ҲАЗРАТ НЕГА ҲАЖ ЗИЁРАТИНИ ИХТИЁР ЭТМАГАН?

Картинки по запросу "навоий"

Икки тилда ижод қилган, форс-тожик тилида қатор асарларни севиб ўқиган Амир Алишер Навоий улардан илҳомланиб, бу каби дурдона асарлардан туркий халқимиз ҳам баҳраманд бўлишини тилаб, қатор асарларни ўзбек тилига таржима қилиш баробаринда уларни тўлдирган ва ривожлантирган. Туркий тил ривожи ва тараққиёти учун ёзган асарлари ва қилган таржималари билан то умрининг охиригача содиқ қолди. Бизга маълумки, улуғ шоирга замондош тарихчи адиб Ҳумомиддин Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” (“Олижаноб хулқлар”) асарида таърифланишича, “Низом ул-ҳақ вал-ҳақиқат вад-дунё вад-дин” Амир Алишер Навоийнинг яхши  сурати ва сийрати, сифатлари, олижаноб хулқлари, чексиз одоби, адибнинг бошқаларда учрамайдиган ҳолати ва кайфиятлари, ўта нозик сўз ва иборалари, унга нисбатан қилинган ва қилган яхшиликларни билиши ва уларнинг қадрига етиши, уларнинг ҳақини адо этиш учун амалий ишга кириша олгани ҳамда барча берилган неъматларга шукр қилиши, кеккаймаслиги, камтарлиги, хокисор ва ҳалимлиги, гуноҳ ва ёмон ишлардан ҳазар қилиши, берилган вазифаларни чин кўнгилдан бажариши, бир умр сўз санъатига ошно қалби, донишмандлик кўзгуси бўлган зеҳн ўткирлиги, сиёсат, санъат ва адабиётнинг барча нозик жиҳатларини илғовчи, барча билим ва ҳақиқатларни тез идрок этувчи, муаммоларни ижобий бартараф этувчи инсон бўлганини англаймиз.

Асарни ўқиган китобхон, Алишер Навоий бутун умрини юрт ва халқ осойишталигига, унинг ривожига сарфлаганини англайди. Унинг ёзган шеърларида ҳам тил ва дил бирлигини кўрамиз:

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғами дин ғами.

Қуръони Каримнинг “Оли Имрон” сураси, 97-оятида айтилганидек, “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” сураси келтирилиб, фарз қоидасига амал қилиб, бутун ислом олами мусулмонлари истаги бўлган муборак ҳаж зиёратини кўнгиллаб “алайҳис-саловат ва саломнинг муборак равзаларини” зиёрат қилишни амалга ошириш йўлида ҳазрат Алишер Навоийнинг икки маротаба йўлга отлангани ва унинг барча тафсилотлари қизиқарли усулда баён қилинган.  

Биринчи сафар Алишер Навоий Машҳад шаҳрида турган Ҳусайн Бойқародан ҳаж зиёратига рухсат олиш учун Абдулҳай Табибни жўнатади. Абдулҳай Табиб келтирган жавоб мактубда Ҳусайн Бойқаронинг Алишер Навоийга бўлган ҳақиқий дўстона муҳаббати, ўз подшоҳлигини унингсиз тасаввур эта олмаслигини: “…ҳеч қачон ўртада сохталик ё келишмовчилик бўлмаган, ҳар доим (ўртада) суҳбат шундай ўтардики, ул салтанат устуни хайрихоҳлик ва маслаҳат тариқасида нимаики кўнгилларига келса, ўша гапни тўққиз мартагача (такрор ва такрор) айтишга рухсат этган эдилар. Биз ҳам ҳамиша кўнглимизга нимаики келса, меҳрибонлик билан маълум қилар эдик” (139-бет), дея жуда эҳтиёткорлик билан, кўнгилга тегиб қўйиш ва озор беришдан озорланиб ёзилган мактубнинг ўзидан ҳайратингиз ошади. Ушбу мактубдан кўриниб турибдики, Алишер Навоий ва шоҳ Ҳусайн Бойқаронинг ўзаро суҳбатлари ўта самимий, сохталикларсиз ўтганлигини, давлатнинг бир устуни-вазири аъзам қилиб тайинланмасдан олдин ҳам подшоҳ уни жуда ҳурмат қилгани ва ардоқлагани, бирор маротаба зиддият ва келишмовчиликка бормаганлиги — уларнинг қадрдонлиги азалий эканлигини кўрсатиб турибди. Ҳусайн Бойқаро ўз давлатини шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийсиз тасаввур қилолмаган: унинг пурмаъно суҳбатлари, ночор вазиятга тез чора топиши, мушкул ишларни сонияда ҳал қилишлари, дилтортар суҳбатлари билан уларни хушнуд этган ва мудом яхши ишларга чорлаган. Хат мазмунидан маълумки, подшоҳ Ҳусайн Бой-қаро Алишер Навоийни ҳаж сафарига жўнатишни истамайди, унингсиз қолишни хаёлига ҳам келтирмайди:

