“БЕК” БРЕНДИ БИЛАН — ЕВРОПАГА

“Bek” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси Европа давлатларига маҳсулот экспорт қилиш учун “GLOBAL G.A.P” сертификатига эга бўлди.  Ушбу сертификат маҳсулот етиштириш, қадоқлаш, сақлаш ва истеъмолчига етказиш  жараёнлари  хавфсизлигини  англатади. 

Қўшма  корхона  замонавий  индустриал  технологиялар билан  жиҳозланиб,  қишлоқ  хўжалиги  маҳсулотларини  ишлаб  чиқаришга  ихтисослашган.  Маҳсулотлар  ички  ва  ташқи  бозорга  “Бек”  бренди  билан  тақдим  этилади.  Корхонанинг  кунлик  ишлаб  чиқариш  қуввати  40  тонна қишлоқ  хўжалик  маҳсулотларини  қайта  ишлашни  ташкил  этмоқда. 

2018  йили  Жанубий  Корея  технологияси  асосида 11  гектарлик  гидропоника  иссиқхонаси  қурилди.  Лойиҳанинг  қиймати  10 миллион  АҚШ доллорига тенг  бўлиб,  бу  ерда  йилига  2 минг  тонна  сабзавот  етиштирилади.  Эътиборлиси,  маҳсулотлар  тўлиқ  экспортга  йўналтирилган. 

 —Корхонамиз  маҳсулотларини  хорижга  экспорт  қилиб  келмоқдамиз, — дейди  корхона  раҳбари  Ботир  Исмоилов.  — Эндиликда  Европа  давлатларига  чиқишни  ният  қилдик.  Бунга  имконият  берувчи  “GLOBAL  G.A.P” сертификатини олиш  жараёни  мураккаб  бўлиб, бир  йилга  яқин вақт кетди.  Албатта,  жараёнда  “Ўзстандарт”  агентлиги  ҳодимларининг  хизмати  катта. Сертификатга  эга  бўлишимиз    ишлаб  чиқаришда  интизом,  тозалик ва  маҳсулот  сифати  ошишига  ижобий  таъсир  қилади.  Шунингдек,  маҳсулот  баҳоси  юқорилайди. 

 Айтиш  мумкинки,  ушбу  халқаро  сертификат   мамлакатимизда  бугунгача  40  та  корхона  маҳсулотларига    тақдим  этилган.   Жумладан,  Сирдарё  вилояти  ҳудудида  жойлашган  иккита  корхона   маҳсулотларига  берилган.  

 Шу  куни  вилоятнинг   яна  бир  ишлаб  чиқариш  корхонасига  озиқ  – овқат  хавфсизлиги  сертификати  топширилди.  Мирзаобод  туманида  жойлашган  “Деҳқонобод  асл  анори”   ишлаб  чиқариш  кооперативи  анор  шарбати  ишлаб  чиқариб  келмоқда.  Корхона  2017  йилда  ташкил  этилган  бўлиб,  унга   5  та  фермер  хўжалиги  ва   30  та  деҳқон  хўжаликлари  бирлашган.  1  миллиард  700  минг  сўмлик  гранд  асосида  Австрия  давлатининг  Креузмайр технологияси  асосида  маҳаллий  анор  мевасидан  шарбат  ишлаб   чиқарилмоқда.   Корхонада  бир  соатда  500  килограмм маҳсулот ишлаб чиқариш  имконияти  яратилган.

Озода  МАМАДАЛИЕВА.

You may also like...

Fikr bildirish