ЖАВОНДАГИСИ ЭМАС, ЎҚИЛГАНИ ҲИСОБ

Китоб ва китобхон

Жорий ўқув йилида Гулистон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонаси 769 жилд бадиий китоб билан бойиди. Ушбу китобларнинг 628 жилдини ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар мактабда ташкил этилган турли тадбирларда совға қилишди. 46 жилд китоб республика Маънавият ва маърифат кенгаши, 95 жилд китоб эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Маърифат карвонлари”дан улуш сифатида тегди.

Қиёслаш учун факт: айни чоғда мактаб кутубхонасида 1895 жилд бадиий китоб мавжуд. Ўтган ўқув йилида бадиий адабиётлар сони 1126 жилдни ташкил этарди. Мана шу икки рақамдан ҳам кўриниб турибдики, Президентимиз олға сурган 5 та ташаббусдан кейин мактаб кутубхоналари сезилари даражада бадиий китоблар билан тўлдирилди. Бироқ бу китоб-лар ҳам ўқувчилар эҳтиёжини тўла қондиролмайди. Мулоҳаза учун факт:  мактабда 1858 нафар ўғил-қиз икки сменада таҳсил олади. Агар барча ўқувчилар ўқиш учун бир донадан китоб олса, кутубхона шип-шийдон бўлиб, бўшаб қолади. Боз устига, кутубхонадаги китобларнинг атиги 694 жилди лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида битилган. Қолган китоблар эса кириллча имлода  чоп  этилган.

Кутубхона фаолияти билан яқиндан танишиш асно болаларни китобхонликка жалб этиш бўйича пичоққа илинадиган айтарли ишлар қилинмаганлиги ойдинлашди. Кутубхоначи Гулнора Абдуллаеванинг маълумоти ўрта махсус, Гулистон педагогика билим юртининг мактабгача таълим бўлимини тугатган. Унинг ёрдамчиси Сурайё Қамбарова ҳам шу билим юртида таҳсил олган. Кутубхоначининг шаҳодат беришича, жорий ўқув йилида учта китоб тақдимоти ўтказилибди. “Жалолиддин Мангуберди” асари бўйича ўтказилган тақдимотда шаҳар кутубхоналари вакиллари ҳам иштирок этишибди. Кутубхоначидан:

— Жавонларингизда Мангуберди ҳақидаги китобни кўрмаяпман. Ўқувчилар  қўлидами? — дея сўраганимизда, — бир дона бор эди, шаҳар халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари ўқиш учун олиб кетган, — деган жавобни қилди.

Кутубхоначидан “Жалолиддин Мангуберди” асарини ўқиган-ўқимаганлигини сўраганимизда, аввал мужмалроқ жавоб қайтарди. Сўнгра ростига кўчди. Унинг китоб ўқишга вақти бўлмаган экан. Кутубхоначининг ўзи ўқимаган китоб бўйича тақдимот ўтказиши “Қуруқ сўз бош оғритар, ёриқ қошиқ оғиз йиртар”  нақлини эслатиб юборди. 5-синф ўқувчилари билан Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девнинг ўлими” романи бўйича ўтказилган тақдимот ҳақида эса кутубхоначи  бирорта ҳужжат кўрсата олмади. Гулнора Абдуллаева учинчи тақдимот қайси асар юзасидан ўтказилганлигини ҳам эслай олмади. Ваҳоланки, кутубхоначининг йиллик иш режасида китобхонлик бўйича анча яхши тадбирлар белгиланган экан. У янги йилдан кейин қизиқарли тадбирларни ўтказишни ваъдалаб, бизни тинчлантиришга уринди.

Гулнорахон янги ўқув йилида биргина Абдурауф Қоржововнинг “Қил устидаги тақдир” китобини ўқиб чиқибди. Сариқ адабиёт намунаси саналмиш бу асар унга қандай маънавий озуқа берди экан – билмадик. Айни кунларда Тоҳир Малик асарларининг мутолааси билан банд-лигини айтди. Лекин  ўқиётган китобининг номини эслолмади.

Янги ўқув йилининг  сентябрь, октябрь, ноябрь ойларида ўқувчиларнинг кутубхонадан  қанча китоб олиб ўқигани бўйича мавжуд статистика билан қизиқдик. Сентябрда кутубхонага 306 нафар ўқувчи кириб, 316 жилд, октябрь ойида эса 200 нафар ўқувчи мурожаат қилиб, 214 жилд, ноябрь ойида  140 нафар ўқувчи ташриф буюриб, 163 жилд  китоб олибди. Кўриниб турибдики, китобхонлар сони ошиши ўрнига камайиб борибди.

