КЎМАКДАН КЎНГИЛЛАР ШОД

*Сайёр қабул

Ҳар бир раҳбар халқ дардини эшитиб, фуқароларнинг муаммоларини ечиб, уларнинг турмуш шароитини яхшиласа зиммасидаги масъулиятни адо этиб, эл-юрт ишончини оқлаган бўлади. Бу анъанага айланиб қолган сайёр қабулларда яққол намоён бўлаяпти.

Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси Ғофуржон Мирзаевнинг навбатдаги сайёр қабули Сардоба тумани “Қўрғонтепа” маҳалласида бўлиб ўтди. Маҳалла аҳолиси билан бўлган ўзаро суҳбатда фуқароларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар аниқланди.

Ана шундай муаммолардан бири – электр энергияси таъминотидаги узулишларни бартараф этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга қатъий топшириқ берилди.

Ичимлик суви тақчиллигини ҳал қилиш бўйича белгиланган ишларни дастур лойиҳасида кўрсатилган муддатдан олдин, яъни яқин кунларда бошлашга келишиб олинди. Маҳалла ҳудудидаги йўл ва кўчаларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакчалари барпо этиш, симёғочларни янгилаб, ёритиш чироқлари ўрнатиш вазифалари тегишли ташкилотлар раҳбарларига қатъий белгилаб берилганида маҳалла аҳлининг кўнгиллари ёришиб, шодон олқиш қарсаклари янгради.

Шунингдек, ҳудудга оқар сув олиб келиш учун эскирган лотокларни янгисига алмаштириш, зовурларни тозалаш, маҳалланинг асосий кўчаси бошидаги кўприкни таъмирлаш ва бошқа кўплаб юмушларни ҳал этишга шу куннинг ўзидаёқ киришилди.

Сайёр қабули кунида маҳалладаги камтаъминланган оилаларга, ногиронлиги бор фуқароларга совға-саломлар топширилди.

Шуниси қувонарлики, вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаевнинг сайёр қабулига мушкулларига нажот излаб келган фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар бир кундаёқ бартараф этилганидан кўнгиллари шод бўлди, вужудларини эртанги фаровон кунларга  ишонч туйғуси чулғаб олди.

Беҳзод МАВЛОНОВ.

You may also like...

Fikr bildirish