ГВАРДИЯЧИ КОРНЕЙКО

*Сирдарё қаҳрамонлари


Василий  Харитонович Корнейко

Корнейколар оиласи уруш айни қизиган 1942 йилнинг июль ойида Украинанинг Харьков областидан Ўзбекис-тонга эвакуация қилинди. Ўшанда Василий  Харитонович Корнейко Юрченково қишлоғидаги мактабнинг 9-синфини тугатган, мурти энди сабза ура бошлаган 18 яшар йигитча эди. Украин оиласини Сирдарё шаҳарчаси аҳолиси қучоқ очиб кутиб олди. Ўша пайтда собиқ иттифоқнинг уруш кетаётган ҳудудларидан Ўзбекистонга пешма-пеш одам тўла эшелонлар келиб турарди. Қанчадан-қанча етим қолган болаларни ўзбек оилалари ўз бағрига олдилар.

1942 йилнинг октябрь ойи-да Василийга Сирдарё ра-йони ҳарбий комиссариатидан чақириқ қоғози келди. Куз ўртаси. Дарахтларнинг япроқлари тилла рангга кирган. Табиатда ажиб бир осойишталик ҳукм сурарди. Бироқ шўролар давлатининг уруш кетаётган ҳудудларида бомба ва миналарнинг портлаши қулоқни қоматга келтирарди. Жанггоҳларда ёшу қарилар, аскару офицерлар жон таслим қиларди. Василий Ўзбекистонда гарчанд 4 ой яшаган бўлса-да, сирдарёнинг бағри кенг, меҳнаткаш одамларини, гўзал табиатини севиб қолганди.

Эр бошига иш тушганда мард йигитлар унинг ҳимоясига отланадилар. Ажойиб тақдирни қарангки, 1943 йилнинг ёзида Василий Харитонович Корнейко киндик қони тўкилган Харьков шаҳрини озод қилиш учун бўлган жанг-да ярадор бўлди. Госпиталда даволаниб яна сафга қайтди.

1944 йилнинг март ойида гвардиячи кичик лейтенант Василий Корнейко 3-Украина фронти 37-армиянинг 20-гвардиячи ўқчи двизияси 60-гвардиячи ўқчи полкининг пулемётчилар взводига командирлик қилди. Жасур командир Жанубий Буг дарёсини ишғол қилишда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди.

Уруш арафасида “Жасур еттовлон” (“Семеро смелых”) номли фильми ёшларнинг севимли киносига айланганди. Мазкур фильм 30-йиллар комсомол-қутбчиларининг мислсиз қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қиларди. Бу фильмни Василий ҳам дўстлари билан севиб томоша қилганди. Кино қаҳрамонлари уни жанггоҳларда жасорат кўрсатишга чорларди. Шундай палла яқинлашиб келаётган эди.

1944 йил 25 мартдан 26 мартга ўтар кечаси Корнейко взводи Жанубий Буг дарёси орқали Николаевск области Вознесенск райони Натягайловка қишлоғига кириб борди. Дарёнинг ғарбий қирғоғидаги душман плацдармини эгаллаш учун қизғин жанглар бошланди. Қўмондонликдан қатъий буйруқ келди: “Бир қадам ҳам ортга чекиниш йўқ. Плац- дармни душман қўлига топширманглар!”

Тонг отиши билан гитлерчилар Корнейко взводи устига минамётлардан тўхтовсиз ўт очдилар. Жанг майдонида қиёмат қўпди. Қизил аскарлар бўш келишмади. Қарши ҳужумга ўтиб, душман пиёдалар взводини қириб ташлади. Беаёв жангдан ке-йин фашистлар чекиндилар. Бироз сукунатдан кейин душман галалари кенг фронт бўйлаб қайта жангга киришди. Гвардиячилар гитлерчиларга қарата ўт очдилар. Ўқ захираси тугади. Взводдан бир неча тирик аскар қолди. Қисқа муддатли тин олиш пайти корнейкочилар ўлдирилган душман аскарларининг қурол-яроқларини йиғиб, яна жангга кирдилар. Икки сутка мобайнида душманнинг ҳаракат қилишига изн берилмади. Кўплаб немис-фашист офицер ва аскарлари корнейкочиларнинг ўқидан асфаласофилинга жўнади. 20 ёшли гвардиячи кичик сержант Василий Корнейко 1944 йилнинг 27 март куни тенгсиз жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Унинг жасади Вознесенск райони марказининг 1 май майдонидаги ўртоқлик қабристонига дафн этилган.

Гвардиячи кичик лейтенант Василий Харитонович Корнейко жанг майдонларида кўрсатган мислсиз жасорати учун юксак унвон ва орденлар билан тақдирланган.

Корнейко шарафига Вознесенск райони маданият ва истироҳат боғида ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган.

Украин йигити Сирдарё районидан жанггоҳга отланган В.Х.Корнейкони вилоятимиз аҳли “ўзимизнинг қаҳрамон”, дея эъзозлашади. Зеро, у Сирдарё заминидан урушга кетиб, қаҳрамон, деган юксак рутбага эришди-да!

 Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish