ЎҚУВЧИГА ИМКОНИЯТ

*Таълим: тажриба — синов

“Мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва ада-биётлар сифатини ошириш зарур”.

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан.

Мамлакатимиз таълим тизимида инқилобий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари ўзлари танлаган олий ўқув юртларига эмин-эркин киришлари учун қулай шарт-шароитлар яратилаётир. Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш тўғрисида”ги  405-сонли буйруғига асосан битирувчи синф ўқувчиларига 5 та йўналиш бўйича фанларни танлаш имконияти берилаяпти.

«Бунинг маъноси нима?», деган ҳақли савол туғилиши табиий. Жорий ўқув йили учун мўлжалланган таянч ўқув режаси асосида ўқитиладиган синфлар анъанавий синфлар сирасига кирса, танлов синфлар вариатив ўқув режа асосида ўқитилади. Анъанавий синфда 15 та мажбурий фан ўқитилса, танлов синфида мазкур фанлар тенг ярмига қисқаради, яъни 8 тага туширилади. Вариатив ўқув-режаси асосида ўқитиладиган битирувчи синф ўқувчилари мактабда олган билимларига тая-ниб ОТМга ўқишга киришлари ҳақиқатга айланиши кутилаяпти. Содда қилиб айтганда, репетитор хизматидан фойдаланмай туриб ҳам олий ўқув юртларига ўқишга кириш мумкинлиги кун тартибига қўйилмоқда.

— Бу йил мактабимизни 154 нафар йигит-қиз битиради, — дейди таълим муассасаси директори, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Олимжон Мирбаратов. — Келаси йили битирувчиларимиз сони яна 10 нафарга ошади, яъни 164 нафарни ташкил этади. Вариатив ўқув-режа асосида ўқитишни йўлга қўйиш ўқувчиларимизни ўз севган фанларини пухтароқ ўзлаштиришларига замин яратади. Ортиқча фанлардан халос этади. Ўйлайманки, келаси ўқув йилида ОТМга кирадиган ўқувчиларимиз сони янада кўпаяди.

Мазкур масалани Гулистон шаҳри мактаблари мисолида  ўрганишга ҳаракат қилдик. Шаҳар халқ таълими бўлими мудири Шуҳрат Ҳусановнинг шаҳодат беришича, амалдаги ўқув йилининг III чорагидан 10 та умумий ўрта таълим мактабларида 18 та вариатив ўқув режаси асосида сабоқ ўтиладиган синфлар иш бошлаган. Шу ўринда барча мактабларда вариатив (ўзгарувчан) ўқув-режани жорий қилиш мажбурий, деган фикр ҳақиқатдан йироқлигини ҳам таъкидламоқчимиз. Мазкур  синфларнинг очилишида мактабларнинг имкониятлари, ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиши, ўқитувчиларнинг салоҳияти асосий мезон вазифасини ўташи турган гап.

Мазкур масъулиятли жараёнга тайёргарлик кўриш асно ота-оналар ва ўқувчилардан сўровномалар олинган, педагогик кенгашларда муҳокама қилинган. Танлов синф ўқувчилари учун 8 та фан — она тили, математика, информатика, Ўзбекистон тарихи, инглиз тили, рус тили (рус мактаблари учун ўзбек тили), миллий ғоя ва маънавият асослари, жисмоний тарбия мажбурий фанлар сирасига киради. Қолган фанлар дарс жадвалидан олиб ташланади.

 Бундан бу ёғига эса ўқувчиларга танлаган йўналишларга қараб асосий фанларни чуқур ўқитишга урғу берилади. Масалан, табиий фанлар йўналишини танлаган 10- ва 11-синфлар  ўқувчилари учун ҳафтасига ҳар икки синфда кимё фани 6 соатдан, биология эса 5 ва 5,5 соатдан ўқитилади. Гуманитар фанлар йўналишини танлаган 10- ва 11-синф ўқувчилари ҳафтасига мос равишда она тили фанини 6 ҳамда 6,5 соат, тарих фанини эса 5 соатдан ўрганадилар. Худди шундай устуворлик хорижий тил ва филология, молия-иқтисод, технология йўналишлари ўзагини ташкил этган она тили, чет тили, математика, физика фанларига ҳам берилган.

