ГУЛИСТОНЛИК СЦЕНАРИСТ

Муқаддас Усмонова Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги “O’zbektelefilm” давлат унитар корхонасида “Режиссёр-муҳаррирлар гуруҳи” бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. У бир қатор кинолойиҳалар муаллифи. Улар орасида ҳужжатли, қисқа метражли ва тўлиқ метражли бадиий фильмлар, шунингдек, сериаллар ҳам бор.

Кўпчилик М.Усмонованинг воҳадошимиз, яъни асли гулистонлик эканлигини билмаса керак. У 1997 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. 90-йилларда бир муддат “Сирдарё ҳақиқати” газетаси таҳририятида ҳам фаолият олиб борган кезларида ҳам адабиётга меҳри, ижодга қизиқиши баландлигини намойиш этган, ўқишли мақолалари билан газетхонлар эътиборини тортган эди. Ана шу ижод сеҳри уни сценарийлар, шу жумладан, киносценарийлар ёзишга ундади ва ушбу йўналишда баракали ижод эта бошлади.

Олий илмгоҳни тамомлагач, бир неча  йил мобайнида Гулистон шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабида дарс берди. 2013 йили М.Усмонова қаламига мансуб “Ягонам” деб номланган бадиий фильм суратга олинди. Кейинчалик унинг сценарийлари асосида бир неча  ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар яратилди. Сўнгра муаллиф янада мураккаброқ жанрда қалам тебрата бошлади. Шуни эътироф этиш керакки, Муқаддас ижод жараёнида ҳамиша ўзининг Сирдарё  фарзанди эканлигини, номи жисмига монанд мўъжазгина Гулистон шаҳрининг одамлари, шаҳардаги жўшқин ҳаёт, ўзгаришлар унинг ижодига илҳом бағишлаганини ёдида тутар эди. Жумладан, 2017 йилда у “Гулистон бўстонга айланмоқда” деб номланган ҳужжатли фильмнинг сценарийсини ёзди. Фильмда кейинги йилларда вилоятимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ободончилик ишлари, яратилаётган обод гўшалар, маданий-маиший иншоотлар, янги уй-жойлар ҳақида батафсил маълумотлар берилган. 2018 йили  унинг сценарийси асосида “Жароҳат” — қисқа метражли фильм яратилди.

Айниқса,  2016-2017 йиллари суратга олинган — 2 фасл, 45 қисмдан иборат “Саодат” сериали  ижодкорни  нафақат мамлакатимизга, балки, дунёга танитди, десак, муболаға бўлмайди. Юқорида таъкидлаганимиздек, муаллиф ўз сценарийларида яхши инсонлар бўлган ҳамшаҳарлари прототипларини яратишни истайди. Бундай дейишимизнинг сабаби бор. Бу ҳақда келинг, яхшиси, муаллифнинг ўзи ҳикоя қилиб бера қолсин.

— “Саодат” сериалини 2002 йилда Гулистон шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабида ишлаб юрганимда шунчаки қисса тарзида бошлаб қўйиб, тугатолмагандим. Бошида икки хил номи бор эди: “Қарзнинг бадали” ва “Саодат”…

2015 йилнинг сўнгида  укам — ёш режиссёр Музаффар Эркинов “Опа, сериал ёза оласизми?” деб сўради. “Билмадим, балки ёзарман”, — дея иккиланиб жавоб бердим. Бир куни у қўнғироқ қилиб, “O’zbektelefilm” дан сериалга синопсис ёзиб бериш таклифи тушганини ва эртага ҳеч бўлмаса икки хил синопсис топширишимиз кераклигини айтди. Шунда куни билан ўйлаб, яхши ғоя келишини кутдим. Комедия жанридаги бир ғоя келди. Унинг синопсисини бир соатда ёздим. Ёзишга ёздим-у, лекин негадир мелодрама ёзишим кераклигини кўнгилдан ҳис этдим. Шунда ёдимга “Саодат” тушди ва ўзим ёзиб, сақлаб, йиғиб юрган сценарийларим орасидан уни қидириб топдим. Албатта, қўлёзмам фақат 25 бетдан иборат кичиккина қоралама эди. Аммо шу қоралама ундаги ғояни қайта эслаб олишимга ёрдам берди. Иккита сериал учун синопсисларни шу куннинг ўзида ёзиб топширдим. Бир ойдан кейин “O’zbektelefilm”дан қўнғироқ қилиб, “Саодат” деб номланган синопсис ўтганлигини, сериални ёзишни бошлашимни айтишди. Шу тариқа иш бошланиб кетди. Сценарийни икки ой давомида ёзганман. “Тошкент” телеканалининг бадиий кенгашига сценарий маъқул келган. Бироқ бу сериални 2016 йилда қабул қилинган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури бўйича суратга олиш зарурлигини айтиб, унга ўзгартиришлар киритишни тавсия қилишди. Яъни, қаҳрамонимиз Саодат сценарийда мактаб ўқитувчиси эди. Уни коллеж ўқитувчисига айлантириб, қизларни ёш турмушга беришга қарши курашиш масаласини қўшиш зарур бўлди. Бундан ташқари, Дониёрнинг опаси Гўзал опа акушер-гинеколог эди, скрининг ва перинатал марказларни қўшиш вазифаси топширилгач, уни скрининг маркази ходими қилишга тўғри келди. Қаҳрамонларнинг ҳаётийлигига тўхталадиган бўлсам, ёзувчими, драматургми, албатта, асар ёзаётганида ўзи кўрган ё эшитган воқеаларни, ўзи билган одамларнинг исмини баъзан ўзгартириб, баъзан шундайлигича қолдириб ёзади. Менда ҳам шундай бўлган, десам, тўғри бўлади. Аввало, сценарий ёзаётганимда менга вилоят Ички ишлар бошқармаси, перинатал ва скрининг марказлари шифокорлари, шунингдек, бошқа мутахассисларнинг маслаҳатлари керак бўлди. Авваламбор, ўзим гулистонлик бўлганим учун маслаҳатчиларни ҳам Гулистондан танладим. Бу ишда менга ўша даврда Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими катта терговчиси бўлган Баҳодир Ботиров, вилоят перинатал маркази катта акушер-гинекологлари Шаҳло Назарова, Маъмура Тошматова (мар-ҳум), скрининг маркази директори Дилором Омондуллаева, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрохирург шифокори Музаффар Ҳайдаровлар ўз маслаҳатларини аямадилар. 

