ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР ҚУВОНЧИ

“Обод қишлоқ” дастури — амалда

Мирзаобод туманидаги “Янги ҳаёт” маҳалласи “Обод қишлоқ” дастурига тушган эди. Ҳаётбахш дастурнинг шабадаси маҳалладаги ягона мактабгача таълим ташкилотига ҳам тегди. “Янгиер редголд” МЧЖ қурувчилари 7-МТТ биносини капитал реконструкциядан чиқардилар. Бунинг учун 1 миллиард 524 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Боғча отам замонлари — 1982 йилда қурилган. Қарийб қирқ йилдан буён енгил-елпи таъмирдан чиқарилиб, фойдаланиб келинаётган эди. Ниҳоят, бу МТТ биносига ҳам офтоб кулиб боқди. 50 ўринли боғча кенгайтирилиб, 90 ўринга келтирилди. Қўшимча равишда маъмурият учун хона, мусиқа зали, ошхона, ҳожатхона, қисқа гуруҳга қатнайдиган болажонлар учун хона қурилди. Боғча ҳовлисида 4 та бири-биридан чиройли айвончалар қад ростлади. МТТ ҳудуди темир панжара билан ўралди. Хоналар энг замонавий диван-каравотлар, шкафлар, турли мебеллар билан жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда, қулинг ўргилсин мактабгача таълим ташкилоти биноси юз очди.

— Чекимизга болалар боғчасининг капитал реконструкцияси тушганидан хурсанд бўлдик, — дейди “Янгиер редголд” МЧЖ иш юритувчиси Худоёр Азизов. —Чунки болалар келажагимиз эгалари эканлигини яхши тушунамиз. Шу боис ишга масъулият билан ёндошдик. МТТнинг том ва пол қисмлари, иссиқлик тизими рисоладагидек таъмирланди. Боғча ҳовлисини кўкаламзор гўшага айлантириш учун 40 туп арча экдик.

МТТ мудираси Дилфуза Исроилованинг шаҳодат беришича, маҳаллада 385 нафар боғча ёшидаги бола мавжуд. Шуларнинг 90 нафари бундан буён капитал реконструкциядан чиқарилаган МТТда таълим-тарбия олади. Маҳаллада яна 2 та оилавий боғча фаолият олиб бормоқда. Ушбу МТТлари билан қўшиб ҳисоблаганда, маҳалладаги боғча ёшидаги болаларнинг 36,5 фоизга яқини қамраб олинар экан. Демак, бу йўналишда ишлар яна  давом эттирилади.

Капитал реконструкциядан чиққан МТТ биносининг топширилиши маҳаллада катта тантанага айланиб кетди. Туман ҳокимининг муовини Раҳим Анорбоев, туман хотин-қизлар қўмитасининг раиси Гулжаҳон Холмуродова, “Янги ҳаёт” МФЙ раиси Иброҳим Маматқуловлар қишлоқ аҳолисига кўплаб қулайликлар яратиб бераётган Президентимиз, ҳукуматимиз, маҳаллий раҳбарларга ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар. МТТ биносини рисоладагидек таъмирлагани учун “Янгиер редголд” МЧЖ раҳбари Рамиз Шириновга эҳтиром рамзи сифатида зарбоф тўн ёпилди. Алвон лента қирқилиб, Дилфуза Исроиловага бинонинг рамзий калити тантанали равишда топширилди. Сўнгра жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, меҳмонлар боғчага қадам ранжида қилдилар. Гўзал қиёфа касб этган зал ва хоналар, замонавий жиҳозлар ҳамманинг ҳавасини келтирди.

— Қўллари дард кўрмасин қурувчиларнинг; меҳр бериб ишлашибди, — дейди ота-оналар вакили Очилой Мирзақулова. — Набирам Мадинабону шу боғчага қатнайди. Яна бир набирам Гулистон шаҳридаги МТТда тарбияланади. Гапнинг бўласини айтсам, маҳалламиз боғчаси шаҳарникидан қолишмайдиган қиёфа касб этибди.

Бундай эътирофни МТТ очилишига ташриф буюрган кўпчиликнинг оғзидан эшитдик.

Тантана поёнида боғча тарбияланувчилари меҳмонларга янги мусиқа залида ажойиб концерт дастурини намойиш қилишди. Санъат ғунчаларининг истеъдодларини тобга келтиришда тарбиячи Дилафрўз Шербўтаеванинг анчагина меҳнат қилганлиги сезилиб турди.

Психологларнинг таъкидлашларича, 7 ёшгача бўлган болаларнинг барчасида даҳолик учқунлари бўлар экан. Мана шу учқунни алангага айлантириш эса боғча тарбиячи ва ходимларига боғлиқ. Шу боис Президентимиз мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратмоқдалар, кетма-кет кўплаб қонун, қарор ва фармонларга имзо чекмоқдалар. Боғчага борган боланинг афзалликлари ҳақида баралла гапирмоқдалар. Давлатимиз раҳбари: “Яхши биласизлар, мен “Боғчага борган бола билан боғчага бормаган боланинг ўртасида катта фарқ бор” деган фикрни, ҳаётий ҳақиқатни такрор-такрор айтишдан, уни ҳамма жойда даъват қилишдан чарчамайман. Ўтган даврдаги икки йиллик тажрибамиз ва жойларда аҳоли билан олиб бораётган мулоқотларимиздан келиб чиқиб, ана шу фикрга қўшимча қилиб айтмоқчиман: “Боғчага борган боланинг онаси билан боғчага бормаган боланинг онаси ўртасида ҳам катта фарқ бор”. Чунки ҳар куни тарбиячилар, педагог мутахассислар, психологлар, тиббиёт ходимлари билан мулоқотда бўлиб, боласидаги ижобий ўзгаришларни кўриб, оналарнинг ҳам билими, ҳаётий тажрибаси, маданий савияси ошади. Болалари билан бирга улар ҳам ижтимоий-маънавий тарбия муҳитига, жамиятга яқинлашади, фаоллашади. Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, биз мактабгача таълим соҳасига улкан эътибор бермоқдамиз”, деганларида юз карра ҳақ эдилар. Шу боис мамлакатимизнинг барча гўшаларида янги-янги МТТ бинолари қад ростламоқда. Бу яқин келажакда ўзининг шиғил меваларини беражак.

Муҳаммадали АҲМАД.

Суратлар муаллифники.

You may also like...

Fikr bildirish