“Бундан ташқари, ушбу зиёратнинг анча вақтга чўзилиши маълум эканлиги, умрга эса ишончнинг йўқлигидан келиб чиққан ҳолда яна бир марта учрашиб, хайрлашиш русуми адо этилса яхши бўлар эди…

…Бу ёғига (ул жанобнинг) савоб йўлини кўрсатувчи аҳлларининг ихтиёри ўзида бўлиб, ниманики икки дунё фойдасига мувофиқ деб билсалар, қилишлари мумкин. Икки дунё саодати ёр бўлсин. Вассалом”. (140-бет).

  Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро билан жуда ёшлигидан бирга бўлгани, дўстлик ва оға-иничилик муносабатлари ҳар икки томонда ҳам жўшиб турганини сезган улуғ амир подшоҳ билан учрашиш лозимлигини, буни ҳар икки томон истаги эканлигини англаган ҳолда, йўлни у томонга буради.

“Соҳибқирон ва саодатли подшоҳ Ҳусайн Бойқаронинг бу учрашувдан қувончи ва шодлиги осмонга етди. Алишер Навоий муборак ҳаж зиёрати учун атаган барча нарсалар — тезюрар отлар, юккўтарар туялар, нодир ва камёб буюмлар ва кўп миқдордаги пул ва шоҳона совға ва ҳадяларни Султон Ҳусайн Бойқарога, шаҳзодалар ва ҳарам аҳлига тортиқ қилди, сарой амирлари, вазирлари, садрларидан тортиб, сарой хизматчиларигача ҳаж зиёрати учун йиғилган маблағларни эҳсон сифатида тарқатади.”

Азбаройи дўстлик ҳақи-ҳурмати, қолаверса, бир умр-лик даври бирга ўтаётган, ижтимоий ва сиёсий жабҳаларни биргаликда босиб, бирга кечаётган улуғ амир подшоҳи оламнинг сўзини ерда қолдиролмас эди. Буни билган ва бундан севинган подшоҳ Ҳусайн Бойқаро ҳам Амир Алишер Навоийга янада кўп лутф-карамлар кўрсатиб: “Сиз Хуросонда истиқомат қилиб турар экансиз, нимаики илтимос қилсангиз, (бундай илтимос) ижобат қилиниш шарафига муяссар бўлар. Чунки аниқ биламанки, бу мамлакат сизнинг муборак вужудингиздан холи бўлса, юқори ва қуйи табақаларга мансуб бўлган кишиларнинг барча тоифалари ва гуруҳларининг ҳаётида нотинчлик ва беқарорлик юз беради”, дея илтимос оҳангидаги яхши сўзлари, чин маънодаги ишончи ва яна подшоҳ сифатида буйруқ бермай илтижо оҳангидаги илтимосини ўқиб, бугунги замонга келиб камтаринлик деган ноёб сифатнинг у даврда барчага хос оддий ҳолат бўлганлигига ишонмай қолади киши.

Амир Алишер Навоийнинг ихтиёри ўзида эмас эди, шахсий ишларини ҳам якка ўзи ҳал қилолмас эди, чунки ўз ҳаётини ҳам давлат ва эл манфаатидан устун қўймаган, фақат ўзининг кексайиб қолганлиги сабабли, подшоҳ рухсати ва ваколати билан қолган умрини Ансориянинг (Хожа Абдуллоҳ Ансорий, 1006-1088, фақиҳ олим, мутафаккир, файласуф ва шоир, тасаввуфнинг йирик намоёндаси) табаррук мақбараси остонасини супурувчилик билан ўтказишга, сарой мулозимлиги ишидан бутунлай бўшашига рухсат сўрайди ва бу нияти амалга ошади.