Биз бу борада шаҳардаги 11-умумий ўрта таълим мактабида олиб борилаётган ибратли ишлар билан яқиндан танишдик. Мазкур мактаб ўтган 2018-2019  ўқув йилида  вилоятимиз умумий ўрта таълим мактаблари орасида (ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар бундан мустасно) битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга  кириши бўйича           1-ўринни эгаллади. 78 нафар битирувчидан 35 нафари ОТМ талабаларига айланди. Бу қарийб 50 фоиз ўқувчи олийгоҳларга ўқишга кирди, деган сўз. Халқ таълими вазирлиги томонидан нашр этилган “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлаймиз” деб номланган якуний натижалар қайд этилган рангли альбом-тақвимга вилоятимиздан биргина айнан шу мактабга алоҳида саҳифа ажратилди.

Ушбу мактабда танлов синфлар сони 3 тани ташкил қилмоқда. 11-синфлардан 32 нафар ўқувчи молия-иқтисод йўналишида таҳсил олмоқда. 10-синф ўқувчиларидан 34 нафари табиий фанлар, 32 нафари хорижий филология йўналишларини танлаган. Чунки бу мактабда 10- ва 11-синфлар сони бештаданни ташкил этади. Танлов синфларга мактабнинг энг моҳир педагоглари сабоқ беришади. Олий тоифали математика фани ўқитувчиси Зиннат Бобоева,        I тоифали инглиз тили ҳамда она тили ва адабиёт фанлари ўқитувчилари Лола Тошпўлатова, Дилбархон Латипова, II тоифали кимё ва биология фанлари ўқитувчилари Зебо Рўзмаматова, Гулмира Эргашевалар бор билимларини шогирдлари онгига сингдиришмоқда.

Синфларга кириб ўқувчилар билан гурунглашдик.

— Мактабни битириб, Тошкент ахборот технологиялари университетига ўқишга кирмоқчиман, — дейди 11-“F” синф ўқувчиси Темурбек Жўраев. —Мактабимизда фаолият олиб бораётган молия-иқтисод йўналиши бўйича очилган синфда таҳсил олаяпман. Дарсларда асосий эътибор аниқ фанларга қаратилмоқда. Бу биз учун айни муддао бўлди.

10- ва 11-синфлар ўқувчиларидан Гавҳар Абдуллаева, Моҳинур Анорбоева, Азиза Шодиметова, Нигина Абдунабиевалар ҳам танлов синфларнинг очилганлиги ўзларининг келгусида ОТМга ўқишга киришлари учун қулай шароит яратиб беражагини очиқладилар.

— Демак, битирувчи синф ўқувчиларингизнинг репетитордан оёқлари узиладиган кунлар яқин эканда? — дея директорга юзланамиз.

— Ҳозирча 40 фоиз битирувчиларимиз репетиторлар хизматидан ҳам фойдаланишаяпти. Биз бунга қарши чиққанимиз йўқ. Билимини пухталаб, олий ўқув юртларига кирса, ҳалоли бўлсин. Мактабимизнинг обрўси кўтарилади. Бизнинг ҳам юзимиз ёруғ бўлади. Танлов синфлар аста-секин кучга кирса, ўқувчиларимиз мактабда олган билимлари билан ҳам ОТМ талабаларига айланишига ишонаман. Ҳозир ўқувчилар орасида қандайдир кўтарилиш бўлаётганини ҳис қилаяпман. Февраль ойининг охирларида танлов синфи ўқувчиларидан ёзма ва тест синовлари ўтказмоқчимиз. Натижалари биз кутгандек бўлишига ишонаяпман, — дейди О.Мирбаратов.

Албатта, жамоатчилик орасида танлов синфлари ҳақида турли гап-сўзлар юрибди. Бу усул ўқувчиларнинг табақаланишига олиб келади, деган хавотирлар ҳам бор. Бироқ рақобат бўлмаган жойда ривожланиш ҳам кўзга ташланмайди. Энди ўртамиёна ўқийдиган ўқувчилар ҳам танлов синфларда таҳсил оламан, деб жонини жабборга бериб интилади. Қолаверса, вариатив ўқув-режа асосида таълим бериш мамлакатимиз мактабларида тажриба-синов сифатида қўлланилмоқда. Унинг қандай натижа бериши эса ўқув йили охиригача ойдинлашиб қолади. Энг асосийси, мазкур лойиҳа замирида таълим сифатини кўтариш ғояси ётибди. Мана шунинг ўзи эътиборга  лойиқдир.

          Муҳаммадали АҲМАД

You may also like...

Fikr bildirish