ЙЎҚОЛГАН БЕКАТ

*Фельетон

Ҳов, биродарлар, ҳўкиз ёки қўй йўқолди, деса, ишонамиз. Тўғрими? Жонлиғини йўқотган одамга ичмиз ачийди. Молингиз тезроқ топилсин, дея далда берамиз. Лекин катта йўл бўйида савлат тўкиб турган бекат йўқолди, деса, ишонасизми? Йўқ, албатта. Биз билан ҳазиллашаяпсизми, дейсиз. Лекин шундай бўлди.

Мирзаобод тумани Янгиобод массивида қад ростлаган 2014 йилда қурилган намунали уйлар олдидан ўтадиган катта йўлнинг бўйида 2019 йилнинг ёзида кўркам бир бекат пайдо бўлди. Массив аҳолиси савоб ишга қўл урган бекат қурувчиларини алқади. Ахир, йўловчилар ёзнинг жазирамаси, қишнинг қаҳратонида бекатда жон сақлаб ҳузур қилиб қолган эдилар-да!

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонмаган бир ҳафта-ўн кун олдин бекат ерга кирдими, осмонга чиқдими,  таг-туби билан ғойиб бўлди. Ҳамма ҳайрон. Бекат ҳам йўқоладими, деб. Айрим ҳазилкаш инсонлар бу номаъқул ишни ўзга сайёралик ғанимлар амалга оширдимикин, деб гап-сўз ҳам қилишди.

Масаланинг тагига етиш учун Мирзаобод тумани ҳокими Ҳамидилла Абдуллаевга сим қоқдик. Вазиятни ипидан-игнасигача тушунтирдик.

—Рўй берган воқеадан хабарим йўқ. Аниқлаштириб телефон қиламан, — дея кўнглимизни хотиржам қилдилар. Ҳокимларнинг бош қашишга қўли тегмаслигини биламиз. Бутун туманнинг увол-савоби у кишининг гарданида. Кутдик-кутдик. Ҳарқалай жавоб бўлмади. Ҳадеб арзимаган нарсага ҳокимни безовта қилавериш ҳам маданиятли инсонлар феълига тўғри келмайди.

Иккиланиб ҳоким муовини Раҳим Анорбоевга қўнғироқ қилдик.

 — Бу иш билан ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Элёр Махманазаров шуғулланади. Шу кишига мурожаат қилинг, деб қўл телефонини берди. Ҳоким муовини билан суҳбатлашгач, барча муаммо ойдинлашди.

 Йўл бўйига енгил конструкцияли бежирим бекатни “Сирдарё кўприк” давлат корхонаси қурган экан. Унинг раҳбари Давлет Ўрозбоевнинг шаҳодат беришича, бу ўзига хос ноёб лойиҳа Гулистон шаҳрига намуна сифатда кўчириб кетилибди.

—Яқин кунларда йўл бўйига бундан-да, чиройли бекат ўрнатамиз, — дея кўнглимизни кўнчиктирди.

Савол туғилади: йўл бўйида турган бекатни таг-туби билан қўпориб, Гулистон шаҳрига кўчириш шартмиди? Унинг ўрнига Давлетбек айтгандек, унданда кўркам янги бекатни қуриб бериш арзонга тушмасмиди?  Шунга айтсалар керакда: шошган ўрдак ҳам думи билан, ҳам боши билан шўнғийди, деб. Массивда яшайдиган аҳоли эса йўқолган бекатни қидириш билан андармон. Агар Ўрозбоевнинг гаплари чин бўлса, йўқолган бекат яқин кунларда яна кўриниш беради. Массив аҳолиси бу кунни интизорлик билан кутмоқда. А, лаббай!

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish