ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ТЎРА СУЛАЙМОН ИЖОДИНИ ЁД ЭТИБ …

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод макабида  Тўра Сулаймон ижодига бағишланган “Бу оламда ой танҳо” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳор Холбекова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Анвар Тоға, Ҳалима Худойбердиеванинг синглиси Ойдинхон ва Тўра Сулаймоннинг фарзандлари ҳамда  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатулла Холиқов ва бошқа бир қанча нуфузли меҳмонлар ташриф буюрдилар.

Тадбирни Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори Муҳаммад Исмоил очиб берди ва Тўра Сулаймон ҳақида қимматли маълумотлар бериб, йиғилганларни ҳушнуд этди.

Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов шоир ҳақида қуйидагиларни сўзлади:

Тўра Сулаймон тенги йўқ ижодкор эди. Унинг соф лирик шеърлари халқ йўлида битилгандир. Унинг ижод намуналари ўз даврининг долзарб масалаларига бағишланганлиги, воқеликни қадимги бахшилар назари билан кўриб, ўхшатма шаклида ёзилганлиги ҳамда ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унинг “Эргаш Жуманбулбул эл кезади” тукумидаги бахшиёна шеър ва достонлари ўзбекнинг миллий ғурурини тиклашга муносиб хисса қўшган асарлар сирасига киради. “Сояси бор одамлар” номли китобимни варақласангиз, Тўра  Сулаймон ҳақида  кўпгина маълумот берганман, дея  шоир ҳақида қимматли маълумотларни сўзлаб, тингловчилар олқишига сазовор бўлди.

Ижод мактабининг ўқувчилари Давронбекова Шахло, Эшқулова Гулсанам, Ҳамроқулова Шахзода, Валижонова Дилфуза, Қўзибекова Ёрқиной навбат билан Тўра Сулаймон ижодидан намуналар ўқиб ўз иқтидорларини намоён этдилар.

Ижод мактабига ташриф буюрган Тўра Сулаймоннинг севимли қизларидан Жиззаҳ вилояти тарихи ва маданияти Давлат музейи Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним филиали бўлим бошлиғи Юлдуз Бегалиева қуйидагиларни сўзлади:

–Мен отам Тўра Сулаймон ижодига бағишланган мана шундай тадбирлар доимий ташкил қилиниб келинаётганидан жуда ҳам қувонаман. Тўра Сулаймоннинг шогирдлари ҳар йили отам ижодига эҳтиром ила маънавий-маърифий тадбир ўтказишади. Улар биз фарзандлар бажаришиимиз керак бўлган ишларни биздан олдин амалга оширадилар. Биз бундан беҳад шодмиз. Ижод мактабининг раҳбари Муҳаммад Исмоилга отамни эслаб адабий кеча ташкил қилганликлари учун оиламиз номидан миннатдорчилик билдираман.

Отамнинг мухлислари унинг ижодини жуда ҳам севишади, ардоқлашади. Бир куни бир шоир мухлиси  билан суҳбатлашганимда унинг бир ҳамроҳи отам туғилган қишлоқдан экани ва “Тўра Сулаймонни танийсизми?” деган саволига “йўқ” деб жавоб бергани учун аччиқланиб, ўзи ёзган шеърини менга тақдим этди мен ҳозир шу шеърни сизларга ўқиб бермоқчиман:

–Эй биродар, қай юртдансан сен?

–Бахмалданман, мен Алдашмандан.

–Буюк шоир қишлоғиданми?

–Шаҳардаман неча замондан.

–Танимайман, ростини айтсам.

–Ким эди у шоир деганинг,

Агар уни танимасанг сен,

Шуми, айт-чи шаҳар кўрганинг…

Қишлоғингни айтишинг шартмас,

Бундай фахр бўлмасин армон.

Энди сендан сўрашса, дегин:

Ҳамқишлоғим Тўра Сулаймон.

Ҳақиқатан ҳам отамни таниган билган ҳурмат қилган инсонлардан жуда ҳам қувонаман.

         Ҳалима Худойбердиева билан суҳбатлашиш насиб этган. Отам Ҳалима Худойбердиевани жуда ҳам ҳурмат қиларди. Уни салобатли, салтанатли дея таърифлашни яхши кўрарди дея бир қанча хотираларни эслаб қимматли маълумотларни сўзлаб берди.  

Ижод мактабига ташриф буюрган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатулла Ҳолиқов Тўра Сулаймон сўзи билан айтилган қўшиқлардан куйлаб, тингловчиларнинг олқишига сазовор бўлди.

Халқимизнинг севимли шоири Тўра Сулаймон ижодини кузатар эканмиз, Сирдарёнинг номини, шонини кўкларга кўтарган Ўзбекистон халқ шоири намоён бўлади.

Баҳор келса, бошланур боғда булбул хониши,

Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши.

Қирларда лола сайли, қишлоқларда йилбоши:

Тўхтагай табиатдан ҳаққушлар зорланиши

Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Тўра Сулаймон ўзбек шеъриятида ўзига хос услуби, халқона оҳанглари билан алоҳида ўрин тутади. Шоир шеърларида халқона соддалик уфуриб туради. Унинг шеърларини ўқиганимизда шеърий санъатларни, қонун-қоидаларини унутиб, сўзлардаги гўзаликдан ҳайратланамиз. Тўра Сулаймонни қанча такрор ўқимайлик, унинг шеъриятига мафтун бўлаверамиз.

Тўра Сулаймоннинг “Ота макон” сарлавҳали шеъридаги “Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп” мисралари бу мисраларнинг ўта самимийлиги билан қимматлидир.

У шеърларида Ватанни борлиғи билан севиб, ўзи таъкидлаганидек, Юрт тупроғини, байроғини ўпиб ўтди.

“Бу қадим Турондир-жон ичра жондир”.

Тўра Сулаймон Ватан учун яшаб, юрт равнақи йўлида ўзини фидо қилди. У яратган ижод намуналари ўзбек адабиётининг бебаҳо ҳазинасидир.

Келажак авлод Тўра Сулаймонни ҳали кўп ўрганади, унинг асарларидан илҳомланиб, ўз ижодини бойитади. Шоир шеърияти ўсиб келаётган авлод, ижодкор ёшлар учун маёқ бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.

Шохиста МАМАДАЛИЕВА,

Ҳалима Худойбердиева номидаги

ижод мактабининг ўқитувчиси

You may also like...

Fikr bildirish