ТОМОРҚА — МЎМАЙ ДАРОМАД МАНБАИ

Ундан унумли фойдаланган, бир ердан икки-уч марталаб ҳосил олаётган миришкорлар катта иқтисодий барқарорликка эришмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 июнда “Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шунга кўра вилоятларда ҳам Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Сирдарё вилояти бўйича вакиллиги ташкил этилди.

Ўтган давр ичида ушбу жамғарма вакиллиги томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖларни молиявий қўллаб-қувватлаш, уруғ, техника воситалари, зотли моллар етказиб бериш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Чунончи, жамғарманинг вилоят вакиллиги томонидан фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 2019 йилда 1 миллиард 731 миллион сўмлик кредит берилди. Буларнинг самарасида жойларда 57 та иссиқхона, 58 та паррандачилик, 14 та асаларичилик, 46 та қўйчилик, 2 та эчкичилик, 3 та куркачилик, 10 та чорвачилик, 59 та қуёнчилик хўжаликлари ташкил этилиб, 7 та янги боғ ва токзорлар барпо қилинди.

Яна ҳам аҳамиятлиси, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида вилоятда минглаб оилалар янги иш ўринларига эга бўлиши билан бирга иқтисодини мустаҳкамлаб, эл дастурхони тўкинлигига баракали ҳисса қўшиб келаётган замонавий ишбилармонга айландилар. Масалан, Сирдарё тумани “Қуёш” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Ҳалим Чикашвили кўп йил дурадгорлик касби билан шуғулланган. Кейинчалик тадбиркорликка қўл уриб, 15 сотих майдонда кўчат ва сабзавот маҳсулотлари етиштирадиган мўъжазгина иссиқхона фаолиятини йўлга қўйди. Қишда ҳар квадрат-метрда 10 минг тупгача помидор ва бодринг кўчатлари етиштириб, талабгорларга етказиб беради.

Март ойида кўчатдан бўшаган майдонларда помидорнинг Исроил давлатидан келтирилган “Сабина” навини парваришлаб, мўл ҳосил етиштиради. Бир ер — битта иссиқхонанинг ўзида бир йилда икки-уч марта кўчат ва ҳосил етиштираётганлиги сабабли оиладаги ана шу иссиқхонадан йилига 120 миллион сўмдан ошириб соф даромад олаётир. Боз устига иссиқхонада 25 киши учун доимий иш ўрни яратилган. Бу ерда ҳатто Тошкент вилояти Чиноз туманидан келиб    ишлаётган кўчат етиштирувчи ва помидор экинини парвариш қилувчи оила бекаларини ҳам кўриш мумкин. Иссиқхонада ишлаётганлар яхшигина иш ҳақи олишлари билан бирга, уларга бу ерда бепул иссиқ овқат ташкил этилган.

Иссиқхона қиш ойларида оддий ўтин билан иситилади. Сабзавот етиштиришнинг ҳадисини олган Ҳалим Чикашвилини энг тажрибакор деҳқон сифатида Тошкент вилоятида ҳам жуда яхши билишади. Ўтган йили миришкор деҳқонга Олмалиқ кон-металлургия заводи томорқасидаги иссиқхона хўжалигини тиклаб беришни таклиф қилишди. Тажрибали деҳқон кейинги йилларда ҳосил ололмаётган корхона иссиқхонасида помидор ва бодринг экинлари парваришини намунали йўлга қўйди. Энг муҳими, экинларни суғориш, ўғитлаш, турли касалликларга қарши дорилашда замонавий инновация ютуқларидан кенг фойдаланди. Натижада, фойда келтирмай қўйган завод иссиқхонасидан 100 миллион сўмдан зиёд даромад қилинди.

— Иссиқхона ҳам қаровни, парвариш қилинаётган экинлар вақтида минерал ва маҳаллий ўғитлар беришни талаб этади, — дейди Ҳалим Чикашвили. — Шунинг учун экилган кўчатларни озиқлантиришда минерал ўғитдан ташқари маҳаллий гўнг — озиқадан ҳам кўп фойдаланаман. Экин майдонларимиз шўрхоклиги туфайли бир йилда уч марта тупроқнинг шўрини юваман. Ҳаракатларимизга яраша даромадимиз ҳам чакки эмас. Кичкина томор-қа хўжалигининг орқасидан тўрт нафар фарзандимни уйли-жойли қилдим. Оиламиз бирон нарсага зориқмай тўқ ва фаровон яшаяпди.

— 2020 йилда ҳам фермер, деҳ-қон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорликка қўл ураётган ишлармон ва ҳунармандларга 16 фоизлик кредит беришни изчил давом эттирамиз, —дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Сирдарё вилояти бўйича вакили Илҳом Олимов. — Тадбиркорликни бошламоқчи ёки иш фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганлар жамғармамизга мурожаат этиб, “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” ва “Агробанк” филиалларидан кредит олиб, деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликларини, ҳунармандчилик фаолиятларини ривожлантиришлари мумкин. Президентимиз томонидан яратиб берилаётган катта имконият ва қулайликлар ҳар бир оила иқтисоди юксалишига, камбағаллик мезони камайтирилишига хизмат қилади.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ.

Фурқат ТОШМАТОВ олган   суратлар.

You may also like...

Fikr bildirish