Кутубхона аъзоларининг формулярларини кўздан кечирганимизда, ўн ойлаб бирорта китоб олмаган ўқувчиларга кўзимиз тушди. Масалан, Севинч Очилдиева охирги бор кутубхонадан 2019 йил 21 февралда “Уч ҳақиқат” китобини олиб ўқиган. Кўпгина ўқувчилар икки-уч ойлаб кутубхонага оёғини босмаган. Мактабнинг энг китобхон ўқувчилари ўқиган китобларнинг сони ҳам кўпи билан 10 тага  етмайди. Ситора Исматова 9-“Б” синфда таҳсил олади. У “Ёш китобхон” танловининг мактаб босқичида иштирок этган. Қизгина билан суҳбат қурганимизда ўқиган китоблари 5 тадан ошмаслиги ойдинлашди. Ўзини мактабнинг энг китобхон ўқувчилари деб биладиган Юлдуз Сулаймонқулова, Маъмура Исмоилова, Ҳанифа Мусоқулова, Севара Худойқуловалар мутолаа қилган китоблар ҳам беш-ўнтанинг нари-берисида эканлиги маълум бўлди. Айрим ўқувчилар кутубхонадан хўжакўрсинга китоб олиб,  бирор саҳифасини ўқимай топшираётганлигига гувоҳ бўлдик. Масалан, Юлдуз Сулаймонқулованинг формулярида  француз адиби Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” китобини олиб ўқиганлиги рақам этилган. Ёш китобхон билан савол-жавоб қилганимизда сир очилиб қолди; китобни ўқимай топширганлиги маълум бўлди. Бундай кўзбўямачиликларга чек қўйиш учун кутубхоначининг ўзи китобхон бўлиши керак. Ҳар бир китобни ўқиб қайтараётган ўқувчи билан савол-жавоб қилиши, баҳслашиши, зарур бўлса, маслаҳат бериши керак.

Энг ачинарлиси, китоб марафонида ота-оналар ва ўқитувчилар томонидан кутубхонага совға қилинган ўнлаб китоблар жавонларда худди музей экспонатларидек  яп-янги турибди. Уларга ўқувчиларнинг қўли тегмаганлигини китобларни варақлаб кўриш асно ишонч ҳосил қилдик. Атоқли адибимиз Асқад Мухтор: “Китобларнинг сотиб олингани эмас, ўқилгани ҳисоб” деган эдилар. Биз  ҳам ҳассос адибимизнинг фикрларига қўшилган ҳолда китобларнинг совға қилингани эмас, ўқилгани муҳим деймиз.

 Суҳбатимиз адоғида:

— Ўқувчиларни китобхонликка қизиқтириш учун нима қилишимиз керак? — деган саволимизга кутубхоначи лом-мим дея олмади.

— Китобхонликнинг боши оилага бориб тақалади, —  дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Аллаёр Эшонқулов. — Бунинг учун ота-она ўзи китоб ўқиши керак. Ана шунда фарзандлари улардан улгу олади.

Албатта, бу фикрда ҳам жон бор. Лекин мактаб кутубхоналари янги бадиий адабиётлар билан тўлиб бораётган бир пайтда китобхонликни йўлга қўймаслик ношукурликдан бошқа нарса эмас. Кутубхоначи ношуд бўлса, филолог ўқитувчилар, мактаб раҳбарлари уни ўртага олиб, ёрдам қўлларини чўзишлари керак. Зеро, ўсиб келаётган ёш авлодни мутолаага қизиқтириш бутун бир педагогик жамоанинг муқаддас  бурчи саналади. Президентимиз ўтган йили ёзда Бўка туманида ташкил этилган Маданият ва маърифат экопаркини кўздан кечирган пайтларида шундай деган эдилар: “Ҳудудларга китоб етказиб бериш яхши. Лекин уларни ўқиш, ўқитиш етарли даражада эмас. Болаларимизни боғча ёшидан, бошланғич синфлардан кичик-кичик китобларга ўргатиш, шу орқали уларни китобсевар этиб улғайтириш зарур. Шундагина жамиятимизда китобхонлик муҳити шаклланади, бошқалар ҳам китоб ўқишга қайтади”.

Инчунун, бу гап юз фоиз ҳақиқатдир. Зеро, дониш- мандлар лутф этганларидек: “Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади”.

    Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish