртимиз қайтиб келган ва юрт обод-лигини тиклашда иштирок этганлар. Урушда ҳалок бўлганлар, бедарак йўқолганларнинг исм-шарифлари Президентимизнинг ташаббуслари билан Хотира майдонларидаги мармар лавҳаларга ва Хотира китобларига киритилган.

Урушдан соғ-омон қайтиб келганлар ва фронт ортида оғир меҳнат қилиб, ҳаётдан кўз юмганлар ҳозирча ҳеч қаерда қайд этилмаган. Шу боис вилоятимизда “Жасорат ўлмайди” номли “Хотира китоби”ни яратишга қўл урдик”.

Сўнгра китобда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ҳамюртларимизнинг исм-фамилиялари, таржимаи ҳоллари шаҳар ва туманлар кесимида мухтасар баён қилинган.

“Нуроний” жамғармаси вилоят Кенгашининг раиси Ўтбосар Абдиевнинг “Хотира китоби”га ёзган сўнг сўзида айни дамда  вилоятимиздаги уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

“Жасорат ўлмайди” китоби вилоятимиз ҳокими Ғофуржон Мирзаев лутф этганларидек, жанггоҳлар ва фронтортида мардлик намуналарини кўрсатган юртдошларимиз шаънига ўрнатилган чин маънодаги меҳр ҳайкали бўлди.

                          Муҳаммад АЛИ.

You may also like...

Fikr bildirish