Иштирокчилар дори-дармон нархларига норозилик билдиришди: “Биз сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз”.

Шу шиор остида “Адолат” СДП Янгиер шаҳар Кенгаши томонидан сайловолди тарғибот тадбири ташкил этилди. “Янгиер маданият ва истироҳат боғи”да бўлиб ўтган тадбирда партия фаоллари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари – ўқитувчилар, шифокорлар, тадбиркорлар, талабалар иштирок этишди.

Аҳолини сифатли дори-дармонлар билан ўз вақтида таъминлаш, қалбакилаштирилган дори воситалари сотувига чек қўйиш каби масалалар хамон долзарблик аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Олдимизда бу борада талай вазифалар турибди. Айнан партиянинг бу борада олиб бораётган ташвиқот ишлари, сайловолди дастурида илгари сураётган ғоялари келгусида мамлакатимизда соҳа муаммоларини  бартараф этиш учун замин хозирлайди.  Партиянинг Янгиер шаҳар Кенгаши раиси Фарход Расулов муаммолар бўйича гапирар экан, бу йўлда оғишмай ҳаракат қилиш партиянинг бирламчи мақсад ва вазифаларидан эканлигини таъкидлади. Ўз навбатида турли соҳа вакиллари бўлган иштирокчиларни партия билан бирдамликда ҳаракат қилишга чорлади. Иштирокчиларнинг аксарияти томонидан бугунги кунда дорихоналарда дори воситалари нархлари турлича эканлиги, баъзилари эса кескин тафовут билан фарқланиши сабаб халқ бундан қийналаётганлигини билдиришди. Шунингдек, дори воситалари нархлари барқарорлашмас экан , бу мудом аҳолининг норозилигига сабаб бўлиб қолаверишини уқтириб ўтишди. “Аксарият дорихоналар хусусий мулк эгалариники. Улар ўзлари хоҳлагандек нарх белгилашмоқда. Масалан, “кюпен”, “но-шпа”, каби дорилар ҳудудимизда турли нархларда сотилади. Менимча, нархларни белгилашда назорат тартиби ўрнатилиши керак, – дейди фуқаро Мўътабар Худойқулова.

Шунингдек, митингда қалбакилаштирлган дори воситалари ишлаб чиқаришга қарши курашиш, чет давлатлардан импорт қилинишда кучли текширув асосида қабул қилинишига аҳамият қаратиш, уларнинг ҳар томонлама сифати кафолатланганлигига эътибор бериш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Тадбирга йиғилган тадбиркорлар ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ишлаб чиқараётган дори воситаларини сифат жиҳатидан кўтариш учун бор имкониятларини ишга солишаётганлигини маълум қилишди. Вилоятда муҳим ҳисобланган “Сирдарё фарм эркин иқтисодий зонаси” таркибида фаолият юритаётган фармацевтика корхоналари ишлаб чиқараётган дори воситалари ҳам бунга амал қилиши лозимлиги белгиланди.

Тадбир давомида санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Митинг қатнашчиларини руҳлантирган ташаббус ва ғоялар уларнинг шўх ва дилрабо рақсларида акс этди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

You may also like...

Fikr bildirish