ИККИ ТОМОНЛАМА ҲАМКОРЛИК ЙЎЛИДА

Вилоят ҳокимлиги “Қабуллар уйи”да Сингапур Республикасининг Савдо ва саноат, миллий ривожлантириш вазирлигининг катта давлат вазири жаноб Ко По Кун ва Қароргоҳи Сингапурда жойлашган Сингапур Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулотда ва мухтор элчиси жаноб Зулкифли Бахарудин бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Самимий ва дўстона муносабатда ўтган учрашувда Сингапур Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо ва саноат департаменти, Савдо ва саноат вазирлиги, вазирликнинг ривожланаётган давлатлар департаменти, минтақавий гуруҳи раҳбар ва етакчи ходимлари, вилоятида ташкил этилган “Индорама агро” пахтачилик кластери компанияси раҳбарияти, вилоят ҳамда Сардоба тумани ҳокимликлари, вилоятдаги мутасадди ташкилот раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов дўстони ташриф учун меҳмонларга миннатдорчилик билдиририб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида иштирокчиларга маълумот берди. Нотиқ Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу йил мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иктисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинганлигига алоҳида тўхталди. Шундан сўнг катта экранда вилоятимиз ҳамда унинг иқтисодий салоҳиятини очиб берувчи тақдимот намойиш этилди. Тақдимот давомида вилоятда бугунги хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик самарали йўлга қўйилаётгани таъкидланди. Вилоятимиз электроэнергия, пахта толаси, тўқимачилик буюмлари ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар етиштириш борасида ўзига хос тажрибага эгалиги айтиб ўтилди. Шунинг-дек, вилоят ҳудудида енгил саноатни ривожлантириш ҳамда қурилиш ашёларини ишлаб чиқариш учун етарли хомашё базаси мавжудлиги таъкидланди.

Бугунги кунда Сингапур капитали асосида мамлакатимизда 83 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, жумладан, вилоятимизнинг Сардоба ва Оқолтин туманларида “Индорама агро” корхоналари очилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан хом ашё етиштириб, ундан кластер тизимини яратиш мақсадида пахта етиштириш ҳамда қайта ишлаш ло-йиҳасини амалга ошириш учун 27 минг гектар ер майдони ажратилган.

Учрашувда Сингапур Республикасининг Савдо ва саноат, миллий ривожлантириш вазирлигининг катта давлат вазири жаноб Ко По Кун самимий қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, дўстона алоқалар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди. Шунингдек, вазир мамлакатимизда юз бераётган улкан иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб боришини таъкидлади. 

— Ватанимда бир-биридан тотли меваларингизни тотиб кўрганман, — деди жаноб Ко По Кун. — Ўшанда “бу қаерда етиштирилган?, деб сўраганимда, “Ўзбекистонда”, дея жавоб беришган. Мен Ўзбекистон қовунларини жуда ҳам ёқтириб қолганман. Серқуёш ўлкангизда мевалар табиий етилгани учун ҳам янада лаззатли.

Расмий учрашувдан сўнг Сингапур делегацияси аъзолари вилоят ҳокимининг ўринбосари Данияр Мадримов бошчилигида Оқолтин тумани ҳудудидаги “Индорама агро” кластерига ажратиб берилган экин майдонларида қишки агротехник тадбирлари ҳамда Сардоба туманидаги кластер томонидан бунёд этилаётган замонавий пахтани қайта ишлаш корхонаси қурилиши билан яқиндан танишдилар.

                  Ш.АБДУСАИДОВА.

Муҳаммад КАРИМ (сурат).

You may also like...

Fikr bildirish