ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ

Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездини мамлакатимиз ҳудудидаги темир йўлларда кўрганимизда нафақат болалар, биз – катталар ҳам беҳад хурсанд бўлиб кетамиз. Негаки, бундан бир неча йил аввал кинофильмлар орқали хорижда шундай поездларни кўрганимизда уларни фақат орзу қилардик. Мана, орзулар рўёбга чиқди. Ушбу тезюрар поездга анча кўникиб қолдик. У ҳаётимизга сингиб кетди.

У ҳамюртларимизнинг узоғини яқин қилиш билан бирга республикамизга ташриф  буюраётган сайёҳлар ва меҳмонларга уларни манзилларга тез ва хавфсиз етказиб қўйишда манзур бўлмоқда. Лекин ушбу поезднинг темир йўлларида ҳаркатланиши «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тизими ходимларидан, айниқса, поездни бошқараётган машинист билан бирга ушбу тизимда – темир йўлларидаги ҳаракатларни тартибга солувчи, поездларнинг ўз вақтида ўтиш хавфсизлигини таъминловчи масъул ходимлардан ўта  ҳушёрлик ва огоҳликни талаб этади. Агар шу ҳушёрлик бир зум унутилиши ёки совуққонлик оқибатида нохуш ҳодиса, тўғрироғи, фожеа  рўй бериши мумкинлигини асло ёддан чиқармаслигимиз керак. Бунга қуйидаги воқеларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни соат 08:45 да «Тошкент-Самарқанд» йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поезди, ушбу темир йўл линиясининг 3446 км 6-пекитида жойлашган темир йўл кесишмаси (переезд) ўз вақтида ёпилмаганлиги сабабли, поезд ўтишига 10 секунд қолганда йўлакдан «Камаз» русумли юк автомашинаси ўтиши натижасида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездининг хавфсизлигига катта таҳдид туғилган. Хўш бунга ким айбдор, деган савол туғилиши шубҳасиз.

Ушбу темир йўл кесишмасида 24 сентябрдан 25 сентябрга ўтар кечаси, Ховос йўл хўжалиги (ПЧ-3) баённомасига асосан тайинланган темир йўл ходими (монтёри) Х.Гусейнов навбатчиликни ўтаган. Лекин, Х.Гусейновнинг навбатчилик вақти 25 сентябрь соат 8:00 да тугаган. Ундан навбатчиликни қабул қилиб олиши зарур бўлган мазкур темир йўл кесишмаси навбатчиси Э.Курбаналиев ўз вазифасига ўта масъулиятсизлик ва совуққонлик билан қараб, ишга кечикиб келган (9:10).

Шу сабабли «Афросиёб» поезди ўтиши назорат қилинмаган, яъни ўтиш йўлаги ўз вақтида ёпилмаган. Темир йўл кесишмаси навбатчилари бу ҳатти-ҳаракатлари билан соҳада ишлаб чиқилган йўриқнома талабларини қўпол равишда бузганлар.

Шунингдек, ўтган йилнинг 25 сентябрь куни «Сирдарё» темир йўл бекати навбатчиси Т.Ким «Тошкент-Самарқанд» йўналишида ҳаракатланаётган «Афросиёб» поездининг хизмат кўрсатиш ҳудудига кирганлиги тўғрисида темир йўл кесишмаси навбатчисига хабар бермаган ҳамда йўлакнинг ёпилганлигини назорат қилмай, қайд этилган Йўриқноманинг 13-бўлим 158-банди талабларини бузган.

Ушбу таъкидлаб ўтилган камчиликлар, поездлар ҳаракат хавфсизлигига таҳдид туғдириб, фавқулодда ҳолат (авария, поезднинг йўлдан чиқиб кетиши ва ҳаказолар) келиб чиқишига шароит туғдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ховос транспорт прокуратураси томонидан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (ЎТЙ) Тошкент минтақавий темир йўл узели бошлиғи номига 2019 йил 15 октябрда қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.

Натижада, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси ўринбосари А.С.Камолов ҳузурида муҳокама ўтказилган ҳамда 2019 йил 2 октябрдаги баённомага асосан айбдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Хусусан: Ховос йўл масофаси бошлиғи Х.Б.Турдиевга, ўз ходимларининг иш фаолиятини назорат қилмаганлиги учун Меҳнат кодексининг 181-моддаси, 1 қисми. 1-бандига кўра хайфсан эълон қилинди.

«Сирдарё» темир йўл бекати бошлиғи Н.Ходжаевга, ўз мансаб вазифасини бажармаганлиги ва ходимлари устидан етарли назорат қилмаганлиги учун Меҳнат кодексининг 181-моддаси, 1- қисми, 1- банди билан ўртача ойлик маошидан 50 фоиз жарима белгиланди.

«Сирдарё» темир йўл бекати навбатчиси Т.Ким, ўз хизмат вазифасини бажармаганлиги ва тегишли йўриқнома бандларини бузганлиги учун лавозимидан четлатилди.

Шунингдек, 1-участка йўл мастери О.Қурбоновга, ўз мансаб вазифасини бажармаганлиги ва ходимлари устидан назорат қилмаганлиги учун Меҳнат кодексининг 181 – модда, 1-қисми 1-банди билан ўртача ойлик маошидан 50 фоиз жарима белгиланди.

Темир йўл линиясининг 3446 км 6 – пекитида жойлашган темир йўл кесишмаси навбатчилари Х.Гусейнов ва Э.Курбаналиевлар ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганликлари, шунингдек, поездлар ҳаракат хавфсизлигига таҳдид туғдирганлиги учун ўз лавозимларидан четлатилди.

Бундан ташқари, поездлар ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб боридмоқда.

Шу билан бирга, Ховос транспорт прокуратураси ва Сирдарё вилоят ИИБ ТХТБ ходимлари томонидан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Темир йўлларда хавфсиз кун» доирасида темир йўлга яқин жойлашган барча маҳалла, мактаб ва коллежларда мунтазам равишда тушунчалар бериб келинмоқда.

Ҳа, халқимиз кўза кунда эмас, кунида синади, деган нақл бор. Хавф-хатар ва кўнгилсизликларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз саналиб,  биздан доимий равишда хушёрлик ва огоҳликни талаб этади. Яна бир нарсани таъкидлашни истардик, поездларни, айниқса, тезюрар поезднинг темир йўллардан ҳаракатланиши хавфсизлигини таъминлашдаги қатъий тартиб ва қоидаларга қатъий амал қилиш шартлигини эҳтимол оддий ходим, масалан, назоратчи яхши билмаслиги мумкин (балки унга  бу борада  етарли тушунтиришлар берилмагандир). Лекин бу масъулиятни, ва нохуш ҳодисалар оқибатини тизимдаги раҳбарлар яхшироқ биладилар ва тушунадилар. Шу боис юқоридаги каби салбий ҳолатлар юзасидан аввало, раҳбарларнинг масъулиятларини ошириш ҳамда уларга нисбатан  янада қаттиқроқ чора белгилаш, мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Холис

You may also like...

Fikr bildirish