ТИЗИМЛИ ХИЗМАТ КЛАСТЕР ВА ФЕРМЕРЛАР УЧУН ИШОНЧЛИ КАФОЛАТ

*Журналистлар учун пресс-тур

Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалик соҳасини ривожлантиришга қаратаётган катта эътиборлари туфайли кластер хўжалиги ва фермерларга ўғит, ёқилғи мойлаш материаллари етказиб беришда тизимли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бир пайтлардагидек фермерлар ўғит, доривор преператлар олиш учун минерал ўғитлар тарқатиш базаларига ҳафталаб қатнаб, қимматли вақт-ларини йўқотиш ташвишларидан халос бўлдилар. Эндиликда фермер таъминот корхоналари билан шартнома тузиб, ҳужжатларни расмийлаштирса кифоя — шу куннинг ўзида зарур ўғит ва препаратлар дала бошигача минерал ўғит тарқатиш базаси томонидан етказиб берилади. Айни вақтда “Агрокимёҳимоя”нинг туманлараро минерал ўғит тарқатиш базалари фермерларга хизмат кўрсатадиган ОВХлар, техника воситалари билан ҳам таъминланган. Энг қизғин пайт — вегетация жараёнида ғалла ва пахта зараркунадалари-ҳашаротларга қарши курашиш, бегона ўтларни йўқотишда “Агрокимёҳимоя”нинг туманлараро минерал ўғит тарқатиш базалари механизатор ва мутахассислари бевосита ОВХлар ҳамда ўғит сепиш мосламалари билан фермерлар далаларида агротехник тадбирларни намунали бажариб, деҳқонларнинг мушкулларини енгиллаштириб келмоқдалар. Тизимли хизмат кўрсатиш самарасида ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва юқори ҳосил етиштириб келинаётир. Буни ўтган йили вилоятимиз ғаллакорлари энг юқори ҳосилдорликка эришганлиги, қатор туманларда пахтачиликда белгиланган марралар шараф билан адо этилганлиги, туманлараро минерал ўғит тарқатиш базаларида фермерларга тизимли хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланганлиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Вилоят “Агрокимёҳимоя” акционерлик жамиятининг Сайхунобод туманлараро минерал ўғит тарқатиш базасида журналистлар учун ўтказилган пресс-турда ҳам асосий эътибор кластер хўжаликлари ва фермерларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, янги мавсумга тайёргарлик ишларининг боришини назорат қилиш, соҳа мутахассислари малакавий ҳозирликларини синовдан ўтказиш, ўғит заҳиралари ва техника воситаларининг сақланиш ҳолатларини ўрганиш масалаларига қаратилди.Тадбирда вилоят “Агрокимёҳимоя” акционерлик жамияти раҳбар ва мутахассислари, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ матбуот хизмати раҳбари, республикадаги шу соҳага дахлдор журналларнинг муҳаррирлари, вилоятдаги оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Қувонарли жиҳати шундаки, бу ерда “Ифода” МЧЖ томонидан 40 турдаги қишлоқ хўжалик экинларига ишлов бериш, зараркунандаларга қарши курашиш, бегона ўтларни йўқотишга мўлжалланган препаратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Мутахассислар препаратларнинг хусусиятлари, қўллаш усуллари, улардан ишчи эритмаларини тайёрлаш бўйича ҳам тадбир қатнашчиларига кенг тушунчалар беришди.

Тадбирни вилоят “Аргрокимёҳимоя” акционерлик жамиятининг боғдорчилик, деҳқончилик масалалари бўйича бўлими бошлиғи Нарзиқул Арипов бошқариб борди ва база механизаторлари ўртасида ОВХ мосламаларини ишлатиш, ишчи эритмаларини тайёрлаш ва сепиш меъёрлари бўйича машғулотлар ўтказди. Эътиборли жиҳати, ушбу минерал ўғит тарқатиш базаси жамоаси Сирдарё, Сайхунобод ва Оқолтин туманларидаги фермер хўжаликларига минерал ўғитлар ва зараркунандалару ҳашаротларга қарши курашда ишлатиладиган препаратларни тизимли равишда етказиб беради.