Кун ва ойлар ўтган сари шоирнинг милодий 1500 йил (ҳижрий-қамарий 905-йил)да улуғ ҳаж зиёратига бориш нияти тобора юксалиб, орага одам қўймай бу сафар тўғридан-тўғри Соҳибқирон Ҳусайн Бойқародан рухсат сўрайди: “Ниҳоят (ул Соҳибқирон) ўзларининг муборак кўнгиллари истагидан воз кечиб, (улуғ мартабали амирни ҳажга боришга) шарафли рухсатларини бердилар ва (ул ҳазратнинг мазкур сафарлари тўғрисида) бир йўл фармони чиқардилар…”

1500 йил Амир Алишер Навоий ушбу муборак сафарни бошлаш учун йўл тадоригини қилиб турганида, Астробод ҳокими Ҳусайн Бойқаронинг тўртинчи ўғли Муҳаммад Ҳусайн мирзонинг ўз тасарруфидаги ерларини кенгайтириш мақсадида отасига қарши уруш бошлайди. Қирғинбарот урушнинг ёмон оқибатлари олдини олиш мақсадида Ҳиротнинг машо-йиҳлари, олим ва уламолари номидан Шайх Жамолиддин Абусаид Пуроний, миллат ва диннинг қиличи, шайхулислом Сайфиддин Аҳмад Тафтанзоний, Шайх Али, Мавлоно Муиниддин ал-Фароҳий, Мавлоно Камолиддин Ҳусайн ал-Кошифий…. саййидлар ва нақий (бошлиқ, жамоа раҳбари)лардан Амир Қавомиддин Ҳусайн Мозандароний, Ҳирот шаҳри ва унинг атрофидаги жойларнинг зодагонлари, аъёнлари, раҳбарлари ва бошқа улуғлари ул ҳазратнинг ҳузурларига келиб, шундай арз қилдилар: “Сизнинг баракатлар ёғилиб турган шахсингиз Хуросон мамлакати вилоятларидаги тинчлик ҳамда аҳолининг турли табақа ва гуруҳларига мансуб кишилар ўртасидаги осойишталикка сабаб бўлиб турибди. Ҳозир бу диёр Соҳибқирони Султоннинг саховатли вужудидан ҳоли бўлиб, агар сизнинг ўзидан нурлар сочувчи вужудингиз қуёшидан ҳам холи қолса, фитналар юз бериши, уларни бостириш имконият доирасидан ташқарида бўлиб қолиши мумкин…. — Бу фақирларнинг илтимоси (сиздан қилмоқчи бўлган) шуки, яна бир марта хуросонликларнинг жонига оро кириб, ушбу сафарни амалга ошириш фикридан қайтсалар ва ушбу эзгу ишнинг савобини пиёда амалга оширилган етмиш ҳажнинг савобидан ортиқ кўрсалар”, деган илтимослари олдида ўйланиб қоладилар ва бундай жавоб беради: “…Ҳар сафар имкониятга қараб ўша томонга йўл олишга ният қилинганида тенгсиз Соҳибқирон монелик қилардилар. Ҳозир ҳам ўта чиройли бир тарзда (ҳажга боришимга) рухсат берган, (бу борада) муборак йўл фармони ҳам чиқариб, (ушбу сафар учун) керакли нарсаларни тайёрлаш ва мулозимларнинг харажатларини таъминлаш учун катта миқдордаги маблағ сарфланган бўлса-да, ҳозир ўзимизнинг истагимизни сизнинг илтимосингиздан устун кўришнинг ўрни эмас. Қолаверса, “Мўминлар қалбига хурсандчилик киритиш бутун одамлар ва жинларнинг қилган ибодатидан яхшироқдир”, деган ҳадисга асосланиб, Сизнинг илтимосингизни ижобат этишга лойиқ деб топдик ва бандаларнинг манфаатини кўзлаб, бу сафар ҳам ушбу истагимиздан қайтдик.”

Неча йиллик қийинчилик ва не ҳасратда олинган рухсатдан кутилмаганда воз кечиш қийинлигини ҳис қилишнинг ўзи мушкуллиги аниқ бўлгани ҳолда Хуросон вилояти улуғларининг шоир даргоҳига келиб, ўтиниб сўраганларидан ўтолмагани, халқ манфаатини ўз истагидан устун қўя олмагани, ўз ваъдасида қойим турувчи улуғ Амир Алишер Навоийга ҳаж зиёрати насиб қилмаган бўлса-да, эл-юрт учун қилган барча ишлари ҳам зиёратдан юз чандон кам эмаслиги барчага аёндир.

    Гулчеҳра ҚЎЙЛИЕВА,

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

You may also like...

Fikr bildirish