ЮНУСОВНИНГ МЕҲР ОФТОБИ

Ҳассос адимиз Абдулла Қаҳҳор лутф этганларидек: “Одам ҳам ғўзага ўхшаб офтобга интилади, унинг офтоби одамдан кўрадиган меҳр-оқибати”. Қаҳрамонимиз Ҳакимжон Юнусовдан Боёвут туманидаги 49-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ҳам меҳр-оқибат ва саховат кўрмоқда.

“Саховатсиз киши — ёғинсиз абри баҳор…” Яъни ҳазрат Мир Алишер Навоий саховат қилмайдиган кишини ёғинсиз баҳор булутига менг-зайди.

“Халқнинг етуги сахий кишидир, сахийлик шараф, мартаба ва камолотингни  орттиради”, дейди Аҳмад  Югнакий.

“Саховат шундай бир сифатки, уни доим мақтов ила ёд этурлар”, дейди миллатимиз улуғларидан яна бири Маҳмуд аз-Замахшарий.

Афсус-надоматлар бўлсинки, кейинги пайтларда миллатдошларимиз орасида бундай хислатли кишилар сони кескин камайиб кетди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда халқ нонини туя қилаётган кимсалар ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилмоқда. Бундай кезларда халқим, элим, деб ёниб яшаётган, топганини ўсиб келаётган ёш авлод камолоти учун сарфлаётган саховатли инсонлар қиёфаси беихтиёр  кўз олдимизга келади. Дунёни ушлаб турган асл инсонлар аслида шулар-да!

Биз “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бошқаруви раиси Ҳакимжон Юнусовнинг саховатли ишлари ҳақида аввал ҳам ёзган эдик. Мазкур мавзуга яна бир бор қўл уришни жоиз деб билдик. Саховатли инсонлар ҳақида керак бўлса, ҳар куни ёзиш лозим деб ўйламиз. Чунки доно халқимизда қовун қовунни кўриб ранг олади, чиллаки чиллакини кўриб, чумак уради, деган нақллар бор. Зора саховатли ишларга бел боғлаш арафасида турган юртдошларимиз бу инсондан ўрнак ва намуна олсалар.

Янги йил арафасида Ҳакимжон Юнусов яна ўзи таҳсил олган Боёвут туманидаги 49-умумий ўрта таълим мактабига йўл олди. Бу гал ҳам мактаб педагогика жамоаси, ота-оналар ва ўқувчилар уни пайғамбардек сию сийпат билан қарши олишди. Чунки саховатли инсон арча ва унинг безаклари, тунчироқлар, байрамга кўрк бағишловчи дюралайт ёритқичлари ҳамда янги йил баннерлари билан мактабни безаб қўйди. Айниқса, тунда қишлоқ мактабининг ҳовлиси шаҳарлардагидек чароғонлик касб этиб, барчанинг ҳавасини келтирди.

Ҳакимжон Юнусовнинг ташрифи дастлаб Мингтерак қишлоғидаги боқувчисини йўқотган Полвоновлар оиласидан хабар олишдан бошланди. Чўлни ўзлаштиришда жонбозлик кўрсатган Маъруфжон Полвонов бундан ўн йиллар муқаддам оғир хасталикдан вафот этган. Оиланинг икки фарзанди — Маъмуржон ва Сухробжон болаликдан ногирон. Аввало, оила бекаси ва йигитчалардан кўнгил сўралди. Сўнгра Янги йил совғалари инъом этилди.

Сўнгра мактабда Янги йил байрами тантаналари бошланди. Ҳакимжон Юнусов анъанага содиқ қолиб, иккинчи чорак якунларига кўра, нуфузли комиссия томонидан аниқланган  “Энг юқори натижа кўрсатган ўқувчи” танлови ғолиблари — 10-11-синф ўқувчилари  Шоҳбоз Исломжон ўғли Абдусамадов ҳамда Сардор Анваржон ўғли Пармонқуловларга ўз шахсий жамғармаси ҳисобидан 500 000 сўмдан пул мукофоти ва биринчи даражали дипломларни тантанали равишда топширди. Яна бир аълочи ўқувчи Дилёр Зафаржон ўғли Фармонқуловга эса 150 000 сўмлик бадиий китоблар инъом этилди. Саховатпеша инсон яна уч нафар ўқитувчи — Наргиза Каримжонова, Сардор Норқулов ва Диёр Пармонқуловларни “Энг яхши ўқитувчи” номинацияси ғолиблари сифатида диплом ва эсдалик совғалари билан сийлади.

Яна бир ажойиб хусусият: Ҳакимжон Юнусов ҳар гал бундай тадбирларга миллатимиз ойдинларини таклиф этишни канда қилмайди. Бу сафар вилоятимиз шоирларининг пешқадами Ҳаёт Шодмон мактаб жамоасининг азиз меҳмони бўлди. Бадик шоир ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарга ўзининг бахшиёна шеърлари билан кўтаринки кайфият бағишлади.

— Мактабимиз собиқ ўқувчиси Ҳакимжон Юнусов жорий этган стипендиялар ёшларимизни билим олишга бўлган қизиқишларини кескин ошириб юборди, — дейди 49-умумий ўрта таълим мактаби директори М. Мирзаев. — Бунинг сабаби оддий. Инсон, айниқса, энди ўсиб келаётган ўғил-қизлар ўз меҳнатларининг қадрланишини билсалар, олдиларига қўйилган мақсад сари жоним-отим интиладилар.

Вилоятимизда Ҳакимжон Юнусов каби саховатпеша инсонлар қанча кўпайса, халқ таълими тизими шунча равнақ топади. Зеро, мамлакатимиз келажагини бугун мактаб парталарида ўтирган йигит-қизлар белгилар экан, уларнинг униб-ўсиши, камолотга етиши, иқтидор касб этишида ҳотамтой инсонларнинг ҳам албатта, муносиб ўрни бўлади.

 Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish