ЭР БОШИГА ИШ ТУШСА…


Михаил Тимофеевич Тумакшин

Михаил Тимофеевич Тумакшин 1918 йилнинг 19 ноябрь санасида Симбирск губерниясининг Томилово қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган. У Улуғ Октябрь тўнтариши билан қарийб тенгдош эди. 

Ёқимтойгина мордвин йигити ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталарида Тошкентга келиб, темирйўл техникумига ўқишга кирди. 1936 йилда техникумни тугатган мурти сабза урган 18 ёшли йигитча Мирзачўлда — Ховос темир йўл станциясида паравоз машинисти ёрдамчиси бўлиб иш бошлади. Михаил паравозда юрт кезишни яхши кўрарди. Дунё кезасан, қанчадан-қанча одамлар билан мулоқотда бўласан. Йигитчанинг орзулари осмон қадар эди. Қисқа вақтда паравозни бошқаришни бино-йидек ўрганиб олди.

1939 йилда Михаилни Қизил Армия сафларига чақиришди. У хизмат пайти ҳарбий билим олишни истаб қолди. Ахир, бешикдан қабр-гача илм изла, деган ҳикмат бор-ку! Тумакшин 1941 йилда Иркутск ҳарбий-инженерлик билим юртини тугатди. Йигитча уруш бошланган йил июнь ойидан Ватан ҳимоясига отланди. 182-алоҳида моторлаштирилган-инженерлик батальонида рота командири сифатида жангларга кирди. Катта сержант Тумакшин Днепр дарёсини кечиб ўтишда алоҳида қаҳрамонлик намунасини кўрсатди.

1943 йил сентябрь ойининг охирлари октябрь ойининг бошларида Сваромье аҳоли пункти ёнидан оқиб ўтадиган Днепр дарёсини кечиб ўтиш учун аёвсиз жанг-лар бошланди. Тумакшин         3-гвардиячи танк армияси илғор қисмининг ўнг қирғоққа тез ва самарали, кам талофат билан ўтишига шароит яратиб берди.

Сўнгра дарё устига қуриладиган ёғоч кўприк қурилишида сапёрлар ротасига раҳбарлик қилди. Қурилиш ишлари фақат тунда артиллерия ҳужумлари ва авиация бомбалари остида олиб бориларди. Мана шундай қийин вазиятга қарамай кўприк муддатидан 11 кун олдин фойдаланишга топширилди.

Урушда ҳар бир сония, ҳар бир дақиқа ўлимни бўйнингга олиб жангга киришга мажбурсан. Эр бошига иш тушса, этик билан сув кечар мақоли балки жангу жадал пайти тўқилгандир. Октябрнинг бошлари. Буралиб оқаётган Днепр сувларидан юзларни чимчиловчи изғирин шамоллар эса бошлади. Қорли-қировли қиш яқинлашиб келаётган эди. Михаил Днепрнинг белига ўрнатилган кўприкка раҳбарлик қилганига беҳад хурсанд, урушда кўрсатган жасорати учун олган ордени кўксида ярқираб турарди.

1943 йил 5 октябрь куни қўққисдан кўкда душман самолётлари пайдо бўлди. Еру кўкни бомбаларнинг портлашлари ларзага келтирди. Атрофга сочилган снарядлардан бири Михаилнинг бошига санчилди. У кўп қон йўқотди. Катта лейтенантни медсанбатга олиб боришди. Бироқ снаряд ўз ишини аллақачон қилиб бўлганди.

Қаҳрамонни Козлица қишлоғига дафн этишди. Урушдан кейин унинг хоки Киев области Переяслав шаҳридаги маданият ва истироҳат боғига кўчирилди.

Немис-фашист босқинчиларига қарши курашда жанговар топшириқларни аъло даражада бажарганлиги учун катта лейтенант Михаил Тимофеевич Тумакшин ўлимидан кейин орден ва Олий унвон билан тақдирланди.

Ховос станциясидаги мактаблардан бирига унинг номи берилганди. Томилово қишлоғида қаҳрамонга лавҳа ўрнатилган.

Муҳаммад АЛИ.

You may also like...

Fikr bildirish