«ЖАВОНДАГИСИ ЭМАС, ЎҚИЛГАНИ ҲИСОБ»

Газетамизнинг 2019 йил 7 декабрдаги (№ 95) сонида ушбу сарлавҳа остида танқидий мақола эълон қилинган эди. Унда Гулистон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонаси фаолиятидаги муаммо ва камчиликлар танқид тиғи остига олинган эди. Мақола юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдушокир АБДУРАҲМОНОВ имзоси билан расмий жавоб хати олинди. Унда хусусан, шундай дейилади:

“Танқидий чиқиш бошқарма “Дарсликлар ва адабиётлар” шўъбаси ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги Ахборот-ресурс маркази мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида ҳақи-қатан ҳам Гулистон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби  кутубхонаси ходимлари томонидан танқидий мақолада кўрсатиб ўтилган камчиликларга  йўл қўйилганлиги аниқланди.

Аниқланган камчиликлар вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари иштирокида Гулистон шаҳар халқ таълими бўлимининг 2019 йил 23 декабрдаги ишлаб чиқариш йиғилишида мактаб кутубхонасидаги муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди. 8-умумий ўрта таълим мактабидаги камчиликларни тезда бартараф этиш ва шаҳарнинг қолган мактабларида ҳам бундай камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида Гулистон шаҳар халқ таълими бўлимининг чора-тадбирлари ишлаб чиқилди ва шаҳардаги барча умумтаълим мактабларига етказилди.

Гулистон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонасидаги камчиликларни ўз вақтида олдини олмаганлиги, ишга масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун кутубхона ишлари бўйича масъул мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Аллаёр Эшонқулов огоҳлантирилди. Кутубхона ходимлари Гулнора Абдуллаева ва Сурайё Қамбароваларга мактаб директорининг 2019 йил 18 декабрдаги 138-сонли буйруғи билан “ҳайфсан” эълон қилинди.

Вилоят халқ таълими бошқармасининг 2019 йил 26 декабрдаги ишлаб чиқариш йиғилишида туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирларига “Сирдарё ҳақиқати” газетасида эълон қилинган “Жавондагиси эмас, ўқилгани ҳисоб” сарлавҳали танқидий мақолани вилоятнинг барча умумий ўрта таълим мактабларида ўрганиб чиқиш ва камчиликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди”.

You may also like...

Fikr bildirish