База ишчи-хизматчилари хизмат кўрсатаётган туманларда вилоятда белгиланган ғалланинг 35 фоизи, пахтанинг 31 фоизи етиштирилади. Шу билан бирга база тасарруфидаги 15 та ОВХ, 7 та трактор билан фермерларга йил давомида агротехник хизматлар кўрсатиб келинади. Ҳозирда базада мавжуд ОВХ ва бошқа техника воситалари тўлиқ таъмирланиб, соз ҳолатда кўрикдан ўтказилди. Ўғитлаш мавсумида уларнинг ҳар бири 25-30 гектар майдондаги ғалла ва ғўзаларга суспензия ва бош-қа препаратлар сепилади. Ўғитни жамғариш, омборларда сақлаш, фермерларга етказиб бериш бўйича алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Шунга кўра, ўғитларни ортиш, фермерлар ҳужжатларини расмийлаштириш, тарозида тортиб, далага жўнатиш ишлари базада тез ва қисқа муддатда адо этилади. Бу ерга келган мижоз шу сабабдан хизмат сифатидан жуда мамнун. Бу ерда қўшимча 4 та юқори қувватли штангали пуркагичларнинг ҳам шайлаб қўйилганлиги иш тиғиз пайтида деҳқонларнинг мушкулини янада енгиллаштиради.

Базадаги омборларнинг сиғими 23 минг тоннани ташкил этади. Ҳозир омборларга 19 минг тонна минерал ўғит жамғариб қўйилган. Бу учта тумандаги ғалла майсаларини уч марта озиқлантириш учун етарли озуқа заҳираси яратилган, демакдир. Айни чоғда “Индарама” қўшма корхонаси ва Сайхунобод туманидаги қатор фермер хўжаликларига ғаллани озиқлантириш мақсадида аммиакли селитрани тарқатиш ишлари бошлаб юборилди.

Пресс-тур иштирокчилари ОВХларнинг тайёргарлиги, омборларда ўғитнинг сақланиши, машиналарга юкланиши, ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тарозида тортилган озиқанинг юк хати орқали нест-нобудсиз фермер даласигача етказиб берилиши жараёнлари билан танишдилар. Ҳар бир иш функцияси ҳақида тажрибали мутахассис, “Агрокимёҳимоя” АЖ бўлим бошлиғи Нарзиқул Арипов журналистларга кенг тушунча берди.

Яна бир ибратли жиҳати, базадан ўғитни олган фермерлар шу куннинг ўзида дала бошида майсаларга аммиакли селитрани сепишни бошлаб юбордилар.

— Мен “Агрокимёҳимоя” акционерлик жамиятининг Сайхунобод туманлараро минерал ўғит тарқатиш базаси ишчи-хизматчилари хизматидан жуда мамнунман, — дейди Сайхун-обод туманидаги “Фозилов Орзумурод” фермер хўжалигининг раҳбари Туркман Орзуев. — Бир соат олдин базадан ўғитни олгандик. Ҳозир 50 гектар майдондаги ғаллага аммиак селитраси сепишни бошлаб юбордик. Таъминотчиларнинг ўғит маҳсулотларини тизимли етказиб бераётгани сабабли ўтган йили ҳар гектар майдондан 65 центнердан сара дон йиғиштириб олдик. Бу йил ҳам парвариш ишларини сусайтирмай юқори ҳосил етиштириш учун курашамиз. База жамоаси бизга доимо ҳамкор, ишончли хизмат кўрсатаётган экан, бу йилги ҳосилимиз ҳам баракали бўлишига умид билдираман.

  Бозорбой БЕКМУРОДОВ

You may also like...

Fikr bildirish