СОҲИЛДАГИ СПОРТ МАЖМУАСИ

Гулистон шаҳрида яна учта спорт иншооти фойдаланишга топширилди

Спортни ривожлантириш учун нималар керак? Бу саволнинг жавоби оддий: мустаҳкам моддий техник база ва малакали тренерлар бўлган жойда албатта, муваффақият бўлади, шода-шода медаллар келади. Шу боис Президентимиз мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий спорт иншоотларининг қад ростлашига алоҳида эътибор қаратмоқда. 10 январь куни Гулистон шаҳарида бирваракайига учта спорт иншоотининг очилишига бағишланаган тантаналар бўлиб ўтди.

“Дўстлик” каналининг бўйида қурилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт мажмуаси сув спорти билан шуғулланадиган ёшлар учун ажойиб туҳфа бўлди, десак асло хато қилмаймиз. Вилоят сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ихтиёрига берилган мажмуа барча қулайликларга эгалиги билан ажралиб туради. Тренажер зали, тиббиёт ва тренерлар хоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда 300 нафар спортчининг эмин-эркин шуғулланиши учун барча имкониятлар яратилган.

Мажмуанинг очилишида сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Носиров, Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқин Дадабоев, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ифтихор Ўроқовлар бу ноёб спорт мажмуасидан келажакда кўплаб мамлакат, Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига умид билдирдилар. Алвон тасма қирқилиб, мажмуанинг рамзий калити  ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича бош тренери Дилмурод Йўлдошевга топширилди.

“Дўстлик” канали сувлари мағрибдан эсган шабададан майин мавжланади. Сув юзида қалқиб турган кемаларга  старт берилди. Қайиқлар сувни пичоқдек кесиб сузиб кетади. Ажойиб манзара.

Дарҳақиқат, вилоятимизда академик эшкак эшиш спорти анча ривожланган. Ҳатто бу спорт тури билан шуғулланган спортчилар орасида Олимпия ўйинларида иштирок этганлари ҳам бор. Янги мажмуанинг фойдаланишга топширилиши  байдарка ва каноэда эшкак эшиш спортининг вилоятимизда жадал ривожланишига йўл очади. Тантана қатнашчиларини бир хабар хушнуд қилганлиги айни ҳақиқат. Сув спорти билан шуғулланаётган 8 нафар спортчимизда Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш имконияти сақланиб турибди.

Шу куни 4-мазедаги мукаммал таъмирдан чиқарилган 4-ТИП болалар спорт мажмуасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.  Тантанани Гулистон ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати директори Сирожиддин Муҳаммадиев кириш сўзи билан очди. (Мазкур спорт мажмуаси Олимпия захиралари мактаб-интернати тасарруфида). Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқин Дадабоев ёш спортчиларни ажойиб спорт иншооти билан муборакбод этди.

Спорт иншоотини мукаммал таъмирлаш ишларини “Гулистон мадад қурилиш” МЧЖ бунёдкорлари амалга оширдилар. Таъмирлаш ишларига 4,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Мажмуанинг сузиш ҳавзасида  ҳавони қуритиш, истиш ва тозалаш тизимлари янгидан  ўрнатилди.

Иншоотнинг очилиш маросими Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш спорти усталарининг беллашувига қўшилиб кетди. Тош кўтариш бўйича Ўзбекистоннинг бир неча карра чемпиони, бахтлик Лочин полвон Ҳусанов шогирдлари билан йиғилганларга кўргазмали чиқишларни ҳавола этдилар. Сўнгра 525-сафарбарлик чақирув резерви батальони, чегара қўшинлари тасарруфидаги 9254-ҳарбий қисми, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа взирлигига қарашли 55996-ҳарбий қисм, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ихтиёридаги ҳарбий-техник ўқув маркази аскар ва зобитлари баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича баҳсга киришдилар. Дастлаб тош кўтарувчи полвонлар майдонга чиқишди. 65, 70, 75, 80, 90 ва +90 вазн тоифаларида Санжар Сафаров, Зиёдулла Ғафуров, Исабек Каримов, Шерзод Норменглиев, Жўрабек Собиров ва Исломбек Ҳакимжоновлар ғалаба нашидасини суришди. Баҳодирлар ўйинлари баҳсларида спортчилар викинг пресс, ғўла ва гантел кўтариш машқларини аъло даражада уддаладилар. Пировардида Исломбек Ҳакимжонов баҳодирлар ўйинлари мусобақасининг якка пешқадами бўлди.

—Қуролли Кучларимизда шундай баҳодир ва полвон йигитларимиз қанча кўпайса, шунча яхши, — дейди Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси раиси Воҳиддин Нажмиддинов. —Бугун Сирдарёда шундай азаматлар улғаяётганидан беҳад хурсанд бўлдим.

“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ўтган мазкур мусобақа ғолиблари ташкилотчиларнинг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Гулистон ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати ўқувчи-спортчилари ўша куни янги кураш залига ҳам эга бўлишди. Қуввати 120 қатновли 18х30 метр ҳажмдаги спорт залига энг замонавий кураш гиламлари (мат) тўшалган. Алвон тасма қирқилгач, спорт байрами қатнашчилари залга оқиб киришди. Бу ерда энди дзюдочилар, юнон-рум ва эркин курашчилар, миллий қадриятимиз саналган кураш ҳамда белбоғли кураш билан шуғулланадиган йигит-қизлар маҳоратларини оширадилар. Залнинг очилишида сўз олган Гулистон шаҳар ҳокимнинг муовини Лазиз Аҳмедов, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ифтихор Ўроқовлар ёш спортчиларни замонавий спорт иншооти билан қизғин қутладилар ва келажакда улардан мамлакат, Осиё, жаҳон ва Олимпия чемпионлари чиқишига тилак билдирдилар.

Ҳа, биродарлар. Янги йилнинг илк кунларида фойдаланишга топширилган бу спорт иншоотлари халқимизга, ёшларимизга муносиб хизмат қилади. Мазкур мажмуаларда шуғулланган спортчи ёшларимиз халқаро мусобақаларда ғолиб чиқиб, Ватанимиз ва Сирдарёнинг номини бутун дунёга танитадилар. Бунга ишонишимизга барча асослар бор.

Муҳаммадали АҲМАД.

Тасвирларда: Гулистон шаҳрида фойдаланишга топширилган спорт иншоотларида ўтган тантаналардан лавҳалар.

Муҳаммад КАРИМ олган суратлар.

You may also like...

Fikr bildirish