Прототипларга келсак, чиндан ҳам улар бор. Биринчи прототип — Ҳанифа Содиқова — кичик ўғлимга доялик қилган акушер-гинеколог, айни ўша даврда Перинатал марказ раҳбари экан. Асардаги скрининг маркази бош шифокорига Дилором Омонуллаевна деб исм қўйдим. (“Омондуллаевна” сал ўзгартирилди). Бундан ташқари, сценарийда журналист Кабир аканинг исмини ҳам айнан олганман. Мен ўз иш фаолиятимни бошлаган 1990 йилда “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг масъул котиби лавозимида ишлаган шу инсоннинг хотирасига бағишладим, яна асардаги персонажларга ўша пайтда таҳририятда ишлаган Баҳорой опа, Алиқул акаларнинг ҳам исмини қўйдим. Лекин Алиқул аканинг исмини Олимжон ака деб ўзгартиришди. Шунингдек, мактабда ишлаган пайтларимдаги Азиз, Элёр ва Иззат деган ибратли ўқувчиларимнинг исмини ҳам асосий қаҳрамонларимга қўйганман. Бундан ташқари, кичик ролларда гинеколог-шифокорлар Шаҳло Назарова, Маъмура Тошматоваларнинг номларини ҳам қаламга олганман. Айни пайтда Тошкентда яшаяпман, лекин кўнглим ҳамиша Гулистонда. Чунки инсон ўзи туғилиб, ўсган, болалик ва ёшлик йиллари ўтган жойларини асло унутмайди. Яна қанча ижод қиламан, қанақа сценарийлар ёзаман, буни билмайман, лекин ишонаманки, кейинги ёзилажак сценарийларимда ҳам, албатта, гулистонлик қаҳрамонлар бўлишади. Гулистон ва гулистонликлар мен учун ҳамиша  қадрли.

2019 йил бошида “Саодат” ўзбек сериаллари ичида биринчи бўлиб қўшни Қозоғистон давлати томонидан сотиб олинди ва томошабинларга намойиш этилди. Энг қувончлиси, сериал ўтган йилнинг сентябрь ойида бир йўла иккита халқаро совринни қўлга киритди. Киносериал ижодкорлари Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган “Славян эртаги” VII халқаро кино-телефестивалда учта номинацияга эга бўлишди: “Энг яхши режиссёрлик иши” номинациясида ГРАН-ПРИ соврини,  шунингдек,  “Энг яхши сценарий” ва “Энг яхши оператор” номинациялари бўйича ғолиб бўлишди. Бундан ташқари, ижодий жамоа ўтган йили сентябрь ойида Молдованинг Кишинёв шаҳрида ўтказилган “ТЭФИ-Ҳамдўстлик” IX халқаро фестивалида ТЭФИ мукофотини қўлга киритганлиги ҳаммамизни беҳад қувонтирди. 

Ўтган  йили таниқли ёзувчи Тоҳир Малик ва Муқаддас Усмонова ҳаммуаллифлигида ёзилган “Авлоний” — тарихий бадиий фильм суратга олинди ва томошабинларга туҳфа  қилинди.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг октябрь ойида  М.Усмонова қаламига мансуб “Дилозор” номли 2 фасл, 60 қисмдан иборат янги сериални суратга олиш ишларига тайёргарлик бошланди. Сериал 2021 йилда томошабинларга тақдим этилади.

Истеъдодли киносценарист Муқаддас Усмоновага янги йилда ҳам омад ёр бўлишини, замонамиз қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилувчи янги  асарлар — сценарийлар ёзишини тилаб қоламиз.

Холида ПАРДАБОЕВА.

Суратда:  гулистонлик киносценарист Муқаддас Усмонова (чапда) Маданият ва марифат канали мухбири, журналист Шаҳноза Қурбонбоева билан.

You may also like...

Fikr